Шимолий Америкада тиббиёт соҳасидаги йирик тажриба чуқур қизиқиш уйғотди — олимлар 50 дан зиёд турдаги саратонни илк босқичда аниқлай оладиган қон тестини синовдан ўтказишди, деб хабар берди BBC News.
Тадқиқот доирасида АҚШ ва Канадада 25 мингдан ортиқ киши иштирок этди. Натижада ҳар юз нафар иштирокчидан бирига тест саратон хавфини кўрсатди. Кейинги текширувларда уларнинг ярмидан кўпи — тахминан 62 фоизида ҳақиқатдан ҳам саратон борлиги тасдиқланди.
Қизиқ жиҳати шундаки, аниқланган ҳолатларнинг ярмидан кўпи хасталикнинг илк босқичига тўғри келган. Бу эса янги усулнинг эрта ташхисдаги аҳамиятини кўрсатади. Тест 99 фоиз ҳолатларда соғлом одамларда саратон йўқлигини тўғри ташхислаган ва 10 та ҳолатдан 9 тасида саратон манбасини тўғри белгилаган.
Тестнинг номи — Галлери (Galleri) бўлиб, у америкалик Grail компанияси томонидан яратилган. Технология саратон ҳужайраларидан ажралиб чиқадиган DNK қисмларини қон орқали аниқлайди. Ҳозирда тест Буюк Британия Миллий соғлиқни сақлаш хизмати (NHS) орқали ҳам синовдан ўтказилмоқда.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, Галлери тести кўкрак, ўпка, ичак ёки бачадон бўйни саратони учун ўтказиладиган одатий скрининглар билан биргаликда қўлланганда аниқлик даражаси етти баробар ошади. Бу шифокорларга касалликни анча илгарироқ босқичда топиш имконини беради.
Шу билан бирга, Британиядаги Cancer Research UK ташкилоти олимлари тест айрим ҳолларда организмга зарар етказмайдиган ўзгаришларни ҳам саратон деб кўрсатиши мумкинлигини эслатмоқда. Шу боис ҳозирча эҳтиёткорлик билан ёндашиш ва қўшимча тадқиқотлар ўтказиш лозимлиги таъкидланмоқда.
Келаси йили Англияда 140 минг бемор иштирокидаги уч йиллик синов натижалари тақдим этилади. Агар натижалар ижобий бўлса, Галлери тести яна 1 миллион кишига қўлланиши режалаштирилган.
Grail компанияси вакили Сир Ҳарпал Кумар сўзларига кўра, асосий мақсад — касалликни кеч эмас, балки эрта босқичда аниқлаш ва даволаш имкониятини кенгайтириш.
«Беморларнинг кўпчилиги саратон кеч ташхислангани учун ҳаётдан кўз юмади. Биз буни ўзгартиришни хоҳлаймиз», — деди у.
Шундай қилиб, тиббиёт дунёсида янги давр бошланиши мумкин — қон орқали саратонни эрта аниқлаш имконияти инсон ҳаётини сақлаб қолишда катта умид уйғотмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!