Тиббиёт ташкилотлари тузилмаси оптималлаштирилади » Ўзбекистон янгиликлари – Zamin.uz

Тиббиёт ташкилотлари тузилмаси оптималлаштирилади

Тиббиёт ташкилотлари тузилмаси оптималлаштирилади

Ўзбекистонда тиббиёт ташкилотлари тузилмаси оптималлаштирилиб, тиббий хизматлар тарифларини шакллантириш тартиби қайта кўриб чиқилмоқда.

Ўзбекистон ҳукумати 10 сентябрь куни 2016−2020 йилларда тиббиёт ташкилотлари тузилмасини янада оптималлаштириш ва соғлиқни сақлаш тизими тиббиёт ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарорни эълон қилди.

Ҳужжатда айрим тиббиёт ташкилотларини туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмаларига ва минтақавий кўп тармоқли тиббиёт марказларига қўшиш (30 та муассасага тааллуқли), уларга тегишли функцияларни ва штатдаги ходимлар сонини бериш, қайта ташкил этиш ва тугатиш йўли билан айрим тиббиёт ташкилотларини оптималлаштириш, сил касалликларига қарши муассасалар биноларини реконструкция қилиш тугалланишига кўра уларнинг койкалар фондини қисқартириш (6592 тадан 1450 тага), айрим тиббиёт ташкилотларида тўлов асосида тиббий хизматлар кўрсатишдан тушадиган бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобига таъминланадиган койкалар фонди улушини ва беморларни қабул қилиш қувватларини босқичма-босқич кўпайтириш кўзда тутилган.

Яқин муддатларда тиббиёт ташкилотларининг янгиланган штат нормативлари тасдиқланади. Уларда марказий туман (шаҳар) кўп тармоқли поликлиникалари, «тез тиббий ёрдам» хизматлари, қон қуйиш бўлимлари, шунингдек давлат санитария-эпидемиология назорати марказлари тиббиёт ходимларининг иш юкламаси нормаларини, уларнинг замонавий тиббиёт ускуналари билан жиҳозланганлиги даражаси билан боғлаб, диагностика, даволаш ва лаборатория тадқиқотларининг илғор технологиялари ва методлари жорий этилишини ҳисобга олган ҳолда қайта кўриб чиқилади.

Шунингдек, шифокор назоратини кеча-кундуз давомида ташкил этиш ҳисобига, хизмат кўрсатиладиган контингент хусусиятидан келиб чиққан ҳолда, мазкур ташкилотлар учун қўшимча равишда 246 нафар врач ҳамда 149 нафар ўрта ва кичик тиббиёт ходими лавозимлари ажратиб, тиббий-ижтимоий муассасалар томонидан кўрсатиладиган тиббий ёрдам кучайтирилади.

1 декабрга қадар 2000 аҳоли ҳисобига 1,5 лавозим бирлиги штат нормативидан келиб чиққан ҳолда қишлоқ врачлик пунктларини ва оилавий поликлиникаларни патронаж ҳамширалар билан қўшимча равишда тўлдирилади.

Тиббиёт ташкилотлари тузилмасини оптималлаштириш натижасида бўшайдиган маблағлар тиббий-ижтимоий муассасаларда қўшимча ходимлар сонини жорий этиш бўйича харажатларни қоплаш, тиббиёт ташкилотларининг дори-дармон препаратлари ва реактивлар, инвентарлар, сарфлаш материаллари ва ускуналарга эҳтиёт қисмлар билан таъминланганлигини яхшилаш, такомиллаштирилган тариф сеткаси бўйича меҳнатга ҳақ тўлаш разрядларини, шунингдек алоҳида меҳнат шароитлари учун қўшимча ҳақ ва тариф ставкаларига (лавозим маошларига) ҳар ойлик махсус устамалар миқдорларини ошириш ҳисобига тиббиёт ташкилотлари ходимларининг айрим тоифалари иш ҳақини оширишга йўналтирилади.

Қўшимча равишда ҳозирда амалда бўлган Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги тиббиёт муассасаларида аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат тарифларини шакллантириш тартибларини қайта кўриб чиқиш режалаштирилган.

Республика акушерлик ва гинекология илмий-амалий тиббиёт марказининг Нукус, Жиззах, Қарши, Наманган шаҳарларидаги филиаллари ҳамда ҳудудий перинатал марказларини қайта ташкил этиш йўли билан оналар ва янги туғилган гўдакларга кўрсатилаётган тиббий хизмат самарадорлиги ва сифатини ошириш белгиланган.

Ўзбекистоннинг барча ҳудудларидаги болалар стоматология поликлиникалари ҳамда хизмат кўрсатилаётган аҳоли сони 30 минг фуқародан зиёдни ташкил этувчи шаҳаларда янги оилавий поликлиникаларни тузиш йўли билан оилаларга ва болаларга тиббий хизмат кўрсатишни кучайтириш кўзда тутилган.

Бундан ташқари, Саломатлик ва тиббиёт статистикаси институти базасида соғлиқни сақлаш ташкилотлари тизимини такомиллаштириш, тиббий хизматлар самарадорлиги ва сифатини ошириш, аҳоли саломатлиги ҳолати мониторинги ва таҳлилини юритиш, тиббиёт соҳасини ривожлантириш истиқболларини таҳлил қилиш масалаларини ўрганиш бўйича замонавий илмий-тадқиқот институтини ташкил этиш режалаштирилмоқда.

Манба:"gazeta.uz"

Бизни Телеграм орқали кузатиб боринг: https://telegram.me/zaminuz

Рейтинг:
  • Dislike
  • 0
  • Like
Ҳавола:
Рейтинг@Mail.ru