date

Toyota янги Corolla моделини намойиш қилди

Toyota янги Corolla моделини намойиш қилди

Япониянинг машҳур Toyota компанияси янги Corolla моделини оммага таништирди. Тақдимот онлайн форматда ўтказилиб, кўпчилик томошабинлар аввалига Lexus LFR суперкарини кутишган бўлса-да, компания бутунлай кутилмаган янгиликни тақдим этди — бу сафар диққат марказида легендар Corolla’нинг янги концепти бўлди.

Расмий равишда у “концепт” сифатида эълон қилинган бўлса-да, кузов шакли ва дизайн элементларига қараганда, автомобил серияли ишлаб чиқаришга деярли тайёр экани маълум бўлди. Ташқи кўринишдаги янгиланишлар нафақат замонавий, балки спорт услубидаги эстетик йўналиш билан ҳам ажралиб туради.

Дизайнерлар эътиборини тортган жиҳатлар орасида пиксел шаклидаги кундузги ёритгичлар, “ўрдак думли” спойлер ва эгилувчан ойналар чизиғи алоҳида ажралиб туради. Бу элементлар Corolla’га илгари кузатилмаган спорт руҳини бағишлаган.

Қизиқ жиҳати, автомобилнинг олд қисмида ёқилғи баки жойлашуви электр ёки гибрид тизимдан фойдаланиш эҳтимолини билдирмоқда. Мутахассислар фикрича, Toyota ҳали тўлиқ электр қувватига ўтиш ҳақида якдил қарор қабул қилмаган. Компания ички ёниш двигателли версияни ҳам сақлаб қолиши мумкин, чунки Corolla номи Toyota тарихидаги энг машҳур ва таниқли брендлардан бири ҳисобланади.

Шу боисдан, ишлаб чиқарувчи моделни фақат электр вариант сифатида тақдим этишга шошилмаслиги мумкин. Бу қарор орқали компания ҳам анъанавий, ҳам замонавий технологияларни уйғунлаштиришни кўзлаётгани кўринади.

Янги Corolla модели расман 2025 йил 29 октябрда Токиода бўлиб ўтадиган Japan Mobility Show кўргазмаси доирасида намойиш этилади. Тадбир давомида Toyota вакиллари автомобилинг техник хусусиятлари, қувват тизими ва унда қайси турдаги двигатель — гибрид ёки тўлиқ электр — ишлатилаётгани ҳақида батафсил маълумот беради.

Автосаноат таҳлилчилари таъкидлашича, янги Corolla компаниянинг “ўтиш даври” стратегиясида муҳим ўрин тутади. У нафақат янги технологияларни синовдан ўтказиш, балки классик моделни замонавий қиёфада қайта тиклаш вазифасини ҳам бажаради.

Toyota’нинг бу қадами нафақат Япония, балки бутун дунёдаги мухлислар эътиборини қозонди — чунки Corolla бир неча авлод давомида ишонч, барқарорлик ва қулайлик рамзига айланган автомобиль сифатида машҳурдир.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Авто » Toyota янги Corolla моделини намойиш қилди