date
views 1 323

Евро қадрсизланиб, доллар мустаҳкамланмоқда. Нега?

Евро қадрсизланиб, доллар мустаҳкамланмоқда. Нега?
2002 йилдан буён биринчи марта долларнинг еврога нисбатан курси юқорига кўтарилди. Биржада 1 евро 1 доллардан арзонроқ баҳоланмоқда. Бунга сабаб нимада?

Охирги марта евро ва долларнинг 1:1 курси 2002 йилнинг кузида кузатилган эди. Ўшандан бери Евроиттифоқ валютаси доимий равишда АҚШ валютасидан қимматроқ бўлиб келди. 2008 йилда АҚШда молиявий инқироз авж олган пайтда эса 1 евро 1,6 долларгача ҳам кўтарилди. Кейинги бир неча йил давомида котировкалар 1,3-1,5 доллар оралиғида ўзгариб турди ва сўнгги йилларда 1 евро 1,15-1,25 доллар даражасида шаклланди. 14 июль ҳолатига кўра эса биржада 1 евро 1 доллардан арзонроқ баҳоланмоқда. Хўш, нима учун жаҳон бозоридаги энг барқарор валюталардан бири шиддат билан қадрсизлана бошлади?

Украинадаги уруш – евро заифлашишининг асосий сабабими?

Қисман олганда, ҳа. 2022 йил бошида 1 евро 1,14 долларни ташкил этган. Аммо Россия ва Украина ўртасида кенг кўламли уруш бошланганидан сўнг февраль ойи охиридан бошлаб евро курси қадрсизлана бошлади. 8 июлга келиб, сўнгги йигирма йил ичида биринчи марта ҳар икки валюта қиймати деярли тенглашди. 11 июль куни ушбу ҳолат яна такрорланди.

Энергетика инқирозини келтириб чиқарган ва потенциал узоқ ва чуқур таназзулга олиб келиши мумкин бўлган урушдан Европа энг кўп зарар кўрмоқда. Уруш туфайли халқаро инвесторлар ўз активларини евродан долларга айлантира бошлади ва АҚШ миллий валютасига нисбатан талаб ошди. Европа Иттифоқи Россияга нисбатан мисли кўрилмаган санкциялар эълон қилди, Россия иқтисодиёти билан анъанавий алоқаларини узди. ЕИ мамлакатлари иқтисодий турғунликни келтириб чиқариши мумкин бўлган энергетика инқирози билан рўбарў келмоқда.

PSB бош таҳлилчиси Егор Жилниковнинг таъкидлашича, “газ учун рубль” схемаси ҳам евро/рубль жуфтлигида рублга, евро/доллар жуфтлигида эса долларга бўлган талаб ошишига олиб келган. Мутахассислар сўнгги кунлардаги евро курсининг кескин пасайишини “Шимолий оқим 1” газ қувуридан Европага газ узатиш тўхтатилиши билан ҳам боғлашган.

АҚШ Федерал захира тизимининг кескин чоралари

Мамлакатда рекорд даражага етган инфляцияни секинлаштириш учун 1994 йилдан кейинги даврда биринчи марта АҚШ Федерал захира тизими (ФЗТ) базавий ставкани 0,75 фоиз пунктга оширди. Марказий банклар томонидан базавий ставкалар кўтарилиши эса давлат облигациялари даромади ошишига олиб келади. Қўшма Штатлар халқаро молия бозорига катта миқдорда қимматли қоғозлар чиқаради ва улар бутун дунёда энг ишончли инвестиция активи ҳисобланади. ФЗТнинг кескин чоралари АҚШ миллий валютаси мустаҳкамланишига ўз таъсирини ўтказмасдан қолмади.

Европа Марказий банки эса анча кеч, июль ойига келиб ҳаракатга кела бошлади ва ўз базавий ставкасини 0,25 фоизгагина кўтарди. Айнан фоиз ставкалари ва шунга монанд равишда АҚШ ва ЕИ давлат облигацияларининг даромадлилик даражасидаги доимий ортиб бораётган фарқ евро қадрсизланиши ва доллар кучайишига ўз таъсирини ўтказмасдан қолмади. Европа Марказий банкидан фарқли равишда Федерал захира тизими пул-кредит шароитларини қатъий ва тез суръатларда ўзгартириб бормоқда.

ФЗТ ҳозирги кунда валюта бозоридаги оҳангни белгиламоқда”, дея таъкидлаган немис инвестиция компанияси HQ Trust бош иқтисодчиси Майкл Хейз. Умуман олганда Европадаги рецессия эҳтимоли ҳам долларга бўлган талабни кескин оширди.

Шу билан бир қаторда, июль ойи давомида доллар курси иена, фунт стерлинг, Канада доллари, швед кронаси ва Швейцария франкига нисбатан ҳам мустаҳкамланган. “11 июль куни иена долларга нисбатан 24 йил ичидаги энг паст даражага тушди”, дея ёзади Reuters агентлиги.

Кучли доллар курси АҚШга ҳам фақат фойда келтирмайди

Евро қадрсизланиши ва доллар курсининг сезиларли даражада мустаҳкамланиши Қўшма Штатлар учун фойдали, аммо бу бир қанча зарарли оқибатларни ҳам келтириб чиқаради. Жуда машҳур бўлган “валюта қанчалик кучли бўлса, мамлакат ҳам шунчалик кучлироқ бўлади” формуласи бугунги кундаги замонавий глобал иқтисодиёт ҳақиқатларини ўзида ифода этмайди.

Миллий валютанинг юқори курси кўп миқдордаги товарлар импорт қиладиган мамлакатлар учун жуда ҳам муҳим. Шу нуқтайи назардан қараганда, долларнинг юқори курси АҚШга Европа, Хитой, Япония ва дунёнинг бошқа давлатларидан импорт қилинадиган маҳсулотлар таннархини пасайтиради ва шу орқали инфляцияга қарши курашда ёрдам беради. Бугунги кунда Қўшма штатлардаги асосий макроиқтисодий муаммо ҳам юқори даражадаги инфляция ҳисобланиб, июнь ойида бу кўрсаткич охирги 40 йил ичида биринчи марта 9,1 фоизга етган. Инфляцияда ёқилғи, озиқ-овқат ҳамда ижара нархи ўсиши энг юқори ўринларни эгаллаган.

Бошқа томондан, доллар курси мустаҳкамланиши туфайли арзонлашиб бораётган хорижий маҳсулотлар Американинг ўзидаги товар ишлаб чиқарувчилар учун жиддий муаммо ҳисобланади. Бундан ташқари, миллий валютанинг ҳаддан ташқари юқори курси америкалик экспортёрлар манфаатларига путур етказади, чунки бу уларнинг маҳсулотларини жаҳон бозорида қимматлаштиради ва шу тариқа автомобиллар, компьютерлар, микрочиплар, озиқ-овқат ва АҚШда ишлаб чиқарилган бошқа товарларнинг халқаро бозордаги рақобатбардошлигини пасайтиради. Қисқача қилиб айтганда, кучли доллар Вашингтон маъмуриятининг мамлакатдаги салбий савдо балансини (АҚШ экспортга нисбатан кўпроқ импорт қилади) тенглаштириш ва саноат ишлаб чиқаришини кўпайтириш йўлидаги кўп йиллик саъй-ҳаракатларига путур етказади.

Қандай прогнозлар билдирилмоқда?

Баъзи таҳлилчилар Россия Европага газ етказиб беришни тўхтатиб, инқирозни кучайтирса, евро курси 90 центгача тушиши мумкинлигини тахмин қилишмоқда. Deutsche Bank стратегларининг ҳисоб-китобларига кўра, Европа мамлакатларидаги рецессия натижасида 1 евро 0,95-0,97 долларгача пасайиши мумкин.

Евро долларга нисбатан аста-секин пасайишда давом этиши мумкин. Яқин келажакда 1 евро 0,95 долларгача, узоқ муддатли истиқболда эса евро/доллар жуфтлигини 0,8–0,9 доллар оралиғида кўришимиз мумкин”, дейди BCS Mir Investments фонд бозори эксперти Дмитрий Бабин.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Евро қадрсизланиб, доллар мустаҳкамланмоқда. Нега?