date

Демографик инқироз: Россияда меҳнат ресурслари тобора камаймоқда

Демографик инқироз: Россияда меҳнат ресурслари тобора камаймоқда

Россия иқтисодиётида сўнгги йилларда асосий муаммолардан бири – ишчи кучининг камайиши. Демографик пасайиш, аҳолининг қариши ва меҳнат ёшидаги фуқаролар сонининг қисқариши ортидан бу ҳолат тобора чуқурлашмоқда. Евроосиё тараққиёт банкининг (ЕОТБ) янги ҳисоботига кўра, бу жараён эндиликда сурункали тус олган.

Маълумотларга кўра, 2010–2024 йиллар оралиғида Россияда иқтисодиётда банд бўлганлар сони 4 миллиондан зиёд кишига ошган. Бироқ 2025 йилнинг ёзига келиб, ишсизлик 2,2 фоизгача тушди — бу рекорд даражадаги паст кўрсаткич ҳисобланади. Одатда табиий ишсизлик 4–5 фоиз атрофида бўлади, шу боис бу рақам меҳнат ресурслари етишмаслигини очиқ намоён этмоқда.

Меҳнат бозоридаги тарозини фақат бир неча йўл билан барқарорлаштириш мумкин: мигрантларни кўпроқ жалб этиш, кекса авлоднинг иқтисодиётдаги иштирокини ошириш ва меҳнат унумдорлигини кўтариш.

Сўнгги 15 йил ичида Россияга чет эллик ишчиларнинг йиллик оқими тахминан 250 минг кишини ташкил этди. Улар умумий меҳнатга лаёқатли аҳолининг қарийб 3 фоизини ташкил этмоқда.

2019 йилдаги пенсия ислоҳоти ҳам меҳнат бозорига таъсир қилди — кекса авлод ишдан кетмасдан, фаолиятни давом эттираётгани қайд этилмоқда. Агар 2016–2018 йилларда 60 ёшдан ошганлар орасида иш билан бандлар улуши 13 фоизни ташкил этган бўлса, ҳозир бу кўрсаткич 16,7 фоизга етди. Шу билан бирга, сўнгги икки йилда иш ҳақи қарийб 18 фоизга ўсди, бу эса айрим фуқароларни меҳнат бозорига қайтишга ундади.

Шунга қарамасдан, кадрлар етишмаслиги барқарор тус олмоқда. Россия банки маълумотларига кўра, 2025 йил иккинчи чорагида корхоналарнинг катта қисми ишчи қўллар етишмаслигидан шикоят қилган ва яқин келажакда янги ходимларни жалб этишни режалаштирмоқда.

Асосий сабаблар демографик ўзгаришларда. Россия аҳолиси қариб бораётгани туфайли меҳнатга лаёқатли фуқаролар сони кескин камаймоқда. ЕОТБ ва БМТ прогнозларига кўра, 2040 йилга бориб барча ишчиларнинг қарийб 40 фоизи 50 ёшдан ошган бўлади. Бу эса иш унумдорлиги ва ҳаракатчанлик даражаси пасайишига, иқтисодий ўсиш эса секинлашишига олиб келиши мумкин.

Ҳозирча энг катта кадрлар танқислиги ишлаб чиқариш, савдо, логистика, IT ва соғлиқни сақлаш соҳаларида кузатилмоқда. Масалан, қайта ишлаш саноатида 400 минг, савдо соҳасида 300 мингдан зиёд, транспорт ва логистикада эса қарийб 200 минг киши етишмаяпти.

Мутахассислар бу вазиятнинг бир нечта сабабларини кўрсатмоқда: демографик жарлик, мутахассисларнинг чет элга кўчиши, таълим тизими ва бизнес эҳтиёжлари ўртасидаги тафовут, ҳамда «мудофаа секторининг ўсиши» сабаб ишчи кучининг айрим қисми саноатга кетмоқда.

Ишчи етишмаслиги иш муҳитини ҳам ўзгартирган — ходимлар кўпроқ масъулиятни ўз зиммасига олаётгани сабабли, чарчоқ ва иш сифатининг пасайиши кузатилмоқда.

Россия Меҳнат вазирлиги хулосасига кўра, бу муаммо камида 2030 йилгача сақланиб қолади. Шу вақтга келиб ишчи кучига эҳтиёж 3,1 миллион кишига етиши кутилмоқда.

Мутахассислар фикрича, бу инқирозни енгиш учун миграция сиёсати билан бир қаторда автоматлаштириш ва технологияларни ривожлантириш, меҳнат унумдорлигини ошириш, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш ва фаол меҳнат ёшини узайтириш зарур.

Натижада Россия учун ишчи кучи танқислиги янги реалликка айланмоқда — унинг иқтисодиёти энди инсон ресурсларига қараганда технология ва самарадорлик билан рақобат қилишни ўрганиши керак бўлади.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Демографик инқироз: Россияда меҳнат ресурслари тобора камаймоқда