Ой намуналарида яна икки янги минерал аниқланди

Хитойлик тадқиқотчилар Ой юзасидан олиб келинган намуналар таркибида илгари фанга номаълум бўлган икки янги минерални аниқлашди. Бу кашфиёт Ченду шаҳрида ўтказилган 11-Хитой Космик куни очилиш маросимида расман эълон қилинди.
Маълум қилинишича, Chang‘e-5 космик аппарати орқали Ерга олиб келинган тош ва тупроқ намуналарида фосфат гуруҳига мансуб янги минераллар топилган. Уларга magniochangizit-(Y) ва changizit-(Se) деб ном берилди.
Ушбу ноёб моддалар Халқаро минералогия ассоциацияси қошидаги Янги минераллар бўйича комиссия томонидан тасдиқланиб, расмий таснифга киритилган.
Мутахассислар фикрича, бу кашфиёт Ой геологияси ва унинг таркибини чуқурроқ ўрганишда муҳим аҳамиятга эга. Шу билан бирга, ҳозиргача Ойда аниқланган минераллар сони 8 тага етди.
Эслатиб ўтамиз, Хитой 2020 йилда Chang‘e-5 аппаратини Ойга юбориб, у орқали 1,73 килограмм тупроқ ва тош намуналарини Ерга олиб келган эди. Шу намуналар асосида бир қатор янги илмий кашфиётлар амалга оширилмоқда.
