20:25 / 19.03.2023
324

Эрон ва Саудия Хитой воситачилигида ярашувга эришди. Бу АҚШ Яқин Шарқдаги таъсири йўқотганини англатадими?

Эрон ва Саудия Хитой воситачилигида ярашувга эришди. Бу АҚШ Яқин Шарқдаги таъсири йўқотганини англатадими?

Фото: Atta Kenare / AFP / Scanpix / LETA

Эрон ва Саудия Арабистони 2016 йилда узилган дипломатик муносабатларни қайта тиклашга келишиб олди. Бу бутун Яқин Шарқ учун муҳим воқеа бўлди, чунки бу ерда воқеалар ривожини асосан ушбу икки давлат ўртасидаги қарама-қаршилик белгилайди. Яраштирувда Хитой катта роль ўйнади ва бу россиялик пропагандачилар ҳамда ҳукуматпараст шарҳловчиларга жуда ёқиб тушди. Улар буни АҚШнинг минтақадаги таъсири пасайиб бораётганига далил сифатида кўрмоқда. Бироқ, Эрон сиёсати бўйича эксперт, «Эрон бўйича навбатчи» Телеграм-канали муаллифи Никита Смагин Carnegie Politika нашри учун ёзган мақоласида қайд этишича, аслида Пекин нафақат Вашингтон, балки Москва учун ҳам рақобатчидир.

Яқин Шарқдаги икки асосий рақиб — Эрон ва Саудия Арабистони етти йиллик танаффусдан сўнг дипломатик муносабатларни тиклашга келишиб олди. Икки анъанавий рақибнинг тўлиқ ярашуви истиқболи ҳали ҳам савол остида қолаётган бўлса-да, бундай қарор ҳозирда икки томон учун ҳам фойдалидир.

Лекин бу келишувдан мутлақ манфаат кўриши аниқ бўлган давлат — бу Эрон ва Саудия Арабистони музокараларида воситачи бўлган Хитойдир. Олдинлари Пекин Яқин Шарқдаги сиёсий жараёнларга унчалик қизиқиш билдирмасди. Аммо ҳозирда Хитойнинг бу минтақадан АҚШ ва Россияни сиқиб чиқариши сценарийси тобора реал кўринмоқда.

Эроннинг мажбурлови

Эрон ва Саудия Арабистони дипломатик алоқаларни 2016 йилда, Саудия Арабистони таниқли шиа уламосини (оятуллоҳ Нимра ан-Нимра) қатл қилганидан кейин узилган эди. Алоқаларни тиклаш тўғрисидаги келишув бир йилдан кўпроқ вақт давомида муҳокама қилинди. Ироқ дастлабки воситачи бўлди. 2021 йил апрелидан бошлаб Бағдодда музокараларнинг бир неча раунди бўлиб ўтди. Музокаралар боши берк кўчага кириб қолди ва бир неча ойга тўхтади, кейин эса яна қайта тикланди.

2022 йил январ ойида келишувга яқин қолгандек туюлганди. Саудия Арабистони 2016 йилдан бери илк бор Ислом ҳамкорлик ташкилотида ишлаётган уч нафар эронлик дипломатга виза берди (ташкилот бош қароргоҳи Саудиянинг Жидда шаҳрида жойлашган). Теҳрон эса Саудия Арабистони ва Ироқ энергетика тармоқлари бирлаштирилишига ижобий муносабат билдирди, бунга қадар Эрон Ироқ энергетикасини фақат ўз манфаатлари доирасига киритар эди.

Бироқ, 2022 йил келишув йили бўлмади. Эрон ҳукумати норозилик намойишлари ва бошқа ички муаммоларни бостириш билан машғул бўлди. Украинадаги уруш фонида Теҳрон ва Москва ҳамкорлиги ҳам эътибор марказига тушди. Эронликларнинг саудияликлар билан муроса қилишга уринишларини ҳеч ким эсламади. Шу сабаб ҳам 2023 йил март ойида Пекинда муносабатларни нормаллаштириш шартномаси тузилиши кутилмаган воқеа бўлди.

Бироқ, Теҳрон ва Ар-Риёд дипломатик муносабатларни тиклаш мавжуд вариантлар ичида энг яхшиси эканини анчадан буён тушуниб келган. Эроннинг мақсади аниқ. Сўнгги йилларда мамлакат бир кескинликдан бошқасига ўтмоқда. Исроил мунтазам равишда Эроннинг ядровий иншоотларига қарши қўпорувчилик ҳаракатларини амалга оширмоқда ва эронпараст кучларга зарбалар бермоқда.

Доналд Трамп 2018 йилда ядровий келишувдан чиққанидан бери Вашингтон билан муносабатлар ҳам нормаллашмади. Биргина АҚШ қуролли кучларининг Бағдодга берган зарбаларини эслашнинг ўзи кифоя, бу ҳужум натижасида эронлик генерал Қосим Сулаймоний ҳалок бўлган эди. Ушбу эпизод сабаб минтақада ҳарбий можаро бошланишига бир бахя қолганди.

Теҳрон узоқ вақтдан бери Яқин Шарқдаги таъсирини фаол равишда кенгайтира олмаяпти. Масалан, Ироқда Саддам Ҳусайн режими қулагандан кейин ҳам Эрон минтақада мустаҳкамланмади. Энди эса эронликлар экспансия ҳолатида эмас, чунки бўш ресурслар йўқ. Аксинча, Эроннинг Сурия, Ироқ ва Ливандаги ўз позицияларини ушлаб туриши тобора қийинлашиб бормоқда. Шундай вазиятда Ислом Республикаси расмийлари ҳозирда ўзларининг оғир халқаро аҳволини юмшатишнинг энг яхши йўли Саудия Арабистони билан муносабатларни нормаллаштириш деган хулосага келди.

Эронликлар узоқ вақтдан бери Ар-Риёдни мулоқот бошлашга чақириб келади ва саудияликларни кўпроқ ишонтириш учун оғзаки мурожаатлар билан бирга турли босим усулларини ҳам қўллайди. Масалан, Эрон дронлари Яман ҳусийчилари қўли билан Саудия Арабистонига зарбалар берди, эронлик ҳакерлар подшоҳликдаги муҳим инфратузилмаларга ҳужум қилди, Саудия танкерларида вақти-вақти билан сирли портлашлар содир бўлди.

Охир-оқибат, гарчи барча сабаблар бунга боғлиқ бўлмаса-да, «алоқалар ўрнатишга мажбурлаш» тактикаси ишлади. Бошқа нарсалар қаторида, АҚШнинг Яқин Шарқдаги иштирокини қисқартириши саудияликларни Эрон билан муроса қилишга ундади. Саудия раҳбарияти келажакда Эрон билан бирга-бир қолишни истамагани аниқ. Фақатгина ярашиш формуласини келишиб олиш қолди, холос.

Мўрт келишув

Ушбу Эрон-Саудия ярашуви формуласи тафсилотлари ошкор этилмади. Гап минтақадаги таъсир доираларини қандайдир чегаралаш ҳақида кетаётган бўлиши мумкин. Бироқ, ҳар қандай ҳолатда ҳам, келишувлар Эрон ва Саудия Арабистони ўртасидаги барча қарама-қаршиликларни ўтмишда қолдиришга имкон бермайди. Бу икки давлат кўп йиллар давомида намунавий рақиблар бўлиб келган: инқилобий республика ва сунний монархия, «Америкага ўлим!» шиори билан мустамлакачиликка қарши куч ва АҚШ таъсирининг мустаҳкам нуқтаси.

Эрон президенти Иброҳим Раисий ҳар йили, 1979 йилги Ислом инқилоби вақтида эгаллаб олинган АҚШнинг собиқ элчихонаси биноси олдида йиғиладиган намойишчиларга мурожаат қилмоқда. Теҳрон, 2022 йил 4 ноябр
Sobhan Farajvan / Pacific Press / LightRocket / Getty Images
Жо Байден ва валиаҳд шаҳзод Муҳаммад ибн Салмон АҚШ президентининг Саудия Арабистонига ташрифи вақтида. Жидда, 2022 йил 15 июл 
Bandar Aljaloud / Saudi Royal Palace / AP / Scanpix / LETA

Ислом Республикаси мавжуд бўлган 40 йил давомида Теҳрон ва Ар-Риёд ўртасидаги муносабатлар бир неча бор нормаллашув босқичларидан ўтган. Бироқ кейин ҳамма нарса яна муқаррар равишда янги можарога қараб борган. Шунга ўхшаш ташқи сиёсат зиг-загларининг такрорланишини инкор этиб бўлмайди. Эронликлар ва саудияликлар рақиб бўлиб қолмоқда ва ҳозирча ҳеч ким тўлиқ ярашиш ҳақида жиддий гапирмаяпти.

Ҳамма нарса тўғридан тўғри шартномани имзолаган ушбу икки давлатга боғлиқ эмаслиги туфайли вазият янада мураккаблашади. Саудия Арабистони учун Ямандаги ҳусийчилар билан урушни тўхтатишга эришиш муҳим. Эндиликда, эҳтимол, Эрон билан исёнчиларга ёрдамни қисқартириш ёки уни бутунлай тўхтатиш борасида келишиб олиш мумкин. Бироқ, бу муаммони ҳал қиладими? Ҳусийчилар аллақачон Эрон ва Саудия ўртасидаги нормаллашув ҳарбий ҳаракатларга ҳеч қандай таъсир кўрсатмаслигини айтиб бўлди.

Минтақадаги кескинликни пасайтиришни, шубҳасиз, ҳар икки давлат ҳам хоҳлайди. Бироқ, воқеалар баъзан уларнинг ярашиш истагидан кучлироқ бўлиши мумкин.

Хитой алтернативи

Эронликлар ва саудияликлар учун ушбу келишувнинг реал оқибатлари қандай бўлиши ҳали баҳоланмади. Ҳозир гаплашиш мумкин бўлган нарса — бу воситачи сифатида ҳаракат қилган Хитойнинг кутилмаган роли. Кўпчилик аллақачон Пекинни Яқин Шарқда АҚШга қарши янги ўйинчи деб атамоқда. Россия оммавий ахборот воситалари эса Хитойнинг минтақадаги роли ортиб бораётгани ҳақида алоҳида мамнуният билан гапира бошлади.

Вашингтон ҳақиқатан ҳам Яқин Шарққа қизиқишни йўқотмоқда. Америка ҳукумати Эрон ва Саудия Арабистони ўртасидаги келишувдан унчалик ҳам мамнун эмас, бироқ бунинг олдини олиш учун Ар-Риёдга хавфсизлик кафолатларини тақдим этиши мумкин эди, лекин бундай қилмади. АҚШ Саудияга қурол сотишга рози, аммо уни АҚШ қўшинлари билан ҳимоя қилмоқчи эмас. Ҳозирги шароитда Оқ уй икки давлат ўртасидаги ҳарбий қарама-қаршиликка бевосита аралашишдан кўра, Эрон ва Саудия ўртасидаги нормаллашувга рози бўлишни афзал кўради.

Пекин эса, ўз навбатида, ўзини конструктив ечимлар изловчи ва муаммоларни жойида йўқ қилишга қодир масъулиятли ва тинчликпарвар куч сифатида кўрсатмоқда. Сўнгги йилларда бир-бири билан прокси уруш (икки давлатнинг учинчи давлат қўли билан урушиши) олиб борган Эрон ва Саудия Арабистони ўртасидаги муваффақиятли воситачилик сабаб Хитой, АҚШдан фарқли ўлароқ, тинчлик ҳақидаги умумий сўзлар билан чекланиб қолмасдан, минтақавий можароларни амалда ҳам тўхтатишга қодир эканини намойиш этди.

Албатта, Хитойнинг Яқин Шарқдаги дипломатик муваффақияти Пекин ўзининг 12 банддан иборат тинчлик режаси асосида Украина ва Россия ўртасида ҳам келишувни ташкил қила олади дегани эмас. Киев Пекинни Москвага жуда яқин деб билади ва шунинг учун ҳам уни воситачи сифатида кўрмайди. Аммо тўқнашув эртами-кечми боши берк кўчага кириб қолиши мумкин, ўшанда Хитой воситачилиги барибир реалликка айланади, чунки Россия Ғарбни энди бу ролда кўришни истамайди.

Ҳар қандай ҳолатда ҳам, Пекин шартномаси шуни кўрсатадики, глобал Жанубдаги мамлакатлар энди ўз муаммоларини ҳал қилишда Ғарбнинг қандайдир иштирокига таяниши шарт эмас. Бу борада Хитой Россия очган йўлдан бормоқда. Айнан Москва сўнгги ўн йилликда Яқин Шарқда универсал воситачи ролини ўйнашга интилди. Масалан, Россия Туркия ва Эрон билан биргаликда Остона форматини ўйлаб топди ва бу формат орқали Сурия инқирозини Ғарб иштирокисиз ҳал қилишга уринди.

Афтидан, Хитой энди ўзининг «Пекин формати»ни ташкил этишга ҳаракат қилади. Масалан, Хитой раҳбари Си Жинпинг аллақачон Форс кўрфази давлатлари (Баҳрайн, Кувайт, Уммон, Қатар, Саудия Арабистони, БАА) ва Эронга жорий йилда Пекинда саммит ўтказишни таклиф қилди. Бу бундай таркибдаги биринчи саммит бўлади.

Шундай экан, Россия оммавий ахборот воситалари Яқин Шарқдаги етакчилик роли ўзгаришидан эрта хурсанд бўлган бўлиб чиқиши мумкин. Хитой бу минтақада Россияга иттифоқчи эмас, аксинча муқобил (унинг ўрнини эгаллашга даъвогар). Яқин Шарқ давлатларининг ҳақиқатан ҳам АҚШ ва Европа сиёсатидан ҳафсаласи пир бўлган ва энди Ғарбдан ташқи воситачилик кутмайди. Аммо Украинага қарши уруш туфайли Россия Федерациясининг ҳам нуфузи сезиларли даражада пасайди. Ва бу Яқин Шарқ Россия учун, Ғарбда ўсиб бораётган изоляция ва иқтисодий қийинчиликлар туфайли тобора муҳим минтақага айланиб бораётган бир пайтда содир бўлмоқда. Яқин Шарқ давлатлари Москва билан муносабатларда уларнинг позициялари қанчалик мустаҳкамланганини яхшигина тушунмоқда.

Хитойнинг молиявий ва техник имкониятлари Россияникига қараганда анча юқори. Бироқ Пекин яқин-яқингача Яқин Шарқ минтақасида иқтисодий экспансия билан чекланиб, минтақадаги жараёнларда бевосита сиёсий иштирок этишдан қочиб келган. Эндиликда АҚШ ва Россиянинг позициялари заифлашди, шунинг учун ХХР пайдо бўлган бўшлиқларни тўлдириши мумкин. Хитой Яқин Шарқ мамлакатларига ҳарбий-техник соҳада ҳам кўп нарсаларни таклиф қилади — ва таклиф қилишни бошлади ҳам.

Яқинда The Wall Street Journal нашри томонидан чоп қилинган, эронликлар Пекиннинг ядровий келишувни тиклашга ёрдам бериши шарти билан Хитой воситачилигига розилик бергани ҳақидаги мақола Москва хавотирларига қўшимча бўлиши мумкин. Россия бу келишувни ўз манфаатларига хизмат қилмайди дея ҳисоблайди. Россиянинг юқори мартабали дипломатлари журналистларга анонимлик шарти билан, Эрондан санкцияларни олиб ташлаш ва углеводородлар экспортини ошириш Россия учун энди фойдасиз эканини тан олган.

Ҳозирча Хитой ядровий келишувни қутқариб қолиши даргумон. Бироқ, унга бундай илтимос билан мурожаат қилишнинг ўзи муҳим факт. Бу фақатгина Яқин Шарқ минтақаси учун аҳамиятли бўлмаган муаммоларни ҳал қилишда муқобил кучга жиддий талаб борлигини кўрсатади. Ва бундай ёндашув энг камида Вашингтонни ҳам, Москвани ҳам огоҳликка чақириши керак.


arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг