
24 июль – абитуриентлар ҳаётида ҳал қилувчи сана. Бу кунда 2025–2026 ўқув йили учун белгиланган ОТМга кириш тест синовлари якунланади. Энди эса, навбат янги, янада масъулиятли босқичда – олий таълим йўналишини ва ОТМни танлашда. Давлат тест маркази маълумотига кўра, бу жараён учун абитуриентларга 15 кун вақт берилган. Яъни, тахминан 7 августгача, қайси университетда, қайси йўналишда ва қай тартибда ўқишни белгилаб олиш керак бўлади.
Бу тизим сўнгги йилларда шаклланган 2 босқичли тартибга асосланган:
– аввал тест, кейин ОТМ ва йўналиш танлови.
Янги босқич: танлаш – имкониятни тўғри баҳолаш демакдир
Абитуриентлар ўз танловларини my.uzbmb.uz сайтида амалга оширадилар. Бу ерда махсус "Олий ва профессионал таълим муассасаларига қабул" бўлими мавжуд бўлиб, унда “ОТМ танлаш” жараёни йўлга қўйилган. Тизимдан фойдаланиш учун абитуриент шахсий профилига кириб, сервисни ишга тушириши керак бўлади.
У ерда икки муҳим танловни амалга ошириш керак:
– “Танлов устуворлиги” (қайси ОТМлар ва қайси йўналишлар биринчи ўринда туриши),
– “Мақсадли қабул” (агар давлат буюртмаси асосида махсус йўналишда ўқиш нияти бўлса).
Қанча ОТМ танлаш мумкин?
Абитуриент тест топширган фанлар мажмуаси ва таълим тили асосида 5 тагача ОТМ ва йўналишни танлаш имконига эга. Уларни битта олийгоҳ доирасида ҳам, турли университетлардан ҳам танлаш мумкин.
Танловлар киритилгандан сўнг, маълумотларни “Сақлаш” тугмаси орқали мустаҳкамлаш талаб қилинади. Кейин абитуриент телефон рақамига махсус СМС-код олади ва шу код орқали ўз танловини расман тасдиқлайди.
Қайд варақаси – муҳим ҳужжат
Сўнгги босқичда автоматик равишда “Абитуриент қайд варақаси” шакллантирилади. Унда абитуриент танлаган ОТМлар, йўналишлар, таълим шакллари тўлиқ акс этади. Уни юклаб олиш ва шахсий архивда сақлаб қўйиш тавсия этилади. Қайд варақаси – сизнинг расмий танловингиздир.
Танловни ўзгартириш мумкинми?
Ҳа. Танлаш жараёни тугагунча, яъни 7 августгача, абитуриент ўз танловини эркин ўзгартириши ва қайта тасдиқлаши мумкин. Бу имконият, айниқса, турли ОТМлар қабул шартларини билиб олгандан кейин жуда фойдалидир.
Якуний натижалар қачон эълон қилинади?
Абитуриентлар томонидан танловлар тўлиқ якунланганидан сўнг, бир ҳафта ичида, тахминан 14 августгача, расмий натижалар эълон қилинади. Ким қайси олийгоҳга қабул қилингани Давлат комиссияси қарори билан маълум қилинади.
Қабул квоталари ҳақида эслатма
Аввалроқ тасдиқланган қарорга кўра, 2025–2026 ўқув йили учун давлат ОТМларининг кундузги таълим шакли бўйича бакалавриат йўналишларига 35 500 ўрин, магистратура учун эса 9 922 ўрин ажратилган. Бу рақамлар танлов қандай қизғин кечишини кўрсатиб турибди.
Абитуриент учун танлов – бу фақат ОТМ танлаш эмас. Бу – келажакдаги касб, ҳаёт йўли ва имкониятларни белгилашдир. Шошилмасдан, лекин пухта таҳлил билан тўғри қарор қабул қилиш ҳар бир номзоднинг зиммасидаги энг муҳим вазифадир. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар