Фото: Getty Images
Владимир Путиннинг 70 йиллик юбилейи арафасида профессор Марк Галеотти («Путин ҳақида гаплашишимиз керак» китоби муаллифи, у «Путиннинг урушлари» китобини нашрга тайёрламоқда) россияликлар президенти қандай қилиб ҳаётдан узилиб қолган автократга айлангани ва Украинага ҳалокатли босқин бошлаганини тушунишга уринади.
Владимир Путин ҳаётидаги етти бурилиш нуқтаси унинг тафаккури шаклланишига ёрдам берган ва унинг Ғарбдан тобора узоқлашиб борганини изоҳлаши мумкин.
Дзюдо машғулотлари, 1964 йил
Иккинчи жаҳон уруши вақтидаги 872 кунлик қамал асоратлари ҳали йўқолмаган Ленинградда туғилган Владимир мактабда жангари ўқувчи эди - унинг энг яхши дўсти хотирлашича, «у исталган рақиб билан муштлашиши мумкин эди», чунки «у қўрқув нелигини билмаган».
Шунга қарамай, озғин ва бесўнақай йигитча кўча безорилари билан тўлган шаҳарда ўзини ҳимоя қила олиши керак эди ва у 12 ёшида аввалига самбо билан, кейин эса дзюдо билан шуғуллана бошлайди. У қатъий ва интизомли эди, 18 ёшида у дзюдо бўйича қора белбоғ соҳиби бўлади, ўсмирлар ўртасидаги миллий мусобақада учинчи ўринни эгаллайди.
Албатта, шундан буён дзюдо машғулотлари унинг пухта ишланган мачо образининг бир қисмига айланади. Аммо бу машғулотлар унда хавфли дунёда фақат ўзингга ишонишинг кераклиги ва муштлашиш муқаррар бўлганида «рақиб оёқда тура олмаслиги учун биринчи бўлиб зарба бериш кераклиги» ҳақидаги тушунчани мустаҳкамлайди.
КГБдан иш қидириш, 1968 йил
Одамлар КГБнинг Ленинграддаги штаб-квартираси жойлашган Литейний проспекти, 4-уйни анча наридан айланиб ўтишарди. Сталин замонида унинг тергов камералари орқали шу қадар кўп одам ГУЛАГ лагерларига жўнатилганки, Ленинградда шундай ҳазил гап юрарди: «Катта уй» - шаҳардаги энг баланд бино, чунки унинг ҳатто ертўласидан ҳам Сибирь кўриниб туради.
Шунга қарамай, 16 ёшдалигида Путин қизил пойандоз тўшалган йўлакдаги кутиш залига кириб, унга ҳайрон қараб турган офицердан бу ерга қандай ишга кириш мумкинлигини сўрайди. Унга ҳарбий хизмат ўташ ёки илмий даража олиш кераклигини айтишади, у эса қандай диплом яхшироқ эканини сўрайди.
Унга юриспруденция (ҳуқуқшунослик) афзаллигини айтиб жавоб қайтаришади ва шундан бошлаб Путин юридик таълим олиш ва ишга жойлашишга аҳд қилади. Шаҳар безориси Путин учун КГБ хавфсизликни таъминловчи шаҳардаги энг йирик банда эди ва бу ерда партияга алоқадор бўлмай туриб ҳам кўтарилиш мумкин бўларди.
КГБда ишлаш истиқболли ҳам. Путиннинг ўзи бир сафар ўсмирлик даврида томоша қилгани жосуслик фильми ҳақида айтганидек, «бир айғоқчи минглаб одамлар тақдирини ҳал қилиши мумкин».
Фото: Getty Images
Оломон қуршовида, 1989 йил
Путин ҳар қанча умид қилмасин, у КГБдаги фаолиятида ўсишга эриша олмаган. У доимо ўрта даражадаги ходим бўлиб қолган, аммо юқори лавозимга кўтарилмаган. Шунга қарамай, у немис тилини ўрганишга киришади ва 1985 йилда КГБнинг Дрездендаги алоқа бўлимига тайинланади.
Германияда у ўзига қулай шароит яратиб олади, аммо 1989 йил ноябрида ГДРдаги режим даҳшатли тезликда парчалана бошлайди.
5 декабр куни оломон КГБнинг Дрездендаги биносини қуршаб олади. Путин умидсизликка тушиб совет армиясининг яқин жойдаги гарнизонига қўнғироқ қилиб, ҳимоя сўрайди, аммо улар бу борада ожиз эканини айтишади: «Биз Москвадан буйруқ бўлмаса ҳеч нарса қила олмаймиз. Москва эса жим».
Путин марказий ҳокимиятнинг тўсатдан қулаши бўйича сабоқ олади ва мухолифатчилар билан тўқнашганда ён берган советларнинг сўнгги раҳбари Михаил Горбачёвнинг хатосини ҳеч қачон такрорламаслик ва бундай ҳолатда тез ва қатъий ҳаракат қилиш бўйича қарорга келади.
«Озиқ-овқат эвазига нефт», 1992 йил
Советлар иттифоқи парчалангач Путин КГБдан кетади, аммо тез орада унинг она шаҳри, эндиликда Санкт-Петербург номини олган шаҳарнинг ислоҳотчи мэри ёрдамчиси бўлиб олади.
Иқтисодиёт эркин қулаш ҳолатида эди ва Путинга 100 млн долларлик нефт ва металларни озиқ-овқат маҳсулотларига алмашиб, шаҳар аҳолисига омон қолишда ёрдам берувчи келишув тузиш вазифаси қўйилади.
Шаҳарликлар барибир озиқ-овқатларни кўришмаган: тергов маълумотига кўра, тезда ҳокимият паноҳига ўтган Путин, унинг дўстлари ва шаҳардаги бандитлар пулларни чўнтакка урган.
«Мусибатли 90-йиллар»да Путин сиёсий таъсир - пулга айлантириш мумкин бўлган товар эканини, бандитлар эса фойдали иттифоқчиларга айланиши мумкинлигини тезда англаб етади. Унинг мантиғи шундай эди: атрофдагилар ўз лавозими орқали пул топаётганида, нега у ҳам шундай қилмаслиги керак?
Грузияга бостириб кириш, 2008 йил
Путин 2000 йилда Россия президенти бўлганида, у Ғарб билан ўз шартлари асосида (жумладан Россиянинг собиқ советлар иттифоқи ҳудудидаги таъсири сақлаб қолиниши) ижобий муносабатлар ўрнатишга умид қилганди. Кўп ўтмай унинг ҳафсаласи пир бўлади, кейин эса Ғарб Россияни яккалаб қўяётгани ва камситишга уринаётгани ҳақида хулосага келиб, ғазаб отига минади.
Грузия президенти Михаил Саакашвили ўз мамлакатини НАТОга аъзо қилишга қарор қилганида эса Путиннинг бутунлай жаҳли чиқади ва Грузия Россия томонидан қўллаб-қувватланаётган айирмачи Жанубий Осетия устидан назорат ўрнатишга уринаётганини баҳона қилиб, жазо амалиётини бошлайди.
Фото: Getty Images
Беш кун ичида Россия қўшини грузин армиясини тор-мор этади ва Саакашвилини шармандали битим тузишга мажбурлайди.
Ғарбнинг жаҳли чиқади, аммо бир йил ўтиб АҚШ президенти Барак Обама Россия билан муносабатларни «қайта йўлга қўйиш»ни таклиф этади, Москва эса ҳатто 2018 йилги футбол бўйича жаҳон чемпионати мезбонлигини қўлга киритади.
Путин тўғри йўл тутаётганига амин бўлади - кучсиз ва етакчилар ўзгариб турувчи Ғарб шовқин кўтариши мумкин, аммо пировардида кучли ирода қаршисида чекинади.
Москвадаги намойишлар, 2011-13 йиллар
2011 йилги парламент сайловлари натижалари сохталаштирилгани бўйича ишончли далиллар ўртага чиқиши норозиликлар келтириб чиқаради, Путин 2012 йилги президентлик сайловларида ўз номзодини қўйишини эълон қилгач эса намойишлар янада кучаяди.
Москвадаги Болотная майдонидаги намойишлар Путиннинг президентлиги давридаги энг йириги бўлади.
Фото: Getty Images
Унинг фикрича, митинглар Вашингтон томонидан ўйлаб топилган, рағбатлантирилган ва бошқарилганди, у бунда шахсан АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтонни айблайди.
Путин учун буларнинг бари ниқоблар туширилгани ҳамда Ғарб шахсан унинг ўзига ҳужумга ўтгани ва у энди уруш ҳолатида эканидан далолат эди.
Ковиддан иҳоталаниш, 2020-21 йиллар
Коронавирус пандемияси сайёра бўйлаб кеза бошлаганида, Путин ҳатто автократлар мезонлари бўйича ҳам ноодатий бўлган қатъий изоляцияга кетади. У билан учрашмоқчи бўлган ҳар қандай одам икки ҳафта давомида қўриқлов остида карантинда бўлиши, кейин микробларни ўлдирувчи ультрабинафша нурлар ва дезинфекциялаш воситалари билан тўлдирилган йўлакдан ўтиши керак эди.
Бу вақт ичида Путин билан юзма-юз учрашиши мумкин бўлган иттифоқчилар ва маслаҳатчилар сони кескин камайиб, фақат бир ҳовуч лаганбардорлар ва маслакдошлар қолади.
Муқобил фикрларни тинглаш имкониятидан маҳрум бўлган ва мамлакатдаги вазиятдан деярли бехабар бўлган Путин ўзининг барча тахминларини тўғри деб ҳисоблайди, барча нотўғри қарашларини - оқлайди. Шундай қилиб кейинчалик Украинага босқин ўсиб чиққан уруғлар экилганди.
Владимир Путин, 70 йиллик юбилей, Россия президенти, Санкт-Петербург “Замин” янгиликларини “Инстаграм”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Халқаро жиноят суди Исроил бош вазири Нетаньяхуни ҳибсга олишга ордер берди
22 ноябрь куни Cobalt автомобилига шартнома очилиши эълон қилинди
“Ҳизбуллоҳ” бир суткада Исроилга қарши 20 га яқин ҳарбий амалиёт ўтказди
Диний қўмита Умра зиёратини ташкил қилиш учун 12 та турфирмага лицензия берди
Хонанда Рухшона уйланмаган йигитга турмушга чиққани ҳақида сўзлаб берди
Қозоғистон Украина атрофидаги вазият туфайли ҳарбий ва фуқаролик объектлари хавфсизлигини кучайтирди
Рамзан Қодиров Ғарб давлатларига ҳужум қилишга чақирди: “Ҳақиқий уруш қандайлигини ҳис қилишсин”
Трамп Америка разведкаси маълумотларига кириш ҳуқуқига эга бўлди