Эрон қўллаб-қувватлаётган яманлик ҳусийчилар Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ)нинг яна 20 нафар ходимини ушлаб қолди. Бу ҳақда Ямандаги БМТнинг доимий координатори Жан Алам маълум қилди, деб ёзди Associated Press.
Маълумотларга кўра, ходимлар Яман пойтахти Санонинг жануби-ғарбий қисмидаги БМТ муассасасида қўлга олинган. Бир кун аввал ҳусийчилар шаҳарнинг бошқа туманидаги БМТ офисига ҳам бостириб киргани айтилмоқда.
Жан Аламнинг сўзларига кўра, ушланганлар орасида беш яманлик ва 15 нафар хорижлик мутахассис бор. Шу куни сўроқдан кейин исёнчилар БМТнинг 11 ходимини қўйиб юборган, аммо қолганларнинг тақдири ҳозирча маълум эмас.
«Биз бу жиддий вазиятни илoжи борича тез ҳал қилишга ҳаракат қиляпмиз. Барча ходимларни озод этиш ва Санодаги муассасаларимиз устидан тўлиқ назоратни тиклаш учун ҳусийлар ҳамда бошқа тарафлар билан доимий мулоқотдамиз», — деди Жан Алам.
Associated Press агентлигига маълум қилган аноним БМТ расмийсининг сўзларига кўра, ҳусийлар амалга оширган рейд пайтида иншоотдаги барча алоқа воситалари — телефонлар, серверлар ва компьютерлар мусодара қилинган.
Маълум бўлишича, ушланганлар БМТнинг бир неча тузилмалари — Жаҳон озиқ-овқат дастури (WFP), Бирлашган Миллатлар Болалар жамғармаси (ЮНИСЕФ) ва Гуманитар масалаларни мувофиқлаштириш идораси (OCHA) ходимларидир.
Сўнгги ойларда Яманда хавфсизлик ҳолати янада ёмонлашиб, халқаро ташкилотлар ходимлари учун вазият тобора хатарли тус олмоқда. Хусийчиларнинг бундай хатти-ҳаракатлари халқаро ҳамжамият томонидан кескин қораланмоқда.
БМТ вакиллари ҳозирда барча асирлар хавфсизлигини таъминлаш ҳамда халқаро гуманитар қонунларга риоя этилишини таъминлаш бўйича музокараларни давом эттирмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!