Навбатдаги мақоламизда банкир ва тадбиркор, АҚШнинг учта президенти даврида Ғазначилик котиби сифатида фаолият юритган Эндрю Меллон ҳақида ҳикоя қиламиз.
Эндрю Меллон ким?
Эндрю Меллон Қўшма Штатларда таваллуд топган. Уни таниқли давлат арбоби ва тадбиркор сифатида эслашади. У учта республикачи президент – Уоррен Хардинг, Калвин Кулиж ва Ҳерберт Гувер даврида Ғазначилик котиби бўлиб ишлаган ва асосий эътиборини мамлакат қарзлари ва бизнес солиқларини камайтириш ҳамда федерал бюджетни мувозанатлаш масалаларига қаратган. Меллоннинг сиёсати зиддиятли эди ва у 1929 йилдаги фонд бозори қулашидан кейин истеъфога чиқади.
Эрта ҳаёт ва таълим
Меллон 1855 йил Питтсбургда судья Томас ва Сара Жейн Меллонлар оиласида туғилган. У олтинчи, лекин гўдаклигидан омон қолган тўртинчи фарзанд эди. Меллонлар 1800 йилларнинг бошларида Питтсбургда истиқомат қилган ирландиялик муҳожирлар ҳисобланган. Оила ғарбий Пенсилвания штатида «T. Mellon and Sons» банкига асос солади.
Уйда хусусий таълим олган Меллон 17 ёшида оилавий бизнесга қўшилди. У ҳозирда Питтсбург университети номи билан танилган Ғарбий университетда ўқиган, аммо диплом олмаган.
Томас Меллон ва ўғиллари билан бирга бўлган даврда банк Пенсилваниянинг ғарбий қисмидаги энг кўзга кўринган муассасалардан бирига айланади. Кейинроқ Меллон «Gulf Oil» ва «Koppers» каби компанияларни молиялаштиришга ҳисса қўшди. Шунингдек, унинг фарзандлари Айлса ва Пол ҳам хайрия ташкилотларига асос солган.
Муҳим ютуқлар
Эндрю Меллон 1921 йил президент Уоррен Хардинг томонидан Ғазначилик котиби этиб тайинланган эди. Гарчи у Питтсбургда республикачилар сиёсатида иштирок этган бўлса-да, бу тайинланиш унга миллий эътироф олиб келди.
Меллон 1920 йилларнинг нотинч даврида, сезиларли иқтисодий ўсиш ва кенгайиш билан машҳур бўлган ўн йил давомида хизмат қилди. У 1924 йилда Конгресс томонидан қабул қилинган «Меллон режаси»га ўз номини берган. Режа бизнес ва бадавлат шахслар учун солиқларни қисқартирди ва давлат харажатларини камайтирди.
Меллон режаси иқтисодий ўсиш ва бизнесни кенгайтиришни рағбатлантириш учун ишлаб чиқилган ва у 20 йилларнинг биржа бозорини фаоллаштиришга ёрдам беради. Шуниси эътиборга лойиқки, 1929 йилга келиб давлат қарзи тахминан 7 миллиард АҚШ долларга камаяди. Аммо Меллон ҳам, унинг режаси ҳам 1929 йилдаги фонд бозори қулашидан кейин жиддий танқидга учрайди ва натижада истеъфога кетади.
1932 йил у Буюк Британияга элчи этиб тайинланди, аммо бир йиллик хизматдан сўнг шахсий бизнесга қайтади. 1933 йил Президент Франклин Рузвелтнинг янги демократик маъмурияти Меллоннинг санъат коллекцияси билан боғлиқ иши бўйича солиқни бузишда айблаган, лекин судланмаган.
Бойлик ва хайрия
1920 йилларнинг охирига келиб Меллоннинг шахсий бойлиги 600 миллион АҚШ долларини ташкил этгани, бу эса уни мамлакатнинг энг бадавлат кишиларидан бирига айлантиргани ҳақида миш-мишлар тарқалади. Кейинги йилларида у филантроп сифатида Питтсбург ва Вашингтондаги таълим ташкилотларига миллионлаб маблағларни хайрия қилади.
Меллон Вашингтонда Миллий санъат галереясини ташкил этиш учун пул ва қатор санъат асарларини берди. Шунингдек, у Питтсбургдаги Меллон институтига асос солган. 1960 йилларда муассаса Карнеги Технология Институти билан бирлашиб, ҳозирги Карнеги-Меллон университетига айланган.
Унинг мероси
Меллон сиёсий консерватив эди. У бойлар ва бизнесларни ҳимоя қилувчи чораларни илгари сурди, бу ғоя баъзи доираларда ҳозиргача сақланиб келмоқда. У хусусан, ўзининг консерватив солиқ ва харажатлар сиёсати ва кейинчалик 1924 йилдаги Даромадлар тўғрисидаги қонун сифатида танилган «Меллон режаси» билан танилган эди. Ҳаёти давомида у мамлакатнинг энг бадавлат кишиларидан бири бўлган. Тадбиркор ва хайриячи инсон ўлароқ ёдда қолган.
Эндрю Меллоннинг «Mellon National Bank» номи билан танилган оилавий банки кейинчалик «Mellon Financial Corporation»га айланди. 2007 йилда «Bank of New York» билан бирлашади. Бугунги кунда эса, «BNY Mellon» номи билан қайд этилади.
Эндрю Меллон қандай бойиб кетди?
Юқорида тилган олинганидек, унинг ота-онаси «T. Mellon and Sons» оилавий банкига асос солган ва Пенсилваниянинг ғарбий қисмидаги кўплаб саноат корхоналарини молиялаштирган. Ёшлигида банкка ишлашга борган Меллон дастлабки босқичларда «Aluminum Company of America» (Alcoa) ва «Gulf Oil» каби компанияларга сармоя киритган. Катта салоҳиятга эришиши мумкин бўлган компанияларни аниқлашнинг ғайриоддий қобилияти билан сармоялари уни Қўшма Штатлардаги энг бой одамлардан бирига айлантирди.
Эндрю Меллон бойлиги бугун қанча туради?
1920 йилларда Меллоннинг бойлиги 600 миллион АҚШ долларига баҳоланган. Бу миқдор бугунги кунда 9 миллиард АҚШ долларидан ошади.
Эндрю Меллон ўз пулини нима қилди?
Меллон ўз пулларини кўплаб компанияларга, жумладан, нефть ва саноат фирмаларига киритади. Шунингдек, у бойлигининг катта қисмини хайрия ва таълим муассасаларига, хусусан Вашингтондаги Миллий санъат галереясига хайрия қилган.
Хулоса
Мунозарали шахс Эндрю Меллон ўз даврининг энг бой инсонларидан бири эди. Сиёсатчи ва давлат арбоби сифатида у иқтисодий ўсишни ва бизнесни кенгайтиришни рағбатлантирадиган солиқ ислоҳотлари ва сиёсатини жорий қилишга масъул бўлган. Бироқ, 1929 йилдаги фонд бозори қулашидан кейин ва Буюк Депрессия даврида у жиддий танқидларга учради. Унинг қарашлари ҳанузгача иқтисодчилар ўртасида мунозара мавзуси бўлиб қолмоқда. Чунки Меллон прогрессив солиққа тортишнинг мухолифи ҳисобланган.
Эндрю Меллон икки марта – 1923 ва 1928 йилларда Time журналининг муқовасида ва 1955 йил АҚШ почта маркасида тасвирланган.
Нурилло Тўхтасинов тайёрлади
“Замин” янгиликларини “Youtube”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Энди операциядан сўнг кесмалар ўрни икки баробар тезроқ битиши мумкин
Ким Чен Ин ҳарбийларни жанговар ҳолатда туришга чақирди
Рашида Толиб Конгресс аъзоларига «аччиқ ҳақиқат»нинг суратини кўрсатди
Хатолар ва мағлубиятлар... улар кечириладими?
Омега-3 қандай қилиб озишга ёрдам беради?
Шимолий Корея Россияга узоққа зарба берувчи қуроллар юборди
Эрон АҚШдан 1 трлн доллар компенсация талаб қилди
Ўзи чой дамлайди ва суҳбатлашади: дунёдаги биринчи “ақлли” чойнак тақдим этилди (видео)