![](https://storage.kun.uz/source/9/Dck-yT-xnidW1r3IA3bMCMs6BsEuv5XX.jpg)
Владимир Путин йигирма йилдан ортиқ ҳукмронлигини ҳокимиятни мустаҳкамлаш, Россия армиясини қайта қуриш ва рақибларини заифлаштиришга сарфлади. Алалоқибат мамлакатда унинг персоналистик режими ўрнатилди. Бу ўзгариши мумкинми?
Россия жанг майдонида ўзи кутган муваффақиятга эриша олмади. Украинадаги уруш Владимир Путин режимининг кучи ва чидамлилигини сезиларли даражада пасайтирди. Ҳарбий муваффақиятсизликлар, кўплаб қурбонлар ва иқтисодий ҳолатнинг ёмонлашуви унинг ҳокимиятини хавф остига қўйиши мумкин.
Россия армиясидан фойдаланиш орқали Путин жамиятда катта ишонч омборини яратган эди. Россия жамоатчилиги Чеченистон, Грузия, Украина (2014 йилдаги ҳарбий ҳаракатлар) ва Сурияда ҳарбий кучларнинг нисбатан муваффақиятли ҳаракатларига гувоҳ бўлишди. Ўтмишдаги бу ҳарбий амалиётларда оддий аҳолидан ҳеч қандай қурбонлик талаб этилмаган. Россияликлар Украинадаги “махсус ҳарбий операция” ҳам худди шундай бўлишини кутишганди. Бироқ уруш “қисман сафарбарлик”кача бориб етди ва урушга кетган оддий фуқаролар саноқли кунлардан кейин фронтда пайдо бўлди. Қурбонларнинг ошиб бориши эса, ҳукуматни жамоатчилик қўллаб-қувватловидан маҳрум қилиши мумкин.
Хўш, Владимир Путиндан кейинги Россияда сисёсий тизим қандай шаклланади?
Бир қанча омиллар Россиянинг демократик давлатга айланишига тўсқинлик қилиши мумкин.
Биринчидан, империалистик менталитет. Россия инсоният тарихидаги энг йирик империялардан бири бўлган ва уни тиклаш кайфияти ҳали ҳам мавжуд. Пётр I ёки Екатерина II ҳукмронлиги даври ҳам Россиянинг европалашган мамлакатга айланиши ёки дворянларга эркинликлар берилиши билан эмас, балки биринчи навбатда ҳарбий муваффақиятлар ва ҳудудий ютуқлар туфайли Россия тарихидаги буюк даврлар сифатида тавсифланди. Шу жиҳатдан, Горбачёв давридаги эркинлик ва ошкоралик сиёсати собиқ совет давлати ҳудудининг муҳим қисмини йўқотиш фонида “унутилган”. Аксинча, Путиннинг 2000-йилларда Чеченистонни Россия измида сақлаб қолиши ва 2014 йилда Қримни қўшиб олишдаги муваффақияти уни ҳурматли раҳбарга айлантирди.
Иккинчидан, демократия Россиянинг парчаланишига олиб келиши мумкин. Чунки мамлакатдаги фарқланувчи этник гуруҳлар бир ҳудудга тўпланган ва ўзларининг «core state» (ўзак давлат)ларига яқин жойлашган. Хусусан, Туркияга яқин жойлашган ҳудудда истиқомат қилувчи чеченлар ёки Хитойга яқин ҳудудда яшовчи бурют ва туваликлар.
Учинчидан, Россия тарихида тўла инклюзив институтлар ҳеч қачон бўлмаган. Рус тарихининг ўзига хос хусусиятларидан бири ҳам шундаки, шахсларнинг роли мамлакатда муҳим аҳамият касб этиб келади. Асрлар давомида давлат ва ҳукмдор сиймоси ўзаро бир-бири билан боғланган. Мамлакатда коллектив бирлашмалар муҳим роль ўйнамаган. Натижада ҳокимиятнинг кучли шахсийлаштирилиши юз берган. Мухолифатга “сотқин”, “халқ душмани”, “хорижий агент” сифатида муносабатда бўлиш ва унинг ижобий аҳамиятини мутлақ инкор этиш демократия ўрнатилишига ўзига хос тўсиқ вазифасини ўтаб келади.
Тўртинчидан, совуқ урушдан кейинги иккита ўн йилликни инобатга олмаганда, Россия иқтисодиёти бутун тарихи давомида ресурсларга боғлиқ ҳолда ривожланган. Олдин буғдой ёки олтин, ҳозирда эса нефть ва газ экспорти давлат ғазнасини тўлдирувчи асосий манбалар ҳисобланади. Ушбу ҳолатда давлат асосан қайта тақсимловчи ролини ўйнайди. Фуқаролар иқтисодий жиҳатдан давлатга қаттиқ боғланган. Аҳолининг катта қисми бойлик яратмайдиган, балки уни истеъмол қиладиган мамлакатда демократик институтларни ташкил қилиш мураккаб ҳисобланади.
Достон Аҳроров
“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг![arenda kvartira tashkent](/uploads/d5fb3f5cdf_bisyor_banner_1000x100.webp)