date

14 ёшли ўқувчи уйида ҳақиқий самолёт двигатели ясади

14 ёшли ўқувчи уйида ҳақиқий самолёт двигатели ясади

Хитойда истиқболли ёш ихтирочи эътибор марказига тушди. 14 ёшли ўсмир уй шароитида ҳақиқий авиация двигателини мустақил равишда йиғишга муваффақ бўлди. Бу ҳақда “Oddity Central” нашри хабар тарқатди.

Маълум қилинишича, Че Цзинганнинг авиацияга бўлган қизиқиши жуда эрта — болалар боғчаси давридаёқ пайдо бўлган. У дастлаб қоғоз самолётлар ясаш билан шуғулланган бўлса, вақт ўтиши билан бу қизиқиш жиддий илмий изланишларга айланган.

Ота-онасининг айтишича, ўсмир ҳар куни соатлаб аэродинамика, муҳандислик ва бошқа тегишли фанлар бўйича китоблар мутолаа қилган. Ҳатто бошланғич синфлардаёқ у мураккаб мавзулар — математик таҳлил, лойиҳалаш ва махсус дастурларда ишлашни ўзлаштира бошлаган.

Кейинчалик Че ўз билимларини амалиётда синаб кўришга қарор қилиб, шахсий реактив двигател яратишни мақсад қилди. У тайёр чизмалардан фойдаланиш ўрнига барча ишни нолдан бошлаган: деталларни ўзи ишлаб чиққан, 2D ва 3D моделлар яратган, ҳаво оқими, ҳарорат ва босим каби параметрларни аниқ ҳисоблаб чиққан.

Ўсмир ўз иш жараёнини ижтимоий тармоқларда мунтазам равишда ёритиб борган ва бу орқали кенг аудитория эътиборини қозонган. Кўплаб фойдаланувчилар унга маслаҳат берган, айримлари эса деталларни 3D-принтер орқали тайёрлаб беришда ёрдам таклиф қилган.

Двигателнинг дастлабки версияси устида ишлаш қарийб 8 ой давом этган. Лойиҳа учун сарфланган материаллар қиймати 8-9 минг юанни, яъни тахминан 1100–1200 долларни ташкил этган. Ота-онаси унинг бу ишини жиддий қабул қилиб, ҳар томонлама қўллаб-қувватлаган.

Бироқ илк синов муваффақиятсиз якунланган — конструкция ва ёнилғи тизимидаги айрим камчиликлар бунга сабаб бўлган. Шунга қарамай, ёш ихтирочи таслим бўлмади. У ҳозирда двигателнинг янада такомиллаштирилган вариантини ишлаб чиқиш устида иш олиб бормоқда.

Че Цзинганнинг таъкидлашича, муваффақиятсизлик — бу билим олиш жараёнининг ажралмас қисми бўлиб, у инсонни янада кучли ва мақсад сари интилишга ундайди.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Дунё » 14 ёшли ўқувчи уйида ҳақиқий самолёт двигатели ясади