Tesla компанияси бу чоракда юқори даромад кўрсатиши кутилмоқда. Бунга АҚШда электромобиллар учун бериладиган 7 500 долларлик солиқ имтиёзи сабаб бўлди. Имтиёз муддати тугашидан олдин кўплаб харидорлар автомобил харидини тезлаштирди.
Компания яқинда Model 3 ва Model Y автомобилларининг арзонроқ турларини тақдим этди. Уларнинг нархи аввалги моделларга нисбатан 5 минг долларга арзонроқ. Tesla, шунингдек, қиммат моделлар учун ҳам вақтинчалик чегирмалар жорий қилди.
Нархларнинг туширилиши компания фойдасига таъсир қилди. Таҳлилчиларга кўра, чегирмалар сабаб даромад маржаси бироз камайган. Айрим мутахассислар Элон Маскнинг сиёсий фикрлари ҳам талабни камайтирганини айтмоқда.
Маск яқин орада “роботакси” лойиҳаси бўйича янгиликлар эълон қилиши кутилмоқда. Унга кўра, йил охиригача АҚШ аҳолиси бу хизматдан фойдалана бошлайди. Бу лойиҳа Tesla учун янги босқич ҳисобланади.
Таҳлилчиларга кўра, Tesla'нинг учинчи чорак даромади 26 миллиард доллардан ошади. Бу ўтган йилга қараганда 4 фоизга кўп, бироқ фойда маржаси бироз пасаяди.