Дилбар Икромова: “Гавҳар бўлсанг, балчиққа тушсанг ҳам ялтираб турасан” » Ўзбекистон янгиликлари – Zamin.uz

Дилбар Икромова: “Гавҳар бўлсанг, балчиққа тушсанг ҳам ялтираб турасан”

Дилбар Икромова: “Гавҳар бўлсанг, балчиққа тушсанг ҳам ялтираб турасан”

Галдаги қаҳрамонимиз ҳақида сўз кетганида француз ёзувчиси Оноре де Бальзакнинг “Майда роллар йўқ, майда актёрлар бор”, деган фикри ёдимга тушаверади. Ўзбекистон халқ артсити Дилбар Икромова ортга назар солиб, ҳаёт ва ижод йўлини ёдга олди... Бу ҳақда "Darakchi" нашри ёзмоқда.

“ҚИЗИНГНИ СОҒЛИГИ ЖОЙИДА ЭМАС!”

— Ортга назар ташлаганимда, бахтли болалигимни хотирлайман. Отам Илҳомбек Ўзбекистонда хизмат кўрсатган агроном бўлган. Онам Жамилахон эса уй бекаси эди. Оилада саккиз фарзандмиз, икки ўғил, олти қизнинг учинчисиман. Онам ўзи ўқиёлмагани учун ҳамма болаларини олий маълумотли қилишни орзу қилган ва бу ниятига эришган. Болалигимда шўх, тўполончи бўлмаганман. Боиси ўзимни дунёимда яшардим, ҳалигача шундайман ва у “олам”га ҳеч кимни киритмайман.

Ёдимда, ҳовлимизда тандир бўларди, пастки қисмига мато илиб, тагига кириб бир ўзим орзуларга берилганча хаёлот оламида ўтирардим. Дугоналарим билан камдан-кам кўчада бирга ўйнардим. Оилада кўпчилик бўлишимизга қарамай, ейиш-ичиш, кийишдан қийналган эмасмиз. Байрамларда отам онамга “Сен бугун ошхонадан озодсан. Фарзандларим билан таом тайёрлаймиз”, дерди. Катта-катта балиқларни дид билан қовурарди. Биз болалар ҳам отамизга интилардик, доим ишда бўлгани учун кам кўрардик-да.

Отамнинг шеър ўқиши, расм чизишига, онамнинг эса дутор чалишига маҳлиё бўлиб ўтирардим. Онамнинг шу ҳислати менга ўтмаган-да, деб ўкинаман. Бувим ҳаммамизни йиғиб, эртак айтганида бошимни оёғимнинг орасидан чиқариб, уч букланиб ўтирсам, “Жамила, шу қизингни хонадан олиб чиқ. Қизинг ғалати-я, шифокорга кўрсатинглар”, деб жиғибийрон бўларди. Эгилувчанлигим юқори бўлгани учун ҳар хил ҳаракатлар қилишни яхши кўрардим.

Отам сафарлардан ҳаммамизга алоҳида ўйинчоқлар олиб келарди. Опам, синглларимга қараганда, мен ўзимнинг қўғирчоқларимни авайлаб-асрардим, ҳатто кийимларини ҳам кир қилмасдим. Битта қутида гербарий, иккинчисида ўйинчоқлар, учинчисида “кетка”лар йиғардим. Ва дугоналарим билан бир-биримизга мақтанардик.

“ТЕАТРДАН КЕТ, ДЕЙИШГАН...”

— 207-мактабда меҳрибон, талабчан устозлардан таҳсил олганман. Ўша кезлари ҳозирги Ўзбек Миллий академик драма театрида саҳналаштирилган Қудрат Хўжаев, Олим Хўжаев, Замира Ҳидоятова иштирокидаги спектаклни кўриб қолганман. Балки санъатга бўлган меҳр, иштиёққа шу саҳна асарининг сеҳри сабаб бўлгандир.

Ўшанда бу қизиқишимни ҳеч кимга айтолмаганман. Лекин опа-сингилларим, дугоналаримни уйимизга йиғиб, хонага катта мато илиб, йиғган ўйинчоқларимдан томоша қўйиб берардим. Эгилувчанлигим сабаб, Чайковскийнинг “Оққуш кўли”ни ижро этиб берардим. Опам “Эгилувчанлигимнг жуда юқори, сен балерина бўлишинг керак”, деб ижроимга тан берганча, хўнг-хўнг йиғларди. Болаликда рақсни берилиб ижро этган бўлсам керак-да, лекин ҳозир ўша ишим мен учун кулгили.

Санъаткор бўлиш орзуси билан 10 йиллик мактабни тамомлаганман. Ҳатто 16 ёшимда балетмейстер, моҳир раққоса Мукаррам Турғунбоевага “Раққоса бўлиш ниятим бор, мени ўқишга қабул қилинг”, деган мазмунда яширинча хат ёзиб, почтага ташлаб келганман.

Кунларнинг бирида уйимизга жавоб мактуби келган. Онам ҳайратланиб “Дилбар, сенга хат келибди”, деган. Очиб ўқисак, “Келиб суҳбатдан ўтинг”, деб ёзилган.

Бир олам орзу ва ҳаяжон билан Хореография билим юртига борганман. Иккита рус аёл мени кўриб, “Қизим, кеч қолибсан. Бу ердаги қизлар 16 ёшда профессонал рақс ижро этишади. Яхшиси А.Н.Островский номидаги Тошкент театр ва рассомлик санъати институтига ҳужжат топшир. У ерда актёрликка ўқийсан”, дейишган. Очиғи, актёрликка қизиқишим бўлмаса-да, бир бориб кўрайчи, деган фикр туғилган. Онам эса “Сени у ерга ўқишга қабул қилишмайди, кичкинагина, кўримсиз қиз бўлсанг. Актёрликка келишган йигит-қизларни қабул қилишади”, деган.

Бола бўлишимга қарамай, иродам кучли эди. Ўзимга ўзим ҳали ҳаммага мендан ҳам санъаткор чиқишини исботлайман, дегандим. Отамга онам рухсат бермаганини айтганимда, “ҳеч кимга индамай, ҳужжатларингни топшириб келавер”, дея мени руҳан қўллаб-қувватлагани ёдимда.

Имтиҳонда ҳайъат-аъзоларининг биринчи саволи: “Сиз ўзи мактабни тамомлаганмисиз? 5-6 синф ўқувчисига ўхшар экансиз”, деб кулишганди. Кейин “Қайси асардан парча ўқиб берасиз?” дейишганида “Бой ила хизматчи”даги Сифат бувини”, десам яна кулги кўтарилган. Маҳорат билан ижро этиб бериб, имтихондан муваффақиятли ўтгандим. “Имтиҳонга келганларнинг бари бош қаҳрамонларни ижро этишга интилишади. Сизнинг бошқа йўлдан борганингиз маъқул келди”, дея ўқишга қабул қилишган.

Лекин ёрдамчи гуруҳда эдим, чунки чиройли қизлар кўп эди-да. Шунда курс раҳбаримиздан “Ёрдамчи гуруҳ нима дегани ўзи?” деб сўраганимда “Ҳозирча шу гуруҳда ўқийвер. Биринчи босқичда ўқишдан ҳайдаладиганлар топилади. Шунда сени ўқишга қабул қиламиз. Синовдан ўтгансан, яхши актриса бўласан”, деганди.

Кунларнинг бирида катта опам талабалик гувоҳномамни сўраб қолган. Йўқлигини айтсам, опам “Дада, қизингиз ўқимаяпти”, деган. Отам хавотир билан ректорнинг олдига борган. Шунда у киши “Қизингизни янги йилдан ўқишга қабул қиламиз. Имтиҳонларни аъло даражада топишрган”, деган. Учинчи босқичда ўқиб юрган кезларим ҳозирги Ўзбек Миллий академик драма театрида «Бой ила хизматчи» спектакли саҳналаштирилаётган экан. Устозим “Мастон ролига мос актриса излашяпти, бориб Тўла Хўжаев деган одамга учрайсан”, деган. Театрнинг қоровуллари “Бир чеккада тура туринг, кимдир чиқса олиб киради сизни ичкарига”, деган. Болалигимга бориб, анча вақт театрнинг эшиги олдида тураверганман.

Шунда Ўзбекистон халқ артисти Тўти Юсупованинг турмуш ўртоғи – труппа бошлиғи Мирфаёз ака “Анчадан бери шу ерда турибсан. Кимни олдига келдинг?” дея жавобимни олгач, катта-катта санъаткорлар ўтирган хонага олиб кирган. Ўша вақтдаги ҳаяжонимни сўз билан ифодалаб беролмайман, уларни кўриб лол бўлиб қолганман. Шу тариқа Мастон ролини ижро этганман.

Тўла Хўжаев доим мени негадир “ўғлим”, дерди. У кишидан санъатнинг кўп сир-асрорларини ўрганганман. Насибам қўшилган экан, 1968 йили ёрдамчи гуруҳга ишга қабул қилишган. Машҳур режиссёр Тўла Хўжаев 1970 йилда мени ишга таклиф қилган, ҳозиргача шу театрда ижод қилиб келаман. Ҳаёт бир маромда давом этмас экан. Кўпчилик актёрлар “Бу ерда умрингни ўтказма, кет”, дейишарди. Бу руҳиятимга таъсир қилиб, ўксинганимдан ўйчан бўлиб қолгандим. Шунда онам “Ишдан кетмагин. Гавҳар бўлсанг, балчиққа итариб юборишса ҳам ялтираб турасан”, дея ўринли маслаҳат берган. Бу мен учун катта далда эди.

Ролсиз қолган кунларим жуда қаттиқ тушкунликка тушиб, “Кетсаммикан?” деган иккиланиш ҳам пайдо бўлган. Узоқ вақт оммавий саҳналарда иштирок этиб юрганман-да. Бундан ташқари оғир кунларни ҳам бошдан кечирганман, бу ҳақда гапириш тугул, эслашни ҳам истамайман...

Ёдимда устоз санъаткор Наби Раҳимов “Шу актрисага эътибор қилинглар, жуда истеъдодли”, деб мен қўлларди доим. 35 ёшимда Саид Аҳмаднинг “Келинлар қўзғалони” асари фильм қилинганда Сотти ролини ўйнаганимдан сўнг томошабин мени актриса сифатида қабул қилди. Шунда ўзимга нисбатан ишонч пайдо бўлган ва театрдан кетиш фикримдан қайтганман. Лекин бирор марта бош қаҳрамонлар ролини ижро этмаганимдан сира афсусланмайман. Чунки бунга интилмаганман ҳам, характерли ролларга қизиққанман-да.

Театрда момо, она ролларини ижро этардим, 80 йиллардан бошлаб кинода ҳам кампир ролига чақира бошлашди. Кўчада кўрган мухлислар “Вой, ёш экансиз-ку”, дейишади. Ёшлик вақтимда қарияларни ролини ижро этиб тўғри қилган эканман. Йўқса, қариган чоғимда “ёш экансиз!” деган эътирофни эшитолмасдим-да (кулади).

Актриса сифатида қийинчиликларга учраб, кейин ёруғ кунларга эришган аёл қисматини ижро этгим келади. Шу ўринда айтиб ўтиш жоиз, бу истак ўз кечинмаларим билан боғлиқ эмас. Чунки шахсий ҳаётим ва ишни бир-бирига сира аралаштирмайман.

Аёл тақдири билан боғлиқ кўнглимга ўтирган асарлардан бири бу режиссёр ва актёр Турғун Азизовнинг “Ўзбекча рақс” спектакли. Анчадан буён ролсиз юрган кунларимнинг бирида Турғун ака “Шу пьесани ўқиб кўргин”, деб қолди. Очиғи, асардаги аёл Қумри чеварнинг қисмати таъсир қилиб йиғлагандим. Бу роль актрисанинг бор имкониятини очиб беришига ишонганман.

Актрисалар Турғун акага “Бу Дилбар Икромованинг роли эмас!” деб айнитишга уринишарди. Шунда ўзимга ўзим “Майли, айнитаверинглар, ортимдан ханжар санчсанглар ҳам розиман. Лекин ўттизинчи бўлсам-да, шу ролни ижро этаман”, деб олдимга мақсад қўйгандим. Ҳатто тақдимотда томошабинлар гулдаста бераётганида ҳам ўзимни тиёлмай ҳўнг-ҳўнг кўзёш тўккандим.

“ИСТЕЪДОД”ЛАР ОРАСИДА КЎРИНМАЙ ҚОЛЯПМАН”

— Томошабин ишонувчан. Комедиядаги ролларимни кўриб, “Дилбар Икромова ҳаётда ҳам шундай хушчақчақ бўлса керак”, деб ўйлашаркан. Мен билан суҳбатда бўлганлар “Жуда жиддий, камгап экансиз-а? Атай шундай юрасизми?” дейишади (кулади). Курсдошларим ҳам “Дилбар ҳаётда ва саҳнада бошқа-бошқасан-а?” дейишади. Демак, менда иккита одам яшаса керак-да.

Касбимни севганимдан бўлса керак, комедияларим ҳам ўзгача чиқади. У хоҳ кино, хоҳ клип бўлсин, роль дидимга ўтирмаса ижро этмайман. Борди-ю ёқса, қўлимдан келган имкониятларни ишга солиб, ролимни ижро этиб бераман.

Ҳар бир актёр кўнгилдагидек асарда истеъдодли режиссёр билан ишлашни орзу қилиб яшайди. Айни дамда менда ҳам шу истак устувор. Очиғи, бугунги драматургия мени қониқтирмайди. Лекин ҳар бир драматург ёзган асарини дурдона асар деб билади. Гоҳида йўқдан бор қилиб ўйнаб берасан, лекин барибир актёр айбдорга чиқади. “Қуёшни сен уйғотасан” асарини режиссёр Валижон Умаров кўз ўнгимдан йўқдан бор қилиб берган ва маза қилиб роль ижро этгандим.

Баъзи хусусий фильмларимиздан ҳам кўнглим тўлмайди. Очиғи, таксига ўтиришдан безорман, чунки доим бир хил саволни эшитаман. Сўнгги вақтларда ҳайдовчилар “Бир савол берсам майлими?” дейишса, “Сиз савол берманг, мен жавобини айтаман”, дейман. “Нега кўринмайсиз?” деган саволлар ҳам бўлади, “Истеъдод”лар кўпайиб кетганда, улар орасида кўринмай қоляпман”, деб қўяман (кулади).

Хусусий фильмда роль ижро этмаган одам қолмади, назаримда. Фильмларни кўриб, худди сериал кўраётганга ўхшайман. Бу ҳам бир ўтиш даври. Ёш бола ҳам бир-икки қоқилади ва шу тариқа юришни ўрганади. Хусусий фильмларимиз ҳам шу жаарённи бошдан кечиряпти. Роллар масаласига келсак, буви, амма, хола, қўшни ролларидан ортмай қолдик. Рости, сўнгги вақтда фильмлардан таклифлар бўлмаяпти. Зулфиқор Мусоқав, Ҳилол Насимов, Собир Назармуҳамедовнинг фильмларидан роль ижро этиш орзусидаман.

“ОНАМ ДОИМ ДАЛДА БЕРАРДИ”

— Шахсий ҳаётим ҳақида гапиришга одатланмаганман. Бу борада айта оладиганим — ўғлим Муроджон. Асосан онамнинг тарбиясини олган. Лекин ишим тугади, дегунча уйга югурардим. Сира ҳамкасбларим билан гаплашиб ўтирмас ё ушланиб қолмасдим. Эшикдан киришим ҳамон ўғлим мен билан йиғлаб кўришарди. Ҳозир ҳам гастролларга кетсам, қўнғироқ қилиб “Қачон келасиз?” деяверади. Оиланг бор, бўлди энди, деб куламан. Лекин эътиборидан бошим кўкка етади.

Онам шахсий ҳаётим ва ишимдаги қийин кунларимда ҳам “Мен борман-ку!” деб доим далда бўларди. Онанг ҳаёт бўлса, бағринг бутун бўлади. Гоҳида яқиним Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Раъно Ярашева “Ўзингиз кампирсиз-ку, яна “Онам”, деб йиғлаб ўтирасиз-а?” деса беихтиёр кулиб юбораман.

Онам доим “Ўзбекистон халқ артисти” унвонини олганингни кўрсам, армоним йўқ эди. Кейин ўлсам ҳам майли эди”, дерди. Айтганидек, унвон олганимдан бир ой ўтиб 84 ёшда вафот этди. Отам эса 74 ёшида оламдан ўтган. Ёруғ кунларга чиққанимни деярли кўришолмади, деб ўкинаман. Ҳасанжон укам кутилмаганда 40 ёшида вафот этган, эсласам вужудим ёниб кетаман. Булар менинг армонларим...

Ўғлим “Санъаткор бўлсаммикан?” деб иккиланганида кўзинг етадиган ишни қилгин, деб маслаҳат берганман. Ва Тошкент давлат шарқшунослик институтида ўқиди. Келиним Зоҳирахон билан ҳам ўқишда танишиб, бир-бирларига кўнгли қўйишган. Аслида Муроджонга “Тоғора кўтариб эшикма-эшик юрмайман. Келинни ўзинг топ!” дегандим. Шукр, саккиз йилдан буён аҳил, бахтли яшаб келишяпти.

Келинимга ҳар томонлама ёрдам беришга ҳаракат қиламан. Зоҳирахон иш билан банд бўлса, набираларим Муслимахон, Имонахон билан ўйнаб, дарс қилиб ўтирамиз. Гоҳида билмай хафа қилиб қўйсам керак, деб ўйлайман. Истагим - ўғлим билан келиним бахтли бўлишсин!

БИЛАСИЗМИ?
• 1947 йилнинг 17 июлида Тошкент вилоятининг Бекобод шаҳрида туғилган.
• 1996 йилда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист унвонига сазовор бўлган.
• У 2001 йилда Ўзбекистон Республикаси халқ артисти» фахрий унвонига сазовор бўлди.
• 2015 йил Ўзбек Миллий академик драма театрининг 100 йиллиги муносабати билан “Меҳнат шуҳрати” ордени билан тақдирланган.

Бизни Телеграм орқали кузатиб боринг: https://telegram.me/zaminuz

Рейтинг:
  • Dislike
  • 0
  • Like
Ҳавола:
Ўқишни тавсия қиламиз

Рейтинг@Mail.ru