20:28 / 03.04.2024
247

Ўзбекистонда электромобилларга ўтиш тенденцияси қандай кетяпти?

Ўзбекистонда электромобилларга ўтиш тенденцияси қандай кетяпти?
Расмий маълумотларга кўра, охирги 1 йилда Ўзбекистонда электромобиллар савдоси 3 баробарга ошган. Kun.uz бу бозордаги охирги тенденциялар ва нархлар борасида электромобил импортчилари билан суҳбатлашди.

Хўш, охирги 3 йилда электромобиллар бозорида қандай ўзгаришлар бўлди? Охирги ярим йилда пасайган нархларнинг кейинги динамикаси бўйича қанақа кутилмалар бор?

Бу каби саволларга “Did Motors” автосалони раҳбари, автоблогер Дилшод Абдуллаев, “AJ Motors” автосалони таъсисчиси Жамшид Қосимов ва савдо директори Акмал Зиёев, “King Motors” автосалони раҳбари, автоблогер Хуршид Маҳамадов жавоб беришди.

— Охирги вақтларда электромобилларга талаб динамикаси қанақа бўлди?

Дилшод Абдуллаев
: Бошида сал камроқ эди, одамлар чўчиди. Бизда ҳамма жойда ҳам ток кучланиши 220 волт эмас. Лекин ҳозирги кунга келиб талаб жуда ошган, чунки бензин муаммоси, кўпчилик газда навбатда туришдан чарчагани учун тўлиқ электромобилга ўтиб кетяпти. Узоқ йўлга юрадиганлар эса гибрид – ҳам токда, ҳам бензинда юрадиган автомобилларни харид қилишяпти.

Жамшид Қосимов: Талаб динамикасида анча ўсиш бор. Бунга асосий сабаб – Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган Chevrolet автомобилларига рақобатбардош автомобиллар кириб кела бошлади. Ўзбекистонда ёқилғи – бензин, газ муаммоси қийинлашиб бориши оқибатида электромобилга талаб ошмоқда. Энди шаклланиб бораётган соҳа бўлгани учун бу фақат ўсишда давом этади.

Хуршид Маҳамадов: Динамика ҳар доим ўсишга қараб кетяпти, чунки бу янгилик. Электромобил бозоримиз ҳали бўш, бензинли машиналарга солиштирганда 10 фоизга ҳам етмадик. Талаб йилдан йилга ўсиб боради.

– 2024 йилда талаб қандай бўлади деб ўйлайсиз?

Дилшод Абдуллаев
: Албатта, ошади деб ўйлайман, чунки бутун дунё шу нарсага ўтяпти. Энг қиммат спорт машиналар ҳам, двигател билан дунё рекордларини урган Ferrari автомобиллари ҳам электромобилларга ўтяпти. Ўйлайманки, Ўзбекистонда ҳам электромобиллар кескин кўпаяди. Бу ҳавога ҳам фойда бўлади. Одамлар бензин, газ қуйишдан барибир чарчаган.

Хуршид Маҳамадов: Бензин нархи қимматлашиб боряпти, одамлар электрни танишни бошлаяпти. Ён-атрофидаги одамлар оляпти, улардан маслаҳатлашишяпти. Ҳаққоний фикрларни ҳайдовчилардан олишяпти.

– Нархлар динамикаси бўйича кутилмаларингиз қандай?

Акмал Зиёев: Нарх тушадими ёки қоладими деган саволдан олдин нарх нимага тушди, деган масала кўриб чиқилиши керак. 2022 йилда Хитойда электромобиллар таннархининг 40 фоизини батарея ташкил қилган. 2023 йилда бу 25-30 фоизга тушди. Батареянинг нархи 10-15 фоизга арзонлашди. Нима сабабдан арзонлашди? Унга қўшиладиган асосий компонент – карбонат литей жаҳон бозорида арзонлашди. 2022 йилда карбонат литейнинг нархи тахминан 69 минг долларни ташкил қилган бўлса, 2023 йилда нарх 22 минг долларга тушиб кетди. Яъни фарқини кўряпсизлар. Табиийки, хомашёнинг нархи тушганига батареянинг нархи тушди, батарея нархлари арзонлашиши эса электромобил нархлари тушишига олиб келди. Бу биз ўзимиз билган биринчи фактор.

Иккинчиси, Хитойнинг BYD компанияси мисолида оладиган бўлсак, у ишлаб чиқаришни кескин оширди. Ишлаб чиқарувчилар маҳсулотлар сонини ошириш таннархни туширишини яхши билишади. Ишлаб чиқариш ҳажми ошгани боис нархлар яна тушди. 2022 йилда BYD 1 млн 900 мингта электромобил ишлаб чиқарган бўлса, 2023 йилда шу сон 3 миллионтагача ошди.

Бу катта кўрсаткич. BYD'нинг ҳозирги пайтда олиб бораётган сиёсати шуки, жаҳон бозорида ўзининг улушини эгаллаш. Бу қандай йўл билан амалга ошириляпти? Албатта, нарх. BYD компанияси эҳтиёт қисмларининг деярли 100 фоизини ўзи ишлаб чиқаради, шунинг ҳисобига жаҳон бозорида нарх борасида рақобат қила оляпти. Табиийки, бу ҳолат бошқа автомобил ишлаб чиқарувчиларни ҳам BYD'нинг нарх сиёсати билан ҳисоблашишга мажбур қиляпти. Улар ҳам ё фойдасидан, ё бошқа томондан нархни туширишга мажбур қиляпти. BYD'нинг нарх сиёсати нафақат ички бозорда, балки Европа автосаноатига ҳам таъсир қилаётганини кўриб турибмиз.

Шу факторлардан келиб чиқиб, нарх тушадими-йўқми, ҳеч ким аниқ билмайди деб жавоб бериш мумкин. Бу хомашёга, ишлаб чиқариш потенциалига боғлиқ. Жаҳон бозорида хомашё нархи ошадиган бўлса, табиийки, нарх ошади, тушса, тушади. Булар биз билган омиллар, албатта, бошқа омиллар ҳам бор. Йиллар давомида кузатганларимиздан олган хулосаларимиз шулар.

Хуршид Маҳамадов: Бошидан келсак, 2021 йилда Covid'дан кейин транспорт жуда қиммат эди, логистика қимматга тушарди. Кейинчалик бу оптимизация бўлди. Бизда ҚҚС олдин 15 фоиз эди, кейин 12 фоизга тушди, бу ҳам плюс бўлди. Юаннинг курси ҳам таъсир қилди: олдин 1 доллар 6 юан бўлса, ҳозир 7-8 юанга қараб кетяпти. Бизда долларда тўлангани учун кучи кўпроқ. Шунинг ҳисобига нархлар арзонроқ тушяпти.

Хитойнинг ўзида ҳам рақобат жуда кучли, ҳар доим демпинг қилишади. Бир биридан арзонроқ ва сифатлироқ нарса беришга ҳаракат қилишади. Бу нарсани Tesla бошлаб берган, нархни бирданига 30 фоизга туширган. Бу нарса ҳалигача давом этяпти, нархлар тушиб боряпти. Аммо бу нарса бир кун тўхтайди барибир. Масалан, Lixiang компанияси бу йил нархни тушириш ўрнига кўтарди. Олдинги чиққан машиналар 5000 долларга қимматлади. Яъни ўсиши ҳам мумкин, доим пастга қараб кета олмайди.

Дилшод Абдуллаев: Нархлар яна тушади деб ўйлайман, бизда ҳам ишлаб чиқаришни бошлашса керак. Йил охирига бориб Хитойда нархлар тушаркан. Йил бошида 10 минг долларга сотилган машиналар нархлари йил охирига бориб 6 минг долларга тушиб қоларкан. Менимча, нархлар йилдан йилга тушади.

– Ўзбекистонда BYD ишлаб чиқариш бошланиши ички бозорда электромобиллар нархларига қанақа таъсир қилади, деб ўйлайсиз?

– Шу юртда туғилган, яшовчи фуқаро сифатида биз ҳам халқимиз учун қулай, арзон, халқни қийнамаган шартларда машина ишлаб чиқарилиши тарафдоримиз. Иккинчи тарафдан бу бизни шу соҳага инвестиция киритган тадбиркор сифатида бироз чўчитади. Ҳеч кимга сир эмас, илгари Chevrolet Lacetti'ни Кореядан ўзингиз учун олиб келмоқчи бўлсангиз, божхонада қийинчиликка дуч келардингиз. Агар рақобат соғлом бўлса, монопол кўринишда бўлмаса, бизнинг чўчийдиган жойимиз йўқ. Жаҳон миқёсида Хитой энг катта ишлаб чиқарувчи бўлса, Хитой 500 га яқин турли моделлардаги автомобиллар ишлаб чиқаради. BYD буларнинг ичида энг ривожлангани бўлса, ривожланиб келаётган бошқа компаниялар ҳам бор. Балки биз уларни олиб келишни бошлармиз. Рақобат соғлом бўлса, чўчимаймиз, бўлмаса аҳволимиз оғир бўлиши мумкин.

Хуршид Маҳамадов: Бу умуман таъсир қилмайди. Ҳали бизда [етарлича маҳаллийлаштирилган ҳолда] ишлаб чиқарилишига менинг кўзим етмайди. Ишлаб чиқарилди ҳам дейлик, лекин таъсир қилмайди. Улар ҳам нархларни стабил ушлаб туришга ҳаракат қилишади. Улардаги асосий қулайликлардан бири бу – кафолат. Яъни 5-6 йилга кафолат беришяпти.

Мадина Очилова суҳбатлашди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Авто » Ўзбекистонда электромобилларга ўтиш тенденцияси қандай кетяпти?