Тарихдан маълумки, баъзи халқлар геосиёсий сабаблар туфайли бир тузум, ҳукумат томонидан мажбуран яшаб турган жойидан сургун қилиб келинди. Ана шундай геосиёсий мақсад асосида мажбуран сургун қилинган халқлардан бири Қрим татарларидир. 18 май куни Сталин буйруғи билан Қрим татарларининг ўз яшаб турган жойларидан депортация қилинганига 76 йил тўлди. «Дарё» сана ҳақида ҳикоя қилади.
Сургунлик
1944 йил май ойида Иккинчи жаҳон уруши қизғин паллага кирган пайт Сталин Қрим яриморолида яшаётган Қрим татарларини гўё фашистлар билан ҳамкорлик қилгани учун Марказий Осиёнинг Ўзбекистон, Қозоғистон ва Тожикистоннинг Ўзбекистонга яқин ҳудудларига кўчириш ҳақида қарор қабул қилади. Асосий қисм Ўзбекистонга жўнатилган бўлса-да, яна кичик гуруҳлар Мари АССР ва совет Россиясининг бошқа ҳудудларига депортация қилиб юборилади. Депортация жараёни 1944 йилнинг 18–20 май кунлари бўлиб ўтади. (Бугай Н. Депортация народов / Война и обшчество. 1941–1945. Кн. II. М.: Наука, 2004).
Операция 18 май куни эрта тонгда бошланиб, 20 май куни 16:00 да ниҳоясига етди. Операцияни амалга оширишга 32 мингта НКВД ходими жалб этилди. Одамларнинг тайёргарлик кўришларига бир неча дақиқагина рухсат берилди. Одамларга шахсий буюмлар, кийим-кечак, рўзғор буюмлари ва озиқ-овқатдан иборат 500 килограммча юк олишга рухсат берилган бўлса-да, аммо амалда жуда кам нарсалар олинган. Одамлар уйларидан юк машиналарида вокзалга олиб борилиб, у ердан ҳайвонларни ташишга мўлжалланган вагонларда Ўзбекистонга жўнатилган. Қаршилик қилганлар ёки кетишга имкони йўқлар отиб ташланган (Депортация кримский татар 18 мая 1944-года. Как это било (воспоминания депортированних). Составител: Рефат Куртиев. Симферополь, Оджак, 2004).
Депортация қилинганларни ташиб кетиш учун 70 та эшелон ажратилди. 19 май куни Қримда деярли бирорта Қрим-татар қолмади. НКВД маълумотларига кўра, жами 193 865 қрим-татарлар депортация қилинган. Улардан 151 136 нафари Ўзбекистонга, 8 597 нафари Мари АССРга, 4 286 нафари Қозоғистонга депортация қилинган бўлса, қолган қисми Молотов (10 555), Кемерово (6 743), Горкий (5 095), Свердлов (3 594), Иванов (2 800), Ярославл (1 059) областларига мажбурий ишларда ишлатиш учун олиб кетилган (Россия давлат архиви, ф.9479, оп.1, д.187, л.1.).
Йўлда саккиз мингдан ортиқ киши вафот этгани манбаларда қайд этилган. Очлик, сувсизлик ва касаллик ўлимларнинг асосий сабаблари бўлган бўлса-да, расмийлар ўлим сабабини қариликдан деб ҳисоблайди. Берияга берилган расмий хабарда вафот этганлар 191 киши экани кўрсатилган (Телеграмма № 1476, 8 июня 1944, 13 часов 00 мин Л. Берии из Ташкента от Бабаджанова. ГАРФ, ф.9479, оп.1с, д.179, л.241). Йўлдаги шароитлар ҳақида воқеа гувоҳларининг сўзларига қулоқ тутсак:
‘Ҳар куни тонгда салом ўрнига ҳақорат ва битта савол: ўликлар борми? Одамлар ўликларга ёпишиб олади, йиғлайди, бермайди. Аскарлар катталарнинг жасадларини эшикдан, болаларникини деразадан улоқтиришади…’
‘Тиббий ёрдам йўқ эди. Ўликларни бекатларда қолдиришарди, дафн этишга қўйишмасди’.
‘Тиббий ёрдам ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмасди. Одамлар сувни ҳовузлардан ичишар ва захира учун олишарди. Сувни қайнатишга имконият йўқ эди. Одамлар дизентерия, ич қотиши, безгак, қорақўтир, битлар билан касалланишни бошлади. Ҳаво иссиқ эди, доимий чанқоқ қийнарди. Марҳумларни йўлда қолдиришди, уларни ҳеч ким кўммади’
(Депортация қримский татар 18 мая 1944-года. Как это било (воспоминания депортированних). Составитель: Рефат Куртиев. Симферополь, Оджак, 2004).
‘Тиббий ёрдам йўқ эди. Ўликларни бекатларда қолдиришарди, дафн этишга қўйишмасди’.
‘Тиббий ёрдам ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмасди. Одамлар сувни ҳовузлардан ичишар ва захира учун олишарди. Сувни қайнатишга имконият йўқ эди. Одамлар дизентерия, ич қотиши, безгак, қорақўтир, битлар билан касалланишни бошлади. Ҳаво иссиқ эди, доимий чанқоқ қийнарди. Марҳумларни йўлда қолдиришди, уларни ҳеч ким кўммади’
(Депортация қримский татар 18 мая 1944-года. Как это било (воспоминания депортированних). Составитель: Рефат Куртиев. Симферополь, Оджак, 2004).
Депортация қилинганлар ҳудудларда жуда оғир шароитларда яшашга мажбурланди. Маҳаллий аҳолига эса уларга нисбатан нафрат уйғотувчи ташвиқотлар қилинди. Шу сабабдан деярли ҳеч ким уларга яқинлашмасди. Депортация қилинганлардан кўпчилик Бекободдаги Фарҳод ГЭСи қурилишида, Самарқанддаги «Қўйтош», «Тошкент-Сталинкўмир» конларида, Тошкент, Самарқанд, Андижон, Шаҳрисабздаги колхозларда ишлашга жалб этилди. Яшаш шароитига эга бўлмаган баракларда яшади. Улар «Қўйтош»да очиқ осмон остида қолиб кетди.
Сургунлик сабаблари
СССР расмийлари Қрим татарларининг оммавий депортация қилиниш сабаби сифатида уларнинг немислар билан ҳамкорлик қилгани ва улар сафида жанг қилганини келтиради. Ҳақиқатан ҳам улар немислар сафида жанг қилган эдими? Тарихчи Жонатан Отто Пол 9 мингдан 20 минггача Қрим татарлари антисовет гуруҳларда фаолият юритганини қайд этган. Айримлар ўз қишлоқларини украин миллатчиларидан муҳофаза қилишни истаган бўлса, қолганлари фашистлар томонидан асирга олинган ва асирликдаги ҳаётларининг яхшиланишига эришиш мақсадида немислар сафига қўшилган. Қизил армия сафларида 15 фоиз Қрим-татар эркаклари жанг қилган. Сургун пайтида улар армиядан чақирилиб Сибир ва Уралга мажбурий меҳнатга жалб этилган.
Ана энди ушбу сабаб ва баҳоналар ортида ётган мақсадларга тўхталсак. Бунинг тарихи узоқроқдан бошланади. Қора денгизда жойлашган бу ҳудуд Олтин Ўрда таркибида бўлган. Олтин Ўрда парчаланиб кетгач, яриморолда Қрим хонлиги вужудга келади. Мамлакат аҳолиси асосан туркий тилли мусулмон халқ эди. XVIII асрда Усмонли империяси назоратига ўтган Қрим 1783 йилда Россия томонидан босиб олинди. Қрим татарларининг ҳудудни тарк этиши ана шундан кейин бошланди. Кўпчилик татарлар Усмонли империясига кўчиб кетди.
1853–1856 йилги Қрим уруши навбатдаги оммавий эмиграцияга сабаб бўлди. Шундай қилиб охирги икки юз йилликда татарлар Қримда этник озчилик вакиллари сифатида қолди. Ҳудуд тўлиқ руслаштириш сиёсати гирдобида қолди. Бу сиёсат совет даврида ҳам давом этди. Кўчиб кетган ва депортация қилинган Қрим-татарлар ўрнига рус, украин ва бошқа славян халқлар жойлаштирилди. 1921 йилда Қрим СССР таркибида автоном мақомга эга бўлди. Аммо 20 йиллардаги коллективлаштириш сиёсати катта очарчилик келтириб чиқарди.
Шу йиллари юз мингга яқин қримлик ҳалок бўлди, ҳосил эса СССРнинг бошқа муҳимроқ ҳудудларига ташиб кетилди (Olson, James Stuart; Pappas, Lee Brigance; Pappas, Nicholas Charles. An Ethnohistorical Dictionary of the Russian and Soviet Empires. — Westport, Conn.: Greenwood Publishing Group, 1994. P185). Баъзи манбаларда келтирилишича, ҳалок бўлган ҳар тўрт марҳумдан учтаси Қрим татарларидан бўлган. Демак, депортациянинг яширин мақсадларидан бири бу ҳудудни руслаштириш.
Депортациянинг геосиёсий сабабларидан бири Туркия билан муносабатлар. Иккинчи жаҳон урушида Туркия бетараф қолган эди ва шу билан бирга Германия билан «ўзаро ҳужум қилмаслик» тўғрисида битим ҳам тузилганди. Аммо Совет ҳукумати бу «бетарафлик»ни душманона деб ҳисоблади. Чунки СССРнинг жануби-ғарбий чегаралари асосан туркий тилли ва мусулмон халқлардан иборат эди ва бу ҳудудлар, жумладан, Қрим ҳам тарихан Туркия билан боғлиқ эди. Сталин учун Қрим Туркия билан юз бериши мумкин бўлган эҳтимолий қарама-қаршиликда «сотқин ва хоинлар»дан қутулиш мақсадида эди. (Бугаев А.М. Почему Сталин виселял народи? // Известия вузов. — 2009. — № 3а. — С. 88—91.)
Яна шуни ҳам қайд этиш керакки, жанубий ва шимолий Кавказда истиқомат қилувчи бошқа халқлар, чеченлар, ингушлар, қорачойлар ва болқорлар ҳам айнан мана шундай геополитик сабаблар туфайли уруш йиллари ўз яшаб турган ҳудудларидан депортация қилинган. Шунингдек, ўша пайтларда мазкур ҳудудларда истиқомат қилувчи нославян миллат вакилларига нисбатан юқори ишончсизлик ҳам Совет маъмурларини мажбурий депортацияга ундаган сабаблардан биридир.
Қрим татарларининг оммавий депортациясининг яна бир сабаби сифатида баъзи манбалар у ернинг яҳудийлар учун бўшатиш лозим бўлгани билан изоҳлайди. ХХ асрнинг 20 йилларида яҳудийлар оммавий равишда Қримга кўчиб кела бошлайди ва ўша пайтда Қрим Яҳудий автономияси тузилиши ҳақида фикрлар пайдо бўла бошлайди. 1939 йилги аҳолини рўйхатга олиш натижалари шуни кўрсатадики, 1926 йилда Қримдаги яҳудий миллатига мансуб фуқаролар 16 593 нафарни ташкил этган бўлса, 1939 йилга келиб бу кўрсатгич 65 452 кишига етади. Яҳудий колониялари Украина жанубида ва Қримнинг шимолий қисмида ташки этилади.
Сургун натижалари ва Қрим татарлари реабилитацияси
Қрим татарлари сургуни натижасида дастлабки уч йилда сургун қилинганларнинг 20 фоиздан 46 фоизигача очлик, касаллик, қашшоқликдан қирилиб кетди. Сургуннинг илк йилида 16 ёшдан кичик бўлган болалар вафот этганларнинг ярмини ташкил қилган.
Татарлар сургунидан кейин Қримдан греклар, болгарлар ва немислар 1945 йил июнида кўчириб юборилди ва Қрим автономияси тугатилди ҳам РСФСР таркибидаги вилоятга айланиб қолди. Асосан Қрим татарлари истиқомат қиладиган жанубий ҳудудлар бўшаб қолди. Ҳукумат у ерларга руслар ва украинларни кўчириб олиб келди. Совет ҳукумати татарлар обидаларини бузиб ташлади, қўлёзмалар ва китобларини ёқди, масжидлар эса дўкон ва кинотеатрларга айлантирилди.
1944 йилдан то 1989 йилгача бирорта қрим татарларга ўз ватанларига қайтишга рухсат берилмаган. Улар яшаб келаётган махсус лагерларда шароит 50 йиллар иккинчи ярмидан бошлаб яхшиланган бўлса-да, уларнинг ватанга хиёнатлари ҳақидаги айбловлар олиб ташланмади. Ўтган асрнинг 50—60 йилларида улар ўз ватанларига қайтиш учун курашди, аммо бунга эриша олмади. Совет Иттифоқи арбобларидан бири Анастас Микоян Қрим татарларининг ўз ватанларига қайтарилмаганининг ва Қрим-Татар автоном ССРнинг қайта тикланмаслик сабабини қуйидагича изоҳлайди: «Қрим-татар автоном республикаси тикланмаганининг асосий сабаби қуйидагича эди: унинг ҳудудида бошқа халқлар истиқомат қилар ва татарлар қайтиб келганидан кейин кўп одамлар яна кўчирилиши керак эди».
СССР Олий Кенгаши Президиумининг 1967 йил 5 сентябрдаги 493-сонли «Қримда яшовчи татар фуқаролари тўғрисида» ги қарори, «1944 йилда Қримни фашистлар истилосидан озод қилгандан сўнг Қримда яшовчи татарларнинг маълум бир қисмининг немис босқинчилари билан фаол ҳамкорлик қилиш фактлари асоссиз равишда барча Қрим аҳолисига қарши қўлланилгани тан олинди. 1989 йил 15 ноябрда СССР Олий Кенгаши томонидан Қрим татарлари ва бошқа халқларнинг депортация қилиниши ноқонуний деб топилди ва жиноят дея баҳоланди.
Қрим татарларининг оммавий қайтиши СССР Министрлар Советининг 1990 йил 11 июлдаги 666-сонли қарори билан бошланди. Қайтиш бошланган дастлабки тўрт йилда жами 250 минг киши ўз юртига қайтиб келди.
2014 йил 21 апрелда Қрим Россияга қўшиб олингандан сўнг Россия Президенти Владимир Путин Қрим татарлари ва Сталин қатағонидан азият чеккан бошқа халқларни реабилитация қилиш тўғрисида қарор имзолади. Аммо муаммо бу билан ҳал бўлиб қолмади. Баъзи ОАВлар ва халқаро ташкилотларнинг хабар беришича, Қрим Россия таркибига қўшиб олинганидан сўнг маҳаллий татарларга нисбатан Россия ҳукумат доираларининг репрессиялари ортган. Қрим Мажлиси экстремистик ташкилот дея рўйхатга олинган ва бир қатор мажлис аъзоларининг уйлари тинтув қилинган.
Васви Абдураимовнинг сўзларига кўра, Қрим татарларини реабилитация қилиш Россия Федерациясининг «18.06.1991 йилдаги сиёсий қатағон қурбонлари реабилитацияси тўғрисида»ги 1761-1-сонли Россия қонунининг ҳуқуқий ҳужжатларига асосланиши керак. Абдураимовнинг сўзларига кўра, Қрим-татарлар муаммоси билан боғлиқ деярли барча масалаларнинг ечими Қримда тўсиб қўйилган.
Баъзи мутахассислар фикрича, қрим-татар халқининг депортацияси БМТ нормаларига мувофиқ геноцид деб баҳоланиши мумкин. Шу сабабли 2015 йилда Украина Олий Радаси Қрим-татар халқининг депортациясини геноцид деб тан олди ва 18 майни қрим-татар халқининг геноцид қурбонлари хотирасини ёд этиш куни этиб белгилади. 2019 йил 10 май куни Латвия, 6 июнь куни Литва мазкур депортацияни геноцид деб тан олди.
Жаҳонгир Остон тайёрлади. “Замин” янгиликларини “Одноклассники”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
“Ҳизбуллоҳ” бир суткада Исроилга қарши 20 га яқин ҳарбий амалиёт ўтказди
Рамзан Қодиров Ғарб давлатларига ҳужум қилишга чақирди: “Ҳақиқий уруш қандайлигини ҳис қилишсин”
Мeтаболизм секинлашганининг белгилари
2026 йилда бўлажак мундиалнинг фаворитлари рейтинги тақдим этилди
Халқаро жиноят судининг ордери Исроилни нега қўрқитяпти?
Ҳар пайшанба жисмоний тарбия ва спорт куни сифатида белгиланади
Италия суди Қуддус Исроил пойтахти эмаслиги ҳақида қарор чиқарди
Қозоғистон Украина атрофидаги вазият туфайли ҳарбий ва фуқаролик объектлари хавфсизлигини кучайтирди