09:36 / 20.01.2022
2 047

Маҳаллаларда ёшлар етакчиси лавозими жорий этилади

Маҳаллаларда ёшлар етакчиси лавозими жорий этилади
Фото: Shutterstock
Етакчиларга улар бириктирилган маҳалладаги хонадонлар сонига мутаносиб равишда 4-5 млн сўм ойлик иш ҳақи тўланади. 2022 йилнинг 1 мартидан бошлаб эса айрим ёрдам турлари ёшлар етакчисининг тавсияси асосида берилади.

Президентнинг “Маҳаллаларда ёшлар билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Унга кўра, ёшлар билан ишлашнинг янгича бошқарув механизмларини жорий этиш, улар билан ишлашнинг вертикал тизимини яратиш, ёшлар муаммоларини бевосита маҳаллаларда ҳал этиш, таълим муассасаларида маънавий-маърифий ва тарбиявий ишларнинг самарадорлигини янада ошириш мақсадида ҳар бир маҳаллада ёшлар етакчиси лавозими жорий этилмоқда.

Қуйидагилар ёшлар етакчисининг асосий вазифалари этиб белгиланди:
  • “Ёшлар баланси”ни шакллантириш, ёшлар тўғрисидаги зарур маълумотларни “Ёшлар дафтари” ва “Ёшлар портали” электрон платформаларига киритиб бориш, улар билан самарали иш ташкил қилиш;
  • маҳаллаларда ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, миллий халқ ўйинлари ва спорт турларини ёшлар орасида оммалаштириш, Беш муҳим ташаббус лойиҳалари, ёшлар фестиваллари ва бошқа маданий-маърифий тадбирларни амалга ошириш;
  • ёшларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, иқтидори, истеъдоди ва ташаббусларини рағбатлантириш ҳамда ҳаётда ўз ўрнини топишларига кўмаклашиш;
  • ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ҳамда уларнинг интеллектуал жиҳатдан камол топишини ва маънавий ривожланишини таъминлаш;
  • ҳуқуқбузарлик содир этишга мойиллиги бўлган ёшлар билан тизимли ишлаш, жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган, ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасаларидан қайтиб келган ёшларнинг ижтимоий-педагогик реабилитация қилиниши ва мослашувига кўмаклашиш.

Етакчилар ўзига бириктирилган маҳаллаларда фаолиятини маданият ва санъатни тарғиб қилиш, соғлом турмуш тарзи ва спортни оммалаштириш, ахборот технологияларидан самарали фойдаланишни ташкил қилиш, маънавият ва китобхонликни тарғиб қилиш, ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ва ҳуқуқий саводхонликни ошириш, тадбиркорлик ғояларини қўллаб-қувватлаш каби асосий йўналишларда амалга оширади.

Қарорга кўра, ҳар чоракда маҳаллада ёшлар сиёсатини самарали амалга оширишда юқори натижадорликка эришган мамлакат бўйича энг илғор 100 нафар етакчи бир ойлик иш ҳақига тенг миқдорда бир марталик пул мукофоти билан тақдирланади. Шунингдек, фаолиятини самарали ташкил этган, ўзининг шахсий фазилатлари билан ёшларга намуна бўлган етакчилар “Янги Ўзбекистон ислоҳотчиси” кўкрак нишони билан тақдирланади.

Етакчининг ойлик иш ҳақи миқдори у бириктирилган маҳалладаги хонадонлар сонига мутаносиб равишда қуйидагича белгиланади:
  • хонадонлар сони 500 тагача бўлган маҳаллада – меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 5 баравари миқдорида;
  • хонадонлар сони 501 тадан 1 000 тагача бўлган маҳаллада – меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 5,5 баравари миқдорида;
  • хонадонлар сони 1 000 тадан ортиқ бўлган маҳаллада – меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 6 баравари миқдорида.

Ҳужжат билан Вазирлар Маҳкамаси аппарати тузилмасида ходимларнинг умумий чекланган сони доирасида 3 нафар штат бирлигидан иборат бўлган Ёшлар ишлари шуъбаси ҳамда Ёшлар ишлари агентлиги, унинг ҳудудий бошқармалари ва бўлимлари тузилмаларида маҳалла ва таълим муассасаларида ёшлар билан ишлаш бўлинмалари ташкил этилмоқда.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Маҳаллаларда ёшлар етакчиси лавозими жорий этилади