Мамлакатимизда кечаётган беқиёс яшариш, буюк эврилиш ҳар бир соҳага ислоҳ киритмоқда. Масалага шу нуқтаи назардан қарасак, мафкуравий соҳа бирмунча оқсаб қолганини сезиш қийин эмас.
Тарихимиз оғир тарих. Қонли истилолар руҳимизда битмас-туганмас жароҳат қолдирган. Агар биз ўша босқинлар замирига назар ташласак, ўша истилолар арафасида халқ ўз ҳолига ташлаб қўйилганига, мислсиз хиёнатларга гувоҳ бўламиз.
Ўзбек халқи иймони бутун халқ. Биринчи Президентимиз ҳақ гапни айтган: ичимиздан сотқин чиқмаса, ҳеч ким бизни енга олмайди!
Тарихнинг гувоҳлик беришича, ҳар бир истило халқ хотирасида ўнгланмас асорат қолдиради. Ҳозирги авлод буни оқпошшо истилоси, айниқса, шўро сиёсати, коммунистик мафкура зулми мисолида яққол кўриши мумкин. Албатта, ўтган тарихий силсилалар миллий ўзлигимизга етказган зиён ва тушунчалар ҳамон онг остида яшаб келаётир. Ҳалиям миллатнинг қони тоза, иймони саломат эканки, мудом аслини сақлаб келди. Ҳолбуки, тарихда қанчадан-қанча халқлар тилларини йўқотибгина қолмай, ўзи ҳам йўқ бўлиб кетган. Бунга бир мисол. Ҳазар денгизи бўйида қадимда Ҳазар салтанати бўлган. Ундан бугун урвоқ ҳам қолган эмас.
Биласиз, лотин тили ўз замонида кўплаб тамаддунга бешик бўлган. Қани у, ҳозир? Уларни емирган бегона маданиятлар, ёт урф-одат, яъни экспанцион мафкуралар. Бугун тобора глобаллашиб бораётган, биздан фарзандларимизни тортиб олишга уринаётган “виртуал дунё”да биз бир миллат сифатида ўзлигимизни, ота-боболаримиз тутган тутимни сақлаб қолишга ҳам руҳан, ҳам маънавий тайёрмизми?! Етти ёт мафкуравий тазйиқларга қарши қандай чоралар қўлламоғимиз керак?
Маълумки, миллий маслак ва бир бутунлик аввало, оммавий ахборот воситалари — газета-журнал, радио ва телевидение, шунингдек, адабиёт, театр ва маориф, айниқса, кинематография таъсирида шаклланади. Албатта, мўътабар динимиз, мумтоз наволар, куй-қўшиқ, тасвирий санъат шу маслакни тараннум этмоғи лозим. Шундагина биз бир халқ, бир миллат бўлиб, Озодликни, Ватанни ардоқлаб, узоқларни кўзлаб ёниб-яратиб яшаймиз. Мақоламиз бир неча қисмдан иборат бўлиб, унда миллий ўзликни ифода этувчи ҳар бир йўналишга алоҳида тўхталамиз. Қуйидаги мухтасар қайдлардан кўзланган мақсад шу тилак меваси.
Она тилимиз ҳукумат аралашувига муҳтож
Бугун давлат тили ҳукумат аралашувига муҳтож. Негаки, айнан давлат идораларида ҳали-ҳамон рус тилида иш юритилади. Табиийки, бу ҳол маънавий жиҳатдан тугал озод бўлолмаётганимизни кўрсатади. Зеро, тил миллий давлатчиликнинг асосий унсури бўлиб қолмай, халқнинг, миллатнинг ўзига бўлган ҳурмати миқдорини ҳам ифода этади. Шу ўринда маърифатпарвар бобомиз Алихонтўра Соғунийнинг қуйидаги фикри эътиборга молик: “Арабча, форсийчаларни ёзиш-сўзлашгина эмас, балки, бу икки тилда китоб ёзиш, шеър айтиш қобилияти менда бўлса ҳам, ўз туркий она тилимни бошқа тиллардан ортиқроқ кўрдим. Чунки, қайси бир миллатнинг она тили ўз ҳожатини ўтаёлмай, бошқа ёт тиллар олдида мағлубиятга учраб тиз букар экан, ундай миллат кўп узоқламай, инсоний туйғуларидан ажраган ҳолда ҳаёт дафтари устига инқироз қалами чекилиши шубҳасиздир.
Ундай миллатлар ёлғизгина Ватанларидан эмас, балки бутун борлиғи билан тарих юзидан йўқолишга мажбур бўлади”. Бу ҳаётда ўз тасдиғини топган ҳақиқатдир. Шу боис миллий манфаатлари тўкис таъминланган деб айтилувчи АҚШда ҳам бу масалага жиддий эътибор қаратилган. Хусусан, йирик сиёсатшунос Патрик Бюкенен Америка инқирози ҳақида гапириб, бир ўринда шундай дейди: “... Мамлакат мактабларида фақат инглиз тилида дарслар боришини талаб қилишимиз шарт. Чунки икки тиллилик, маълум маънода бир давлат ҳудудида икки маданият, ҳатто икки мамлакат борлигини англатади.... ”.
Биз дунё тилларини билиш, ўрганиш яхши фазилат эканини қайд этган ҳолда, она тили ҳар бир миллат учун улуғ ва мўътабар эканини таъкидламоқчимиз. Демак, ҳар бир инсон унинг софлигини асраш ва янада бойитиш учун курашмоғи лозим.
ХIХ асрда Абулғози Баҳодирхоннинг “Шажараи турк” асарини рус тилига таржима қилган академик Скобелев унга ёзган сўзбошисида рисоланинг Петербург матни нисбатан аслига яқин эканини таъкидлайди. Европадаги учта кутубхонада сақланаётган қўлёзмалар эса форс ва араб сўзлари билан “бойитилган”ини айтади. Ҳолбуки, Баҳодирхон, дейди академик, бу китоб ҳаммага тушунарли бўлиши учун жуда содда ва халқчил тилда ёздим, деб изоҳ берган...
Бундай ҳол ҳаттотлар “ўйини” бўлиб, у ғараз билан қилинганини англаш қийин эмас, албатта. Мана шундай йўл билан ўтган аср давомида тилимизга қанчадан-қанча сўз ва атама кириб келиши, ўйламай-нетмай уни истифода этиб юборишимиз масала қай даражада жиддий эканини кўрсатади. Энг ёмони, мазмуни мавҳум ясама сўз ва атамалар ҳақиқий туркий сўз, атама ва ибораларни муомаладан ситиб чиқармоқда. Масалан, пойқадаминг ёқди, дейишади. Нима дегани, бу? Оёқ-қадаминг ёқди, демоқчими? Қадаминг қутлуғ экан, деса бўлмайдими?
Ҳафта кунларининг номланишини олиб кўринг... Нима туркий халқлар шунча қадимий бўлган ҳолда ўз тақвимини яратмаганми? Кунларни номлаш эсидан чиқиб кетганми? Ёки форсий тил сарой тили, назм ва нафосат тили деб унга сеҳрланиб қолганми?.. Ҳолбуки, дунёдаги энг кўркам ва нафосатли тил ҳазрат Навоий, Шайбонийхон, Абдулла Қодирий, Фитрат, Чўлпон, Рауф Парфининг камалакдек товланувчи жозибали тилидир. Аммо бугун биз қўллаётган тахта — она тилимизда оғоч, пахта — момиқ, ғишт — кирпич дея аталишини ёшларимиз деярли билмайди. Бундан ташқари, бугун биз ўзга тиллардан “қарз”га олиб ишлатаётган юзлаб сўзларнинг соф ўзбекча бир неча муқобили мавжуд. Бу каби ҳолатларнинг олдини учун ҳар биримиз она тилига масъул бўлмоғимиз зарур.
Бир вақтлар ҳукумат қошида Атамақўм бўлар эди. Бугун унга эҳтиёж яққол сезилмоқда. Шу маънода, тил билан шуғулланадиган махсус комиссия тузилиб, унинг зиммасига матбуот ва бошқарувда ишлатилаётган сўзларни назорат қилиш ҳамда мазкур жабҳалар тилини софлаштириш вазифаси юкланса, ўйлаймизки, мақсадга мувофиқ бўлади. Негаки, тил масаласига барча замонларда ҳам миллатнинг ҳаёт-мамоти сифатида қараб келинган. Навоий бобомиз бутун ҳаётини шу йўлга бағишлагани, бу бежиз эмас, албатта. Бу улуғ зот “Турк назмида чу мен тортиб алам, айладим ул мамлакатни якқалам” деганида айнан ўхшаши йўқ она тилимизга меҳр-муҳаббатини изҳор этганди.
Биз ўз тилимизда сўзлашдан истиҳола қиладиган даражага тушиб қолмаслигимиз керак. Шиддатли замон эса бизнинг бу майлимиз билан ҳисоблашиб ўтирмайди. Тил бобида жаҳонда кечаётган глобаллашув жараёни жўн ва беозор ҳодиса эмас. Етакчи тилларнинг гегемонлашуви нафақат ўзга тиллар ривожига, балки туб жой аҳолининг таълим, маданият ва маърифат борасидаги ислоҳотларига ҳам салбий таъсир кўрсатмай қолмайди. Биз бунга гувоҳ бўлиб турибмиз. Ўзбекча талаффуз бузилиб кетаяпти. Теле ва радио бошловчилари ўзбекча талаффуз қоидаларига риоя этмайди. Улар тилимиздаги лутф, самимият ва латофат каби инжа санъат ҳақида ўйлаб ҳам кўрмайди.
Мана, бир неча йилдирки, Санкт-Петербургда “Говорите правильно” деган лойиҳа ишлаб келади. Бу Москвада ҳам кенг қанот ёйган. Россия Федерациясида нутқ маданияти бўйича Кенгаш ҳам қатъий фаолият кўрсатмоқда. Ўн икки йилдирки, сўкиниш маъносидаги сўзларни ишлатганлар жаримага тортилади. Шундай қонун мавжуд.
Францияда эса, ўттиз йилдирки, миллий тилни асраб-авайлаш бўйича қонун иш кўради. Унга нисбатан ҳурматсизлик кўрсатса, ким бўлишидан қатъи назар қонун олдида жаримага тортилади. Белгиланган тартибга кўра, кўчадаги ёрлиқлар миллий тилда ёзилади. Давлат телеканаллари деярли Америка киноларини намойиш этмайди, уларнинг қўшиқларини бермайди...
Бизда-чи?! Телевизорни очинг. Эрталабдан қора кечгача Голливуд, Болливуд, корейс, хитой фильмлари. Нега шундай?.. Афсуски, бунга ҳаммамиз кўникиб кетганмиз. Миллат тўлақонли бўлса, теварак-атрофда рўй бераётган воқеа-ҳодисаларни идрок этиш, нотинч ва долғали замонда содир бўлаётган кулфат ва мислсиз фожиалар илдизига бориб етиш, ундан ибратли хулоса чиқариш бобида ҳам уйғунлик ва бир бутунлик ҳукм суради. Умумийлик асосини эса фикримизни баён этувчи она тили ташкил этади. Ҳар бир миллат ўз она тилида ўйлайди, воқеликни мушоҳада этади. Нуқтаи назар шундай шаклланади.
Адабиёт ва санъат ҳам, илм-фан ҳам, давлат бошқаруви тизими такомили ҳам, умуман, тараққиёт мазкур умумийлик ва интилиш ҳосиласидир. Шу ўринда “Изоҳли луғат”да “тафаккур” сўзига берилган таърифни эслаш жоиз. Айтишларича, у — “тушунча” ва “ўйлаш”. Наҳот тилимиз шунчалар қашшоқ бўлса? Мана, ҳолимиз-аҳволимиз. Озодликка чиққанимизга 26 йил бўлмоқда. Аммо тилимизнинг илмий-ифодавий қатлами ҳамон шаклланган эмас. Бу ҳақда ўйлаб ҳам кўрилмаётгани ачинарли, албатта. Тан олайлик, бугун тилимиз адабиёт ва санъат оламида мавжуд, холос. Бу тилда на фалсафа, на тарих, на журналистика ва на илм-фан яратилгани йўқ.
Бизда толерантлик, инсонпарварлик туйғулари ғоятда кучли. Бу кишиларимизнинг оқкўнгил, меҳридарё ва бағрибутунлигидан далолат беради. Бу кўп ижобий фазилат.
Шу ўринда айтиш керакки, глобаллашаётган ҳозирги замонда менталитетимизга, миллий турмуш тарзимизга, азалий қадриятларимизга зид бўлган турли “янгилик”лар, бузғунчи ҳаракатлар таъсири фавқулодда кучаймоқда, Бу ҳам миллиятга раҳна солади. Айниқса, у мафкура ташувчи унсур бўлса, янада хатарли. Бунга 9 май байрами – Хотира ва Қадрлаш куни арафасида кўкракларимизга тақиб олган Георгий ленталарини мисол тариқасида келтиришимиз мумкин. Унинг тарихи ХVIII асрда Чор Россияси ва Усмонли армияси ўртасидаги урушга бориб тақалади. Ўшанда руслар Авлиё Георгийни паноҳ билиб, мазкур лентага топиниб жангга киришган. У мутлақ христиан дини характеридаги тотем (белги) бўлгани учун худосиз коммунистлар ўз вақтида уни тақиқлаган. Собиқ Иттифоқ инқирозга юз тутгач, 1992 йили бир гуруҳ миллатчи шовинистлар уни Иккинчи жаҳон уруши билан боғлаб яна одамлар онгига сингдирди. Демоқчи бўлаётганимиз, ҳар бир нарсанинг илдизига қараб хулоса чиқариш лозим.
Жўғрофий атамалар, мамлакатлар ва ўзга шаҳарлар номини тилга олишда ҳам эски тушунча ҳукмрон. Масалан, Фаластин, Исроил, Сурия каби давлатлар жойлашган Осиё қитъасининг ғарбий қисмини биз ҳам “Яқин Шарқ” деб келамиз. Ёки “Шарқий Европа” ва “Ўрта Шарқ” атамаларини олайлик. Нима учун “Ғарбий Осиё” ёки “Марказий Европа” демаймиз? Назаримизда, булар ахборот тилида қабул қилинган меъёр-эталонга ўхшайди. Аслида, миллий тафаккур шу оддий нарсалардан шаклланмайдими?
ОАВ тилида “яқин хориж”, “узоқ хориж”, “янги хориж” ибораларини қўллаш тўғрими? Иккичидан, Россия учун Болтиқбўйи жўғрофий жиҳатдан “яқин хориж” бўлиши мумкин. Аммо биз учун “бир тошлик” йўл-ку!
Бу каби масалалар жўн ва оддий туюлиши мумкин, бироқ миллий тафаккур камол топишига тўсқинлик қилади. Миллат миллат бўлса, унинг тили ўз муносабати ва нуқтаи назарини ойдин ифода эта олиши лозим. Биз дунёга ўз кўзимиз, ўз сўзимиз ва ўз фикрлаш тарзимиз билан нигоҳ ташлашимиз керак.
Маданият ва санъатда “ўтин ёраяпмиз”
... Жамоага бирлашган одамлар хавфсизлиги ва турмуш фаровонлиги ҳукумат, шунингдек, амалдаги қонунлар зиммасида. Дин, маърифат, адабиёт ва санъат, илм-фан эса, гарчи унчалик босим ўтказмаса-да, аслида қонундан кучлироқдир. Булар кишанларни гуллар билан безаб туради, эркинлик деб аталмиш азалий ҳиссиётни ўт олдирмай, муте ҳолидаги кишиларни кўрган кунига шукр қилиб, ҳаётни севиб яшашга ундайди. Бу эса уларни маданийлашган халқлар қаторига қўшади... Бу истеҳзо Жан-Жак Руссога тааллуқли. У санъат ахлоқнинг покланишига ёрдам бера олмайди, деган қараш тарафдори эди. Қолаверса, у яшаган замон ва мавжуд иқлим адиб шундай қарор қабул қилишига замин яратган. Бироқ орадан кўп ўтмай буюк Толстой ҳам мусиқа ҳақида фикр юритиб, (бу ўринда гап бачкана мусиқа ва қўшиқ ҳақида) у қалбни ўтмаслаштиради, дейди ва кинояли тарзда қўшиб қўяди: Галиция князларидан бири қаерда қул кўп бўлсин десанг, у ерда мусиқага куч бер, деган. Лекин ўлаётиб қулларни бошқаришдан чарчадим, дея тан олган... Бу ўринда икки файласуф ёзувчи ҳам халқ ва миллатнинг шаклланишида юқоридаги унсурларнинг ролини инкор этмаган ҳолда бир хил фикрни айтмоқда. Яъни, Чингиз Айтматов таъбири билан айтганда, манқурт билан буюк давлат ҳам, фаровон жамият ҳам қуриб бўлмайди. Биз тикламоқчи бўлаётган жамият негизини эса авом раият эмас, онгли фуқаролар ташкил этмоғи керак. Шундай экан бу жабҳадаги ислоҳотлар қуйидагиларда кўринади. Мусиқа, кино ва шоу-бизнес.
“Юлдузлар” ширкати
Бугун мусиқа ва қўшиқчиликдаги сиёсатимиз хийла издан чиққан, десак янглишмаган бўламиз. Худди қўзиқориндай бодраб чиқаётган хонандаларнинг адоғи кўринмайди. Сочи силлиқ таралган, қулоғига ҳалқа тақиб, тор шим кийган, жинси одамда шубҳа уйғотувчи бу тоифа қаёқдан пайдо бўлаётир. Телеэкранлар шу “бойвачча”лар билан банд. Кўнгилочар газеталар “замонамиз қаҳрамонлари”ни “эстрадамиз юлдузи” деб олқишлайди. “Юлдуз” эса беҳаёларча сизга қадалиб қарайди ва қўлини бигиз қилиб беўхшов қўшиқ айтади.
Хўш, уларни ким илҳомлантирмоқда? Гоҳида, бир пайтлар биз миллий эталон сифатида қараган Фарҳодмонан, жасоратли, кучли-қудратли, ёки бўлмаса, Отабекдек тарбия кўрган ва бу хислат юз-кўзида силқиб турган йигитлар, нима, ўтмишда қолдими, деб ўйга толасан, киши. Болаларимизга бундай беҳаё қилиқларни, чиройли қилиб кўрсатаётган сўхтаси совуқларга тўзим борми, дегинг келади. Уч-тўрт алмойи-алжойи хониши билан кўриниш бергач, катта экранга чиқиб, ақл ўргатади. Тарихи неча минг йилдан зиёд бу улуғ халққа қандай яшамоқдан “сабоқ” беради, ҳатто алқаб дуога қўл очишга ундайди. Хўш, бу “оммавий маданият”нинг нима ҳаққи бор бундай қилишга. У кимнинг арзандаси, ўзи? Албатта, бундай ғазаб ҳозир аксарият кўпчиликнинг юрагида тўлиб тошмоқда. Зероким, пичоқ бориб суякка қадалди.
Бугун қўшиқчилик телевидение орқали ўз атрофига энг катта аудиторияни йиға олиш имконини намоён этди. Демак, ёшлар тарбиясига унинг таъсири жуда катта. Шундай экан, жамоатчилигимиз қўшиқчилик ҳақида экран маданияти, шоу тадбирлар ва радиотўлқинлар, айниқса, арзонгаров дисклар орқали тарғиб этилаётган майнавозчиликлар ҳақида жиддий ўйлаб кўрмоғи лозим. Биринчидан, ижрочининг овози, маҳорати, ахлоқ-одоби, қолаверса, бадиий тафаккурини кўрикдан ўтказиб, ундан сўнг унга рухсатнома бериш; Иккинчидан, қўшиққа солинаётган матннинг бадиий-эстетик, ғоявий-маърифий қиймати мутахассислар томонидан албатта, кўриб чиқилиши керак. Негаки, бугун аксарият хонандалар, бошловчи ҳам, халқ артисти ҳам косиб-шоирлар ёзган маъно-мазмунсиз, яъни, маърифий аҳамияти бир пулга қиммат матн билан репертуарини “бойитаётир”. Бундай қўшиқлар одамларнинг вақтини олишдан ўзгага ярамайди.
Соҳа ислоҳотни талаб этмоқда. Бу эса, шубҳасиз, миллий ахлоқ ва тафаккурга зиён етказади. Агар, бирон-бир тадбиркор нотўкис оёқ кийими ишлаб чиқарса, у сизнинг оёғингизни майиб қилиши мумкин. Паст савияда ёзилган қўшиқ эса миллион-миллион дидларни ўтмаслаштиради. Афсуски ҳозир Ўзбекистонимизда “юлдузлар” ширкати гуллаб яшнамоқда. Биз ҳатто, экранга сиғмай қолмасин, деган хавотирда янгидан-янги телеканаллар очмоқдамиз...
Қаҳрамон бошига дўппи кийса “миллий кино” бўлиб қолмайди
Кино соҳасини айтмаса ҳам бўлади. Бизда бу соҳада мактаб бор эди, аммо у парокандаликка юз бурди. Ўзбек киночилари томонидан ўтган 25 йил ичида “Барон”, “Ажал жодуси”, “Ватан”, “Қудуқ”, “18-квадрат”, “Паризод”, “Қўрғошин” ва яна шуларга ўхшаш тўрт-бешта фильмларни айтмаса, арзирли йирикроқ бир иш қилинди, деёлмаймиз. Айрим ўйноқи режиссёрлар ҳамон “миллий кино” дегани бошига дўппи, эгнига тўн илган қаҳрамон тимсолидан иборат, деган тушунча билан яшаётир. Бу моҳиятан соцреализм темир қоидаси бўлган “шаклан миллий, мазмунан социалистик” деган ақидага жуда ҳамоҳанг. Ҳолбуки, кино мафкуравий таъсир кўлами жиҳатдан энг илғор соҳа.
Ўз вақтида “пролетариат доҳийси” “Барча санъатлар ичида биз учун энг муҳими кинодир” деб бежиз айтмаган. Коммунистлар ҳинд киноиндустрияси оёққа туриши учун кўп кўмак берган. Маълумотларга кўра, ХХ асрда Болливуд топган даромаднинг 80 фоизи Собиқ Иттифоқ ҳиссасига тўғри келган. Бунинг ўзига яраша сабаблари бор, албатта. Асосийси, Болливуд ишлаган картиналар сентиментал руҳияти билан уйдирма воқеаларни пардалаб ташларди, яъни, совет воқелигига мос ва монанд эди. Чучмал ва хаёлий мотивлар устига қурилган бундай асарлар мазлум халқларни миллий озодлик деган мўътабар интилишдан чалғитиб турарди. Ва коммунизм хаёли билан яшашга ундарди...
Кино санъати катта кучга эга экан, келинг, биз ҳам энди ундан миллий манфаатларимиз йўлида фойдаланайлик. Ўзбекистон улуғ алломалар, ҳадис илмининг, шеъриятнинг султонлари, Озодлик йўлида жон олиб-жон берган Тўмарис, Афросиёб, Жалолиддин, Амир Темур, Темур Малик, Мадаминбек, Файзулла Хўжаев каби мислсиз ватанпарварлар Ватани. Бундай тарих, бундай миллат дунёда йўқ. Лекин уларнинг бирортаси ҳақида дунёга чиқадиган асар яратилмади, ҳали. Қайтанга Голливуд кино ижодкорлари Ибн Сино ва тарихий қаҳрамон Отилла ҳақида фильм ишлаб, катта шуҳрат топди.
Шу ўринда бир мумтоз санъат намунасига тўхталмаса бўлмайди. Мэл Гибсон бош ролни ижро қилган “Шерюрак” фильми. Камина шу ёшга кириб, инсон эрки, ҳамияти, муҳаббати ва садоқати бор бўйича улуғланган бошқа бир фильмни кўрган эмас. Асар қаҳрамони дунёнинг жами неъматидан Озодликни баланд қўяди.
Асар шотландларнинг ёвуз ва тубан босқинчиларга қарши кураш ҳақида. Ҳолбуки, Мэл Гибсон ирланд фарзанди. Ирландлар ҳам шу зулмни жонидан ўтказган. Шунинг учунми, дунёдаги ҳамма неъматларнинг онаси — Озодлик деб дунёга жар солади.
Албатта, ўзбек халқи тарихини Шотландлар тарихи билан тенглаштириб бўлмайди. Лекин улуғ санъаткор шу тарихдаги бир жангу-жадал воситасида дунёга ўз гапини айтган. Ўлмас асар...
Энди сиз суронли кечмишга бир назар солинг. Тўмариснинг шавкати ўз вақтида Европани ларзага солган. Қанчадан-қанча асарлар яратилган. Ҳатто ўша Жанна д’Арк ҳам Тўмарисдай бўламан, деб майдонга чиққан.
Тўмарис ҳақидаям “Шерюрак”дай фильм яратиш мумкин. Лекин қани шу, фильм. Ёки бўлмаса, Широқ, Жалолиддин Мангуберди, Амир Темур, Темур Малик каби ёвқур ватанпарварлар, Имом Бухорий, Мотуридий, Термизий, Хоразмий, Беруний каби мислсиз алломалар ҳақида нега фильм ишламаймиз? Ахир улар ҳақида яратилган асар, агар мукаммал бўлса, бугун биз жойларда ўтказаётган “Миллий ғурур ва ватанпарварлик” мавзуидаги ҳар қандай семинару йиғилишдан таъсирли ва яшовчан бўлмайдими?
Тўғри, тан олиш керак, бугун миллий кино жабҳаси тубдан ислоҳ қилишга муҳтож. Ҳозирги кино арбоблари олдига ҳалиги талабларни қўйиш адолатдан бўлмайди. Аввало, уларнинг қаддини кўтариб қўйиш, ёш истеъдодларни қўллаб-қувватлаш лозим. Шунинг учун ҳам қўшиқчилик ва кино санъати атрофида етук тарихчилар, бастакорлар, қадимшунослар, тилчилар, ёзувчи ва шоирлар, адабиётчилардан иборат махсус комиссия тузиш, ишни ҳамкорликда ташкил этиш, мазкур соҳаларни босқичма-босқич миллий руҳда шакллантириш мақсадга мувофиқ.
Тарихимиз қачондан бошланади?
Бу соҳаям яқин ўтмишдан тўла оёғини узиб олгани йўқ. Бизнинг олдимизда турган энг мушкул вазифа она сутидай тоза, холис ва ҳаққоний миллий тарихни яратишдир. Бунда нималарга риоя этилиши лозим? Биринчидан, тарихни даврларга бўлиш, чегаралаш, тарихий шахсларни ҳукмрон мафкура элагидан ўтказиш ўтмишимизга нисбатан ҳақсизлик бўлади. Бундай дейишимизга асос шуки, большевойлар бизга тарихинг 1917 йилдан бошланган, биз сени одам қилдик, дея уқтирган. Мустақил бўлгач эса бизда миллий давлатчилик тарихи Амур Темурдан бошланган, деган тушунча шаклланди. Яъни, бизнинг тарихимиз 600-700 йилдан иборат, гўё. Бунга сабаб...
Иккинчидан, тарихий шахсларга холис ёндашув зарур. Тарих шундай ҳодисаки, унинг устида экспремент ўтказиб бўлмайди. Бир кун келиб у барибир аслича намоён бўлади. Шу маънода, тарихий шахсга нисбатан шахсий меҳр ё адоват унда роль ўйнамаслиги керак. Мисол сифатида тарихда йирик давлат арбоби ва шоир сифатида машҳур бўлган Шоҳ Шайбонийга бўлган муносабатимизни келтиришимиз мумкин. Ҳолбуки, у Темурдан сўнг қудратли марказлашган салтанат тузган. Унинг назмий девони ҳам ниҳоятда бебаҳо. Афсуски, бу улуғ аждодимиз шахсига ҳалигача ётсираб қараймиз.
Ўтган аср бошида содир этилган Октябрь тўнтариши, мамлакатимизни чулғаб олган миллий озодлик ҳаракати ҳам ҳали холис ва ҳаққоний баҳосини олган эмас. Нима эмиш, босмачилик ҳаракати эмиш. Жадидлар ҳаракати-чи? Бизга шундай бир тушунча берилдики, Беҳбудий, Мунаввар Қори, Фитрат, Чўлпон, Қодирий, Алихонтўра Соғуний каби миллий озодлик йўлида фидо бўлган маърифатпарварлар ортиқча тарғиб қилинса, миллий эҳтирослар жунбишга келиб, оломон бош кўтаради, гўё. Ҳатто жадид дейишни ҳам чеклаб қўйишди.
Учинчидан, миллатимизнинг келиб чиқиш тарихини ёшларга очиб берсак, ғоят ўринли бўлади. Нимагадир бизда “туркий” деган атама бузғунчи диний оқимлар номидан ҳам нохуш кайфият қўзғайди. Ўз вақтида “халқ душманлари”га шундай ҳадиксираб қарашган. Менимча бундай ҳол Ғарбдаги ижтимоий институт ва марказлар ишлаб чиққан “пантуркизм” деган айблов тамғаси билан боғлиқ. Ҳолбуки, бугун славянлар славянчасига, форслар форсчасига, сионистлар эса сионистчасига ўз манфаатини ҳимоя қилаётир. Ҳеч ким уларни “сен славянпараст”, “сен форспараст” ёки “сен сионистсан”дея айблаётгани йўқ. Демократия умуминсоний қадриятми?! Ҳа худди шундай...
Тарих билан боғлиқ бундай қараш, мавҳум ва хавотирли тушунча, ҳайиқиб тамсаллаш қаёқдан келиб чиққан, деб ўйларсиз.
Ёдимда, тўқсонинчи йиллар охирида бошида Биринчи Президентимиз ҳузурида тарихга ёндашув масаласи муҳокама этилган. Ўшанда айтган, у киши, халқимизнинг келиб чиқиш тарихини очиб бериш керак. Миллий Озодлик ҳаракатини ойдинлаштириш лозим, деб. Мазкур йиғилишга телевидениеда намойиш этилган қадим туркийлар, очиқроқ айтадиган бўлсак, Кўктурк Отиллонинг шавкатли юришлари ҳақидаги кўрсатув сабаб бўлган. У туркий қавмлар байроқдори сифатида Римгача борган. Европада унга варвар деб нафрат билан қарайдилар, буниям унутмаслик керак, деган Ислом Каримов. (Ўша йиғилиш тафсилотлари ҳақидаги кўрсатув МТРК архивида сақланади)
Хуллас, у бўлди-бу бўлди, ўша йиғилишдан сўнг, тарихий қарашлар ўзгарди-кетди. Пастдаги масъуллар Отиллонинг бизга ҳеч қандай алоқаси йўқ, деб қора чизиқ тортишди. Тарихимизни Амир Темур давридан белгилаш ҳам ўшанда бошланган. Хуллас, ўшанда тарихга ёндашувимиз хийла ўзга томонга оғиб кетди... Шундай таъсирлар ўлароқ биз ҳамон тарихимизга эскича — совет даврида бўлгани каби ёндашиб келаяпмиз. Ҳамон ўзбек атамасининг пайдо бўлишини баҳс этамиз. Гоҳида туркийлигимиздан “ор” ҳам қиламиз. Ҳолбуки, Биринчи Президентимиз тарих билан боғлиқ муаммоларга ойдинлик киритиш учун махсус илмий тадқиқот институти ташкил этиш ғоясини илгари сурганди ўшанда... Қани шу, тарих?..
Кишилик жамиятига оид қадим Хитой манбаларини, умуман, шарқнинг доно муаррихлари ёзиб қолдирган барча китобларни чуқур тадқиқ этиш, таржима қилиш ва нашрдан чиқариш вақти келди. Уни ҳатто “кишилик жамияти тарихи” деган туркум ҳам қилиш мумкин. Шунингдек, Қошғарийнинг “Девонул луғатит турк”, Рабғузийнинг “Қиссасул анбиё”, Абулғози Баҳодирхоннинг “Шажараи турк”, шунингдек, Аҳмад Дониш асарларини мукаммал ҳолида нашрга тайёрлаш — бугуннинг талаби. Биз билган ва билмаган қўлёзмалар қанча. Ёш тарихчиларимиз белни боғлаб ишлаши, уларни тадқиқ этиш ва аслни ноаслдан ажратиб ватандошларимизга тақдим этиши сув билан ҳаводек зарур.
Дин тўғри ўргатилаяптими?
Мустабид замонда бизни “тўкилиб” кетишдан сақлаган, мустақиллик йилларида қўлга киритган муваффақиятларимизга замин яратган мўътабар динимиздир, деган эди Биринчи Президентимиз Ислом Каримов. Яқинда давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев она-Ватан ва келажак авлод тақдири, тинчлик-омонлик ҳам, орзу-ҳавас билан ёниб яшаш ҳам, юрт ободлиги ва тараққиёт ҳам муқаддас динимизга бўлган муносабатимизга бевосита боғлиқ эканини таъкидлаб, ҳар биримизни унинг софлигини асрашга ундади. Бизнинг олдимизга қўйилган талаб-жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш.
Ҳурматли домлаларимиз маърузарида намоз ўқиётганда қўлни қандай тутиш ёки соқолни неча сантиметр ўстириш ҳақида эмас, динимизнинг моҳияти ҳақида муфассалроқ панду насиҳат қилса, исломнинг маърифат ва эзгулик дини эканини очиб берса айни муддао бўларди. Бу жуда чуқур маънога эга. Агар биз Ўзбекистон “демографик портлаш”га мойил эканини, яқин 50 йил ичида аҳолиси 60-70 миллионга етишини, ҳам бунинг устига халқимиз табиатан яхшиликка, қуриш-яратишга ўч бўлиб, шундан куч олишини, ёмонликдан ҳазар қилиб уруш-қирғин олдида намозшомгулдай сўлиб қолишини инобатга олсак, бу ҳаёт-мамот масаласи экани кундай равшан бўлади. Бу ҳар бир мўмин-мусулмон исломнинг инсонпарвар дин эканлигини юракдан англамоғи зарур, дегани. Нега?
Биласиз, аҳолимизнинг асосий қисми — ёшлар, ўсмирлар ва болалар. Демак, ҳар биримиз тарбиячи, муаллим бўлишимиз, болаларимизга тўғри йўл кўрсата олишимиз лозим. Дунё ҳаёти остин-устин бўлиб, манфаатлар тўқнашуви ҳал қилувчи паллага кирган бугунги кунда йўлимизни кесиб чиққан ҳар қандай мухолиф билан баҳсга киришиб, ҳақликни жойида қарор топтиришимиз керак. Зеро, ҳақиқат қуёш нуридай ўткирки, у жаҳолатни тилка-пора этиб ташлайди.
Шуни фахр билан айтиш керакки, мўътабар ислом дини нозил бўлишидан аввал ҳам, яъни, азал-азалдан халқимиз табиати исломий бўлган. Қуръони Каримда ундалган сифатлар — тинчликпарварлик, яхшилик, меҳр-оқибат, ҳиммат ва саховат, ота-она ва аёл зотини ардоқлаб яшаш унинг қонида бор. Ота-боболаримиз ватанни жонидан ортиқ кўрмаса, бу мўътабар замин ҳам, бу халқ ҳам аллақачон оёқости бўлиб йўқ бўлиб кетарди. Жамол Камол ёзган-ку: Аввал Ватан, кейин жон, деб...Бугун бизда исломий адабиётлар етарлича топилади. Биргина Шайх Муҳаммад содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг неча жилдлик китоблари нашр этилди. Фарзандларимиз нега шуларни ўқимасдан, қаёқдаги худобезорнинг қутқусига учиб, адашиб-улоқиб юради. Бунга ҳам ўзимиз айбдор. Замон шиддатини, Ўғил-қизларимиз, келажак олдидаги бурчни ҳис этиш йўқ.
Соатни тўғрилаб оладиган вақт келди. Қаранг, араб мамлакатларида, кўҳна қитъада нималар бўлаяпти? Нега? Нима учун? Буни ким тушунтириб бера олади? Шундан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, динимиз тарихини чуқур билишимиз, воқеликни англаб, идрок этиб яшашимиз лозим. Болаларимизни ҳам шу йўлга бошлаш вақти келди. Биринчидан, боланг боғчадан келиб, “сволоч” деб турса, ундан нима кутиш мумкин? (шу ерга тарбия методикаси, боғча опаларнинг тарбиясиз тарбияси тўғрисида) Шунинг учун боғчанинг катта гуруҳларида саломлашиш, одоб-ахлоқ бўйича мухтасар сабоқ берилиши лозим. Мактабларда, лицей ва коллежларда, олий ўқув юртларида динимиз тарихи ва фалсафасига доир таълим бериш зарур. Дарс диний олий ўқув юртларида таълим олган малакали мутахассислар тамонидан олиб борилмоғи керак. Бу шунинг учун керакки, ислом тинчлик ва маърифат, покизалик ва яхшилик, ҳиммат ва меҳр-оқибат дини. Шуни англаб, шу руҳда тарбия кўрган ёш эртага адашмайди, ҳақ йўлдан озмайди.
Ислом тарихи — эзгулик ва ёвузлик ўртасидаги кураш тарихи. Буни билган ёш ўзининг позициясини аниқлаштириб олади. Заминга мустаҳкам оёқ қўйиб, ёруғ тилаклар билан яшайди.
Адабиёт яшаса — миллат яшайди
Адабиёт миллатнинг руҳиятини ўзида ифодалайди. У милатнинг такомилида она тили ва тарих билан бир мақом касб этади. У куй-қўшиқ, санъат ва тасвирий санъат каби кўнгил торларини чертиб руҳга қаноат бағишлайди, эзгу орзу истакларини рўёбга чиқаришга ундайди. Бугун адабиётга эътибор кучайди, аммо яхши асарлар жуда кам. Боригаям йўл йўқ. Бир мисол. Истеъдодли шоирларимиздан бири машҳур алломаларимиздан бири ҳақида драма ёзган. Асарини олиб бообрў театрга борса, унинг адабий эмакдоши эшик олдида турган экан. “Тарихий асарлар қўйманглар!” – деган кўрсатма бор, деб ўша ердан қайтарибди.
Ўша театрдаги аҳвол ҳақида Мунаввара Абдуллаева ёзган мақолани ўқидим “Даракчи”да. Ўлик қўлёзмага жон бағишлайлик, деб иқтидорли санъаткорлар истеъдодини қурбон қилмоқда, деб куюнади таниқли олима ва режиссёр.
Энг ачинарлиси, озодлигимизга 26 йил бўлаётир. Бироқ бизда ҳалигача адабиёт назарияси яратилмади. Адабиётшунослигимиз, адабий танқид хонанишинликка мубтало бўлган. Нашриётлар потирлатиб китоб босаётир, унинг савияси, ғоявий мазмун-мундарижаси билан биров қизиқмайди. Бир адабиёт ихлосманди сифатида Ёзувчилар уюшмаси атрофидаги гап-сўзлардан дилинг хуфтон бўлади. Ахир шу ташкилот эмасми, қаламкашларни ёзишга руҳлантирадиган, унинг ижодига қанот бўладиган. Бизда акси бўлаётир. Ҳурматли ёзувчиларимиз интернетда яширин имзо билан бир-бирини бадном қилиш билан овора. Халқ кимга эргашиши керак?!
Одамзод ҳамиша ёниқ сўзга эҳтиёж сезган. Ўтган асрнинг 60-йилларида Ўлжас Сулаймоннинг ҳали сиёҳи қуриб улгурмаган “Заминга таъзим қил инсон” достони аэропландан тарқатилган, одамлар шуни талашиб олиб ўқишган. Ўша маҳаллар шу достонни ёзган шоирнинг шуҳрати ойга учган Гагаринникидан ҳеч кам бўлмаган. Бу сўзнинг қудратини кўрсатадиган бир мисол, албатта. Бугун бизда инқилобий ўзгаришлар бўлмоқда, ижодкорларимиз эса жим. Яқинда телевидение бир фермер опанинг интерьвюсини берди:
— Мен, — дейди опа, — Президентимизнинг фаолиятини кузатиб ўзимдан уялиб кетдим. Расмий давлат ташрифлари унга изма-из уланиб кетаётган жойлардаги учрашувлар... Ҳатто республикамизнинг энг олис овулларида тиззасигача чангга беланиб дала кезиши, қуёшнинг тиғида туриб одамларнинг турмуши билан қизиқишини кўриб очиғи, қалбимда шуларни кўриб туриб, қандай қилиб хотиржам ўтириш мумкин, деган ўй кечди, — дейди опа.
Хўш, бундай ўй-хаёл бугун қайси биримизни безовта қилмоқда. Биз ҳатто оддий инсоний бурчимизниям унутиб қўймоқдамиз. Масалан, мен истеъдодли шоир Қамбар Ўтаевнинг дунёдан ўтганини бир неча ойдан кейин кўчадан эшитдим. Ҳолбуки, у ўзбек болалар адабиётининг забардаст вакили эди. Шоир вафоти ҳақида марказий нашрларимизда бир энлик хабар берилганига кўзим тушмади. Ҳақли савол туғилади. Нима, майитнинг ҳурматини жойига қўйиш учун у, албатта, қаҳрамон бўлиши керакми?!.
Аҳвол шундай. Телевидение кун ора уч-тўрт фильмни айлантиради. Баракалла, томошабин сабрига “Дод!” деб юбормаганини қаранг.
“Мирзо Улуғбек” спектакли, “Диёнат”, “Ичкуёв”, “Гирдоб”, “Кўнгил кўчалари”, “Улуғбек хазинаси”, “Навоий” каби кўпдан-кўп видеофильмлар қайтиб ҳаётнинг юзини кўрган эмас.
Нега?
Бугунги куннинг шоири деганда Сулаймон Раҳмон, Абдулла Шер, Йўлдош Эшбек, Шукур Қурбон, Усмон Қўчқор, Усмон Азим, Тоҳир Қаҳҳор, Икром Отамурод, Баҳром Рўзимуҳаммад, Ҳалима Аҳмад кабилар хаёлга келади. Улар катта аудиторияга яқинлаша олмай хуноб. Қачон қарасанг, ... ..., .... Ёзувчилар уюшмасининг қўли калталик қилаётгандир, лекин телевидениенинг ўз йўли бор. Бир вақтлар Москва телевидениеси “Останкинода учрашувлар” деган туркум шеърият кечалари намойиш этар эди. Дейлик, шундай шеърий кечаларини ташкил этса бўлмайдими?
Қаранг, атоқли шоиримиздан бирининг 80 йиллиги Бокуда, Евроосиё университетида кенг нишонланди. Озарбойжон адабиётига қўшган ҳиссаси учун у университетнинг фахрий доктори этиб сайланди ва диплом билан тақдирланди. Бизда эса …
Таълим-тарбия ишида кўнгил бўшлик кетмайди
Бугунги кунга келиб таълим тизимида ҳам айрим камчиликлар кўзга яққол ташланаётир. Бунинг ҳаётий асослари бор албатта. Биринчидан, моддий таъминот. Мураббий ва ўқитувчи маошини, жилла қурса, ҳарбийлар ёки ички ишлар ходимлари оладиган миқдорга олиб чиқиш зарур. Шунда улар ўзини тўрт тарафга урмасдан берилиб ишлайди. Берилиб ишлаган одамлар эса мўъжиза яратади. Ҳозир мактабдаги таълим-тарбия иши асосан хотин-қизлар қўлида. Касби муаллим бўлган эркаклар эса рўзғор тебратиш учун бошқа соҳага урган, ўзини. Уларни ўз соҳасига қайтариш керак яна. Таълим-тарбия ишида кўнгил бўшлик кетмайди. Ёш авлодга талабчан бўлиб кенг тушунча билан мароқли сабоқ бериш, уни келажакка тайёрлаб бориш жуда муҳим, деб ўйлаймиз.
Паспортли гўдак
Иккинчидан, айни пайтда умумтаълим мактабларига 11 йиллик таълимн қайтаётгани жуда тўғри ишлардан бири бўлаяпти. Негаки 16 га тўлиб-тўлмаган ўсмирга фуқаролик паспорти бериб, уни коллеж ёки лицейга киргазиб, энди мустақил ҳаётга қадам бос, дейиш кўп ҳолларда унда аксил кайфият туғдирмоқда. Бундай ҳолда у ўзини бирдан улғайиб қолгандек сезади ва ўзини қўйиб юборади. Кўчада эса уни “овлаш” илинжидаги маккорлар, бузғунчи оқим ва “оммавий маданият” кутиб олаётир. Фожианинг илдизи шунда.
Олий таълим тизимида кечки бўлимлар очилса ёмон бўлмас эди. Сабаби, шартнома асосида ўқиш дегани кўп оилаларни қийнаб ташлади. Агар талаба кундузи ишлаб, кечқурун ўқиса, ота-онасига оғирлиги тушмайди. Боз устига, бугунги интернет замонида олий таълим тизимида онлайн ўқишлар имкониятидан нега фойдаланмаяпмиз?
Матбуотдан оқсоқ соҳанинг ўзи йўқ
ОАВ аслида жамиятнинг кўзгуси бўлиши керак. Бизда эса бундан оқсоқ соҳанинг ўзи йўқ. Ҳамон ундан яқин ўтмишнинг “муаттар” бўйи анқиб туради.
Яқинда “Ўзбекистон-24” информацион телеканал очилиши муносабати билан ўтказилган брифингда таниқли журналист Қуддус Аъзам жуда тўғри айтди. “Ахборот”, ҳам “Давр” теледастури ҳам вазирлик ва идораларда ўтказилган мажлислар ҳақидаги хабарлардан иборат, дейди у. Ҳолбуки, бу ҳисоботларнинг ҳеч кимга кераги йўқ. Шунинг учун одамлар телеканаллардан безиб кетган. “Россия-24”, “Евроньюс” орқали дунёда бўлаётган ишлардан хабардор бўлади. “Ўзбекистон-24” ҳам “Ахборот”дай сийқа бўладими? – деб масала қўйди, у.
Бу гапда жон бор.
Давлатимиз раҳбарининг бизда ҳам шундай бир телеканал бўлсин, чет элларда ҳам мухбирлари ишласин, бўлаётган ҳар бир янгиликни халқимизга етказиб турсин, деб қилаётган жонкуярлиги ўз йўли билан, “Ўзбекистон-24” ўз йўли билан. “Ўзбекистон-24” халқаро информацион телеканаллар билан беллаша олиши учун аввало журналистларнинг оёғидаги тушовни олиб ташлаш керак. Қолаверса, журналистларимиз ҳам энди қимиллашлари керак. Биргина мисол: қаранг, Президент яқин уч-тўрт ой ичида Туркманистон ва Қозоғистонда икки марта Россия Федерацияси, Хитой Халқ Республикаси ва Саудия Арабистонида бўлди. Сафар чоғи АҚШ президенти, Ҳиндистон бош вазири, Қирғизистон Президенти ва бошқа ўнлаб давлат раҳбарлари билан учрашди, музокаралар олиб борди. Қанча шартномалар имзоланди. Айни пайтда у вилоятларда бўлиб ҳар бир вилоятда бунёд этилаётган элликка яқин объект ва янги лойиҳалар билан танишди.
Буни биз “Ахборот”да кўриб, газетада ўқидик. Матбуотда ҳам телевидениеда ҳам хронологик тафсилотдан ташқари бир оғиз гап айтилган эмас. Дейлик, Президентимизнинг Россияга ташрифи чоғида икки давлат ўртасида қарийб 15 миллиард долларлик шартномалар имзоланди. Бу Ўзбекистон тарихида бўлмаган ҳодиса. Ёки шу ташриф самараси ўлароқ юзага келган янги лойиҳани олинг. Жиззах вилоятида нефтни қайта ишлаш корхонаси бунёд этилмоқда. Мазкур корхона ишга тушгач, 20 минг одам ишли бўлади. Ундан ҳам муҳими, ишлаб чиқариш соҳасида янги саҳифа очилади, лекин шу ҳақда бирон бир газетада таҳлилий мақола чиқдими? Йўқ!
Жанубий Корея билан бирга Устюртда нефть ва газни қайта ишлайдиган гигант корхона, ишчилар шаҳарчаси, мактаб ва боғчалар бунёд этилди. Корхонанинг лойиҳа қиймати 4 миллиард доллар эди. Шуни қайдадир эшитганман, мана, Ўзбекистонимиз ҳам шундай марраларга ҳам етиб келди, деб ғурурланиб юраман. Лекин бу корхона, улкан қурилиш жараёни, ишчиларнинг соҳанинг ўзлаштиришдаги машаққатлари, ишчилар шаҳарчаси, у ерда яшётган одамлар ҳаёти очиб берилган бир мақола бирон-бир газетада чиққан эмас.
Давлатимиз раҳбари Бухоро вилоятига ташриф буюрганида Қандимда барпо этилаётган чинакам йирик мажмуа қурилиши билан атрофлича танишди. Қаранг, бир вақтнинг ўзида Устюрт ва Ҳисорда унинг филиаллари ҳам қад ростлаётир. Корхона нефть ва газни қайта ишлаб, жаҳонда энг харидоргир маҳсулот ишлаб чиқаради.
Лойиҳа қиймати – 5 миллиард 600 миллион доллар.
Эҳтимол, бу хабар кўпларнинг дилига ҳаяжон солгандир? Аммо бирон бир журналист миқ этган эмас.
Журналистлар жувозчи отдан ҳам танг аҳволда
Ўтган 26 йил давомида айтилавериб, ёзилавериб сийқаси чиқиб кетган 3-4 мавзу бор. Ҳамма шуни айлантиргани айлантирган.
Эҳтимол, бошқа объектлар стратегик аҳамиятга моликдир? Ҳарбий сирни очиб бўлмас, балки?
Айтиб қўяй, “Минор” жоме масжиди ҳам ана шулар сирасига киради. Бу муаззам ибодатхона қад ростлаётган вақт Тошкентда қанча ғаламисона миш-миш ивирсимади, дейсиз. “Масжидни қурдирган бошқаси бўлса, нега унинг очилишига Ислом Каримов борди?!”
Мана, биз қандай халқмиз. Бир одам ахир ундай эмас-ку, бу мумтоз обида Биринчи Президентимиз ташаббуси билан, ҳукумат қарори асосида бунёд этилди, деган эмас.
Кўп минг сонли газеталар ҳам, кўп каналли телевидение ҳам уйдирмага муносабат билдиргани йўқ.
Бу масалада журналистларни айблаб бўлмайди. Раҳбарият эса тепанинг қошу-қавоғига қарайди.
“Рухсат бўлиши керак, рухсат”.
Кейинги чорак аср шу кўйда ўтди.
Қаранг, ҳатто коммунал соҳадаги айб-нуқсонниям танқид қилиш мумкин эмас. Мухбир ёзади, аммо у столда чанг босиб ётади. “Қачон чиқади бу, ака? Фактлар эскириб қолмасин”, десанг тепадан рухсат бўлсин, берамиз деган мужмал жавобни эшитасан ва...
Шунақа.
Мана шу шароитда матбуот Президент талаб қилаётган вазифани уддалай оладими? Йўқ, албатта. Бугунга келиб, матбуот жувозчи отдан ҳам танг аҳволда. Уни эркига қўйиб юборсанг ҳам бир жойда айлангани-айланган. Шу боис янги давр барча матбуот нашрларига янги вазифалар қўймоқда. Улар эса қуйидагича бўлади:
1. Жамиятнинг қон томирига тоза ва янги қон олиб кириш. Демократия ва сўз эркинлигини намойиш этиш.
2. Президент кўзлаган, бугунгача матбуотдан пинҳон тутилган маслак ва мақсадларни жамоатчиликка етказиш.
3. Ватанимиз, халқимиз ва тарихимизга отилаётган туҳмат тошларига муносиб ва асосли жавоб бериш.
Шуни ҳам айтиш керакки, мустақил нашр бевосита давлат раҳбари ғояларини элга етказиш, мамлакатдаги улкан бунёдкорлик ишларини, ишларимизнинг яратувчилик фазилатини очиб бериш билан шуғулланади. Бу нашр халқимизнинг, раҳбариятнинг юрагидаги гапларни юзага чиқарсин. Миллий манфаатлар ҳимоячиси бўлсин! Гапимиз юракда армон бўлиб қолмасин.
Мен фикримни муҳтарам Биринчи Президентимизнинг бир хитоби билан якунлашни истайман: “Халқимиз фақат жисман эмас, руҳан ҳам уйғоқ бўлмоғи даркор. Руҳ бедорлигига унинг раҳбару раҳнамолари, олиму уламолари, барча фарзандлари масъулдир”.
Ўрол Содиқ
Манба: Kun.uz «Замин» янгиликларини «Вконтакти»да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Энди операциядан сўнг кесмалар ўрни икки баробар тезроқ битиши мумкин
Организм ўзини токсинлардан қандай тозалайди?
АҚШ ҳарбийлари орасида ўз жонига қасд қилиш кўпайди
Буйрак саломатлиги учун энг фойдали сабзавот...
АҚШ Исроилнинг икки вазирига санкция қўлламоқчи
Дональд Трамп 27 ёшли Каролин Левиттни Оқ уй матбуот котиби этиб тайинламоқчи
Яхши пишган ва мазали анор танлашга ёрдам берадиган тавсиялар
Apple донгдор икки айфонини расман эскирган деб эълон қилди