«Шаҳрисабз вино-ароқ» ҳайдовчиси самбо бўйича Исроилда ўтган жаҳон чемпионатида биринчи бўлди » Ўзбекистон янгиликлари – Zamin.uz
20-11-2015 | 10:53 ZAMIN.UZ / Спорт / 20 Ноябр 2015 года
514

«Шаҳрисабз вино-ароқ» ҳайдовчиси самбо бўйича Исроилда ўтган жаҳон чемпионатида биринчи бўлди

«Шаҳрисабз вино-ароқ» компаниясида ҳайдовчи бўлиб ишловчи 38 ёшли Муродулла Назаров Исроилнинг Ашдод шаҳрида ташкил этилган самбо бўйича фахрий-усталар ўртасидаги жаҳон чемпионатида 35—39 ёшлилар тоифасида ва 62 килограммгача бўлган вазн тоифасида биринчи ўринни эгаллади. Бу ҳақда «Қашқадарё» газетаси хабар бермоқда.

Foto: “Qashqadaryo” gazetasi

«Шаҳрисабз вино-ароқ» компанияси ҳомийлигида мусобақага йўл олган Муродулла Назаров финалгача Греция, Литва ва Қозоғистон полвонларини, ҳал қилувчи баҳсда эса россиялик спортчини мағлуб этди. «Унинг шарафига Ўзбекистон мадҳияси янгради ва Давлат байроғи кўтарилди», — дейилади газета хабарида.

Қайд этишларича, мусобақада жаҳоннинг 24 мамлакатидан 267 нафар спортчи қатнашган. Ўзбекистон шарафини саккиз нафар спортчи ҳимоя қилиб, Назаровдан ташқари, қамашилик Бахтиёр Тўраев 55—59 ёшлилар тоифасида ва 100 килограммдан юқори вазн тоифасида олтин медаль эгасига айланган, яна икки ўзбекистонлик спортчи совриндор бўлган.

Жаҳон чемпионатидаги ғалабасини отаси — Шаҳрисабз пахта заводи ишчиси Зулфиқор Назаровга бағишлаган Муродулла Назаров самбо бўйича халқаро тоифадаги спорт устаси, жанговар самбо, дзюдо ва кураш бўйича спорт устаси ҳисобланади. У самбо бўйича ўсмирлар ва ёшлар ўртасидаги Ўзбекистон ва Осиё чемпионатларида бир неча бор ғолиб чиққан, жанговар самбо бўйича Жаҳон кубоги ва Россияда ташкил этилган халқаро мусобақаларда совриндор бўлган.

«Шаҳрисабз вино-ароқ» компанияси ҳайдовчиси 2016 йили самбо бўйича фахрий-усталар ўртасида Хорватия ўтказиладиган жаҳон чемпионатида қатнашиш билан чекланмоқчи эмас. «Орзуим — дзюдо бўйича фахрий-усталар ўртасидаги жаҳон чемпионатида иштирок этиш», — деди Муродулла Назаров.


Манба: Daryo.uz

Рейтинг:
  • Dislike
  • 0
  • Like
Ҳавола:
Рейтинг@Mail.ru