date

Ўзбек ҳайдовчилари Россия “қора рўйхати”га тушмоқда

Ўзбек ҳайдовчилари Россия “қора рўйхати”га тушмоқда

Ўзбекистонлик халқаро юк ташувчи ҳайдовчилар орасида Россиянинг “қора рўйхати”га тушиб қолиш ҳолатлари кўпаймоқда. Бу ҳақда Миграция агентлиги расман огоҳлантириш берди.

Маълумотларга кўра, 2025 йил ҳолатигача Россиядаги халқаро автоюк ташишларнинг 25 фоизини ўзбек ҳайдовчилари амалга оширмоқда. Бироқ миграция ва чегара қоидаларига риоя этмаслик кўплаб фуқароларнинг Россия ички ишлар органлари томонидан “кириши тақиқланган шахслар” рўйхатига кириб қолишига сабаб бўлмоқда.

Агентлик ҳайдовчиларни бир нечта муҳим талабларга қатъий амал қилишга чақирди. Хусусан, чегарадан ўтишда миграцион картани тўғри тўлдириш зарур — “мақсад” графасида “туризм” эмас, балки “служебная” ёки “транзит” деб кўрсатиш лозим. Шунингдек, Россияга киргандан сўнг 15 иш куни ичида миграция рўйхатига қўйилиш шарт.

90/365 муддат қоидасини доимий назорат қилиш ҳам муҳим. Агар транспорт воситаси бузилса ёки бошқа форс-мажор ҳолат юз берса, расмий акт ёки далолатнома олиш талаб қилинади.

“Ҳар бир ҳаракат фақат расмий ҳужжат билан асосланиши лозим. Қоидаларни такрорий бузиш 3–10 йилгача Россияга киришни тақиқлашга сабаб бўлади”, — дейилади агентлик маълумотида.

Мутахассислар ҳайдовчиларни ҳужжатларига жиддий муносабатда бўлишга ва сафар олдидан барча талабларни текшириб чиқишга чақирмоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Авто » Ўзбек ҳайдовчилари Россия “қора рўйхати”га тушмоқда