13:15 / 11.10.2020
5 116

Анвар Ғаниев тўйда биқинига ханжар тиқишгани ҳақида гапириб берди (видео)

Анвар Ғаниев тўйда биқинига ханжар тиқишгани ҳақида гапириб берди (видео)
Фото: «Дарё»
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Анвар Ғаниев «Дарё» интернет-нашрига эксклюзив интервью берди. Интервьюни «Дарё» мухбири Феруз Муҳаммад ташкиллаштирди.

Анвар Ғаниев суҳбат давомида тўйда биқинига ханжар тиқишгани, бу ҳолатни гуруҳидаги йигит кўриб турса-да, кўрмасликка олгани ҳақида гапириб берди.

- "Эски шаҳарда тўй бўлган, ўшанда қўшиқ айтиб турганимда, тўйхонага устоз Хайрулла Лутфуллаев келиб қолдилар. Менда шунақа одат борки, устозлар келиб қолса дарров қўшиқ айтишни тўхтатаман, иложи бўлса устозга чой қуйиб бериб, ёнларида тураман. Энди Хайрулла ака келиб қолганларидан кейин, қўшиқ айтишим ғалати эди, қўшиқ айтишни тўхтатдим.

Ўша вақтда битта бола келди, Мухриддин акани «Қиз бола» деган қўшиғини сўради, «Хўп, устоздан кейин айтамиз» дедим. Кейин бориб бурчакда ўтирдим. Бу 90 йиллардаги гаплар. Столни бурчагида ўтирибман, ҳалиги бола келиб ёнимга ўтирди, ёз куни эди, костюм киймаганман, енги калта кўйлакдаман. Қўлида ханжар. Узун стул, у пайтларда узун стул бўларди, кўрпача боғлаб қўйиларди, тўй ҳовлида бўляпти, ҳовли эса кичкина. Ханжарни ўнг тарафимга жигар томонимга тираб туриб, «Нимага айтмадинг қўшиқни?» деяпти.

«Устоз келдилар, ҳозир тугатсинлар, айтиб бераман» дедим. «Нега ҳозир айтмадинг» деб гапга кўнмаяпти. Борган сари ханжарни биқинимга ботиряпти. Нажот излаяпман. Гуруҳимиздаги бир йигит тўғримда ўтирибди, вазиятни билиб турибди, кўриб кўрмасликка олиб, бошқа жойга қараб турибди. Унинг бу иши роса алам қилганди. Секин бориб тўй эгасини айтиб келса бўларди-ку. У эса юзини буриб, кўрмаганга олиб турибди. Нима бўлса бўлади энди, дедим.

Шу пайтда бизни кимдир кўриб қолди, тўй эгаси обрўли киши экан, ханжарли йигитни ёқасидан ушлаб кўчага чиқариб ташлашди.

Лекин ўшанда ханжар биқинимга 2-3 см кирган эди. Аллоҳга шукр қиламан, ўша пайт секингина келиб ханжарни бир суқиб кетиши ҳам мумкин эди, Аллоҳ ўзи асради. Бирга юрган одамларимизнинг ҳам асл юзини кўрганмиз. Ҳаётда шундай вазиятлар ҳам бўларкан
", - дейди Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Анвар Ғаниев.

Маълумот учун, Анвар Ғаниев «Ўзим ҳофиз севган ёрим тўйида», «Оҳ, севаман», «Маликам», «Армон», «Кўнглима», «Соғиндим», «Жайрон» сингари кўплаб қўшиқлари мухлислар орасида оммалашган. Хонанда 2017 йилда «Халқлар дўстлиги» санъат саройида «Кутганим» деб номланган яккахон концерт дастурини ҳам тақдим этган.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Маданият » Анвар Ғаниев тўйда биқинига ханжар тиқишгани ҳақида гапириб берди (видео)