
Бир пайтлар Пхенян минтақага асосий қурол етказиб берувчи бўлган, аммо бугунги кунда вазият қандай?
Ўн йиллар давомида Шимолий Корея Яқин Шарқдаги қатор мамлакатларга қурол сотиб келган. Таҳлилчилар фикрича, Пхенян минтақа давлатлари, хусусан, Эрон, нодавлат иштирокчилар ва ҳаттоки АҚШ иттифоқчиларига муҳим қурол етказиб берувчи бўлиб қолмоқда.
Шимолий Корея савдоси ҳақида кўп ёзган Анжело Давлат Университетининг сиёсатшунос профессори Брюс Бехтол Middle East Eye нашрига берган интервьюсида: "Худди Суриядаги фуқаролар уруши давридаги каби Эрон ҳамон оддий қуроллар бўйича Шимолий Кореяга қаттиқ қарам бўлиб турибди", дея маълумот берди.
"Бу қуролларнинг аксарияти ҳутийлар, Ҳизбуллоҳ ва Эрон жангарилари каби ишончли шахсларга берилади. Лекин Эроннинг расмий ҳарбийлари ҳам улардан фойдаланадилар", дея қўшимча қилади профессор.
Пхеняннинг Теҳрон билан ҳамкорлигининг асосий мотиви мафкуравий эмас, молиявий хусусиятга эга.
1980 йилларда Шимолий Корея ривожланаётган мамлакатларга асосан арзон ва оддий қуролларни экспорт қилган. Бу қуролларнинг 90 фоизи ўша даврда Эрон ва Ливияга юборилган.
1991 йилда Совет Иттифоқи парчаланганида, Пхенян чуқур умидсизлик ва изоляцияга тушиб қолди. Унинг иқтисодиёти жар ёқасида қолгани сабабли, у пул ишлаш учун Яқин Шарққа илғор қуролларни сотишга тайёр эди.
Ўшанда Исроил Пхеняндан мамлакатнинг Яқин Шарқдаги душманларига узоқ масофали ракеталарни сотмаслик кафолати эвазига инқироз арафасида турган Шимолий Корея иқтисодиётига катта миқдорда сармоя киритишни таклиф қилганди. Лекин бу масалада келишувга эришилмаган.
“1991 йилдан кейин Пхеняннинг Яқин Шарққа экспорти Совуқ уруш давридагига қараганда анча муҳим эди”, деди Бехтол.
"Шимолий Корея 1980 йилларда Эронга сезиларли миқдорда қурол-яроғ сотди, жумладан, оддий қуроллар ва Scud B/C ракеталарини ҳам. Аммо 1991 йилдан бери Шимолий Корея Эронга қурол сотишни давом эттирди ва у ерда ракета ишлаб чиқариш корхоналарини қурди", дея қўшимча қилди профессор.
Пхенян ва Теҳрон йиллар давомида ҳарбий соҳада ҳамкорлик қилиб келаётганига қарамай, Бехтолнинг айтишича, икки давлат ўртасида технология алмашинуви ҳақидаги миш-мишлар мутлақо ҳақиқатга тўғри келмайди.
“Шимолий Корея сотувчи, Эрон эса харидор. Сотиб олинган Шимолий Кореянинг ракета дастурлари Эронникидан анча замонавийроқ. Бу икки давлат бир-бирига ишонади ва шу учун ҳам қурол савдосида ҳамкор ҳисобланишади", деди у.
Хусусий мижозлар
Ҳеч кимга сир эмаски, Шимолий Корея қуроллари кўпинча Яқин Шарқдаги нодавлат субъектлар қўлига тушиб қолади. Ямандаги вазият бунга ёрқин мисол бўла олади.
2002 йилда АҚШ ҳарбий-денгиз кучлари Яманга йўл олган 15 та “Скад” баллистик ракеталари бўлган Шимолий Корея юк кемасини қўлга олди, бироқ уни тезда қўйиб юборди, чунки бу халқаро қонунларга мувофиқ, ноқонуний ҳисобланмас эди. Юк ташиш 1990 йилларда Сана Пхеняндан ракеталарга буюртма берганида бошланган етказиб бериш сериясининг энг сўнггиси эди.
2015 йилда Саудия Арабистони Ямандаги фуқаролар урушига аралашганидан кўп ўтмай, ҳутийлар Яманнинг собиқ ҳарбий арсеналидан қўлга олган баллистик ракеталарни қироллик биноларига қарата отишни бошлади. Булар Шимолий Корея Яман ҳарбийларига сотган Hwasong-6 ракеталари эди.
Шимолий Кореянинг ушбу қуроллари Яман давлат ҳарбийлари учун мўлжалланган бўлса-да, Пхенян Яман қурол эмбаргосини бузган ҳолда ҳутийларни тўғридан-тўғри қуроллантиришга ҳаракат қилди. 2019 йилда БМТ экспертлар гуруҳи Шимолий Корея Сурия воситачилигидан фойдаланиб, Ямандаги ҳутий исёнчиларга кичик ва енгил қуроллар ва бошқа ҳарбий техника етказиб бераётганини аниқлади.
Пхенян, шунингдек, исёнчи гуруҳларни кенг турдаги оддий қуроллар ва баллистик ракеталар билан таъминлашга интилди.
АҚШ иттифоқчиларига сотилиш
Ҳатто АҚШ манфаатларига номинал равишда мос келадиган Яқин Шарқдаги бошқа давлатлар ҳам Шимолий Корея қуролларини сотиб олишган. Баъзилари эса олди-соттини ҳамон тўхтатишгани йўқ.
2017 йилда мисрлик ишбилармонлар Миср ҳарбийлари номидан 23 миллион долларлик битим тузиб, Пхенянга 30 минг дона гранатага буюртма бергани маълум бўлди. Чунки Шимолий Корея дунёдаги энг йирик ўқ ўқотар қурол экспорт қилувчилардан бири ҳисобланади.
Бу ишлар Трамп маъмуриятини Мисрга 300 миллион долларлик ҳарбий ёрдамни музлатиб қўйишга мажбур қилди. Тахминан ўша пайтда Қоҳира Шимолий Корея билан совуқ уруш давридан қолган барча ҳарбий алоқаларни узганини таъкидлади.
“Миср Шимолий Корея билан дўстона муносабатларни сақлаб турибди, бироқ мисрликлар 2017 йилда ўз ваъдаларига содиқ қолган ҳолда Шимолий Корея қуролларини импорт қилмасликлари эҳтимолдан холи эмас, чунки Миср Шимолий Корея қуролларини сотиб олиш ва санкцияларни бузиш орқали ютиши мумкин бўлганидан кўра кўпроқ нарсани йўқотади", дея маълум қилди Rane разведка компаниясининг Осиё-Тинч океани бўйича таҳлилчиси Скотт Кардас Middle East Eye нашрига берган интервьюсида.
Икки йил аввал Бирлашган Араб Амирликлари Саудия Арабистони бошчилигидаги Ямандаги ҳарбий кампаниясида фойдаланиш учун Шимолий Кореядан 100 миллион долларлик қурол сотиб олган эди. Абу-Даби АҚШнинг ҳар қандай эҳтимолий санкцияларидан қочиш учун хусусий компаниялар ёрдамида ушбу ҳарбий битимлар бўйича музокаралар олиб борди.
Кардаснинг фикрича, Эрон Шимолий Корея билан баллистик ракета дастурини ишлаб чиқишда ҳамкорлик қилишни исташи мумкин, бу эса унга "эскалация қилиш учун кўпроқ маневр" беради.
Шимолий Кореянинг минтақага қурол сотиши давом этаётган бўлса-да, Кардас уларнинг суръати ўтган ўн йилликлардаги каби жадал эмаслигини таъкидлади.
"Шимолий Кореянинг Яқин Шарққа қурол савдоси пасайиб бораётгани эҳтимолдан холи эмас, аммо Шимолий Кореянинг қурол савдосини кузатиш қийин, чунки бу қурол-яроғ битимлари имкон қадар яширин амалга оширилади", деди Кардас.
“АҚШ хавфсизлик соябони остида бўлган мамлакатлар санкцияларни бузиш эҳтимоли жуда кам, чунки улар АҚШ санкцияларига дучор бўлса, фойдадан кўра кўпроқ ютқазади”, дея қўшимча қилди у.
Жануб Кореянинг рақобати
Шимолий Кореянинг Яқин Шарқдаги қурол-яроғ савдоси камайиб бораётгани сабабли, Жанубий Кореянинг қурол-яроғ савдоси ошиб бормоқда. Сеул аллақачон минтақага сезиларли миқдорда қурол сотган.
Масалан, Туркиянинг Т-155 Firtina ўзиюрар гаубицаси Жанубий Кореянинг K9 Thunder тизимининг лицензияланган версиясидир. Сўнгги ўн йил ичида Т-155 Туркиянинг Сурия ва Ироқдаги трансчегаравий операцияларида тез-тез жанговар ҳаракатларида қатнашган.
Туркия томонидан ишлаб чиқилган Altay асосий жанговар танки, бу ерда ишлаб чиқарилган биринчи танк ҳам Жанубий Кореянинг K2 Black Panther танкига асосида ишлаб чиқилган.
2022 йил январь ойида БАА 3,5 миллиард долларлик шартнома имзолаб, Жанубий Кореянинг Cheongung II KM-SAM ҳаво мудофаа тизимининг биринчи харидорига айланди.
Сўнгги йилларда унга қўшни Ироқ ҳам Жанубий Кореяда ишлаб чиқарилган T-50 Golden Eagle русумли ўқув-машғулот учоғидан йигирмата отиб олди.
Келгуси йилларда Сеулдан Яқин Шарққа қурол савдоси ҳам ортиб бориши кутилмоқда.
Ноябрь ойи ўрталарида Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон Жанубий Кореяга ташриф буюриб, икки томонлама ҳарбий ҳамкорликни кенгайтиришга тайёрлигини билдирди. Жанубий Корея президенти, шунингдек, Ар-Риёд ва Сеул Саудия Арабистонида биргаликда қурол ишлаб чиқариш таклифини ҳам берди.
Жанубий Корея ўз техникаларини сотишда харидорларга катта технология трансферини тақдим этади, бу эса олувчи мамлакатда кейинчалик ушбу тизимларни ёки уларнинг вариантларини ўзлари ишлаб чиқариш имкониятини беради. Ар-Риёд ўзининг оддий қурол-яроғ саноатини кенгайтиришга тайёрлигини кўрсатиб, уни хориждан импортга камроқ боғлиқ қилиб қўйди. Шу боис, икки давлат ўртасидаги ҳарбий ҳамкорликнинг кенгайиши ажабланарли ҳол эмас.
Манба: Azon.uz

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар