14:13 / 17.04.2023
991

Жанг қилишни истамаганлар учун Россиядан чиқиш ёпилади

Жанг қилишни истамаганлар учун Россиядан чиқиш ёпилади

Фото: РФ Давлат думаси

Россия ҳукумати қуролланиш ва мамлакатни ташқи оламдан ёпиш учун янги қадамни ташлади — Давлат думаси хуфиёна тайёрланган қонун лойиҳасини тезлаштирилган тартибда қабул қилди. Қонун армиядаги хизмат ва сафарбарликдан қутулиб қолишни амалда имконсиз қилади.

Ҳарбий комиссариатларга чақирув қоғозлари энди электрон кўринишда ҳам тарқатилади, чақирилган инсонга дарҳол чет элга чиқиш тақиқланади, хизматдан бўйин товлаганлар эса мол-мулкка эга бўлиш ҳуқуқидан қисилади. Янги қоидалар чақирув қоғозини олганларгагина эмас, Россия иқтисодиёти учун ҳам ёқимсиз оқибатлар келтириб чиқариши мумкин.

Нима бўляпти?

Россияда қисман ҳарбий сафарбарлик (уни якунлаш тўғрисидаги фармонни Владимир Путин ҳануз имзоламаган ва афтидан имзоламоқчи ҳам эмас) эълон қилинганидан ярим йил ўтиб, Россия ҳукумати хизматдан бўйин товловчилар билан жиддийроқ шуғулланиш учун пишиб етилди. «Ҳарбий мажбурият тўғрисида»ги қонунга тузатишлар киритиш пакети тўлиқ махфийлик шароитида ишлаб чиқилди, бу тузатишлар борлиги эълон қилиниши ва уларнинг парламентда уч ўқишда қабул қилиниши учун бир суткадан кам вақт кетди. Эртаси куни Сенат — Федерация кенгаши уни тасдиқлади, жума куни кечқурун унинг остига Владимир Путин ўз имзосини қўйди.

Қонун лойиҳасининг бош муаллифи мудофаа вазирининг собиқ ўринбосари, айни дамда Давлат думасининг мудофаа ишлари бўйича қўмитаси раиси Андрей Картаполовдир. Қонун лойиҳасини аслида ким ёзгани ва уни Кремл билан қандай келишишгани ҳақида тафсилотлар маълум эмас. Демография ва меҳнат бозори учун масъул бўлган ҳукумат учун ҳам бу тузатишлар сюрприз бўлган, деб ёзади The Bell. «Бу масалада йиғилиш бўлгани йўқ, эмиграциянинг эҳтимолли учинчи тўлқини оқибатларини ҳеч ким ҳисобга олмаган», — деган нашрга ҳукуматда ишловчи манбалардан бири.

Қонунга киритилаётган тузатишлар одамларга кўп ҳам хуш келмаслигини ҳисобга олиб, улар қабул қилингач Картаполов бошчилик депутатлар россияликларга унинг оқибатлари у қадар қўрқинчли эмаслигини тушунтиришга киришиб кетишди. Ҳаттоки очиқдан очиқ ёлғонлардан ҳам фойдалана бошлашди, бироқ янги қонуннинг кўплаб жойларини турлича талқин қилиш мумкин. Ҳозирча асосий меъёрлар ҳақида қуйидагилар тушунарли:

  • Электрон чақирув қоғозлари «Давлат хизматлари» портали орқали жўнатилади ва буюртма хат орқали жўнатиладиган ҳамда шахсан тақдим этиладиган қоғоздаги варианти билан бир хил кучга эга (шу пайтгача фақат шахсан тақдим этиладиган қоғоз қонуний кучга эга эди). Агар фуқаро «Давлат хизматлари» порталидаги аккаунтини ўчириб юборса ва почтага кирмаса ҳам ёзилган чақирув қоғози махсус яратилаётган чақирувлар реестрига киритилганидан 7 кун ўтгач етказилган ҳисобланади.
  • Чақирув қоғози бўйича ҳарбий комиссариатга бормаслик учун жавобгарлик ўзгартирилмаган — 500 рублдан 3000 рублгача маъмурий жарима (РФ МЖтКнинг 21.5-моддаси). Сафарбарликка чақирилаётган фуқародан фарқли ўлароқ, муддатли ҳарбий хизматдан бўйин товлаган фуқарони жиноий жавобгарликка ҳам тортиш мумкин, гарчи амалиётда бунақаси жуда кам учраган бўлса ҳам. Энди бўйин товлаганларга қарши уларни ҳарбий комиссариатга келтириш учун «мажбурлов чоралари» қўлланади.
  • Бош «мажбурлов чораси» — хорижга чиқиш учун тақиқ бўлиб, чақирув қоғози ёзилган вақтдан автоматик равишда реестрга киритилади. Бу пунктда битта «лекини» бор. The Bell нашри суҳбатлашган тўрт юрист қонуннинг ифода этилишидан келиб чиқиб, хорижга чиқиш учун тақиқ фақат муддатли ҳарбий хизматга чақирилаётганлар учун амал қилиши, сафарбарлик чақирувига амал қилмаслигини ишонч билан таъкидлашган. Бироқ бу фақат қонуннинг формал талқини. Иккинчидан, сафарбарликка чақирилганлар учун чегаралар ёпилиши тўғрисидаги меъёрлар янги тузатмалардан аввал ҳам қонунларда бор эди — шунчаки ҳарбий комиссариатлар улардан фойдаланишмасди. Энди қандай бўлиши номаълум. «Ўтган кузда сафарбарликка чақирилаётганларнинг қандайдир рўйхатида бўлган айрим шахсларга чегара хизмати Россияни тарк этишга йўл бермаган. Ўшанда бу амалиётдан тезда воз кечилган эди. Янги қонун қабул қилиниши билан яна унга қайтиладими-йўқми — номаълум», — деган The Bell’га юрист Максим Оленичев.
  • Чақирув қоғозини олганидан сўнг фуқаро ҳарбий комиссариатга 20 кун ичида келмаган тақдирда унга нисбатан қуйидаги «мажбурлов чоралари» қўлланади — кўчмас мулк ва транспорт воситаларини қайддан ўтказишга нисбатан тақиқ (бу квартира ёки машина харид қилиш ва сотиш имконсиз бўлишини англатади), транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилиш, кредит олиш, хусусий тадбиркор ва ўзини ўзи банд қилган фуқаро сифатида қайддан ўтишга нисбатан тақиқ. Бу ерда энди фарқ йўқ — тақиқ муддатли ҳарбий хизматга чақирилганларга ҳам, сафарбар қилинаётганларга ҳам бирдек қўлланади, дейишмоқда юристлар. Уларни қисман айланиб ўтишнинг йўли — олдиндан мол-мулкларни аёл қариндошлар номига ўтказиб қўйиш.
  • Ниҳоят, тузатмалар ўтган йил сентябридан бери устида иш бошланган ҳарбий хизматга мажбур фуқароларнинг ягона реестрини расман қонунийлаштирмоқда. Формал жиҳатдан олиб қараганда, қонун бу реестрсиз ҳам ишлайверади. Бироқ реестрнинг мавжудлиги янги меъёрларнинг барчаси ишга тушиши учун керак — масалан, ҳарбий комиссариатларнинг базаси чегара хизмати базасига интеграция қилинмаса, мамлакатни тарк этишни назорат қилиб бўлмайди.

Иқтисодиёт учун оқибатлар

Бир қараганда қонун иқтисодиёт учун тўғридан тўғри салбий оқибатлар келтириб чиқармайдигандек. Лекин у иқтисодиётга кучли беқарорлаштирувчи таъсир ўтказади: аҳоли ва бизнеснинг безовталиги кучаяди, ноаниқлик даражаси ошиб бериши инвестиция режаларига салбий таъсир ўтказади. Бундан ташқари, эмиграциянинг учинчи тўлқини вужудга келиши хавфи ортади, айниқса электрон чақирув қоғозлари жўнатиш жараёни жанжал ва зиддиятлар орқали рўй берадиган бўлса.

Фуқаролар ва корхоналар учун зиддиятнинг давомийлиги режалаштиришнинг асосий дастлабки шарти бўлиб турибди, дейди Bloomberg Economics эксперти Александр Исаков. «Агар қонун қабул қилинишини уруш давомийлиги чўзилиши учун сигнал деб қаралса, биз истеъмолчилик ишончи пасайиши ва аҳоли ўртасида омонат сақлашнинг юқори меъёрларига гувоҳ бўлишимиз мумкин», — дейди у.

Сиёсатшунос Григорий Голосов қонунни айнан шундай тушуниш кераклигига ишончи комил. «Агар ушбу қонун қабул қилиниши нимадандир сўзлаши керак бўлса, у Россия раҳбариятининг «махсус ҳарбий амалиёт» узоқ давом этишига ўзларини руҳан тайёрлаб бўлганидир. Улар Россиянинг ички оммасини ҳам, хорижликларни ҳам бунга кўниктирмоқчи. Чунки бошқа давлатлар учун бу билдирги янада муҳимроқ. Путин «махсус ҳарбий амалиёт» узоқ чўзилишига тайёр эканини бир неча марта таъкидлаган, бу қандайдир ҳаракатлар билан қувватланиши ҳам керак эди. Бу ана шундай ҳаракатлардан бири», — деган у.

Россия ҳокимиятининг аввалги хатти-ҳаракатлари сингари бу янги қонун ҳам энг аввало меҳнат бозорига зарба беради. 2022 йилда 35 ёшдан кичик бўлган ишчилар 1,3 миллион нафарга қисқарган, дейилади Росстат маълумотларида. Меҳнат бозоридан айниқса 25-29 ёш орасидаги йигитлар энг кўп «оқиб чиққан». Тадқиқотда айтилишича, асосий сабаблар — демографик қариш ва эмиграция. Украина билан уруш тилга олинмаган, бироқ бу — меҳнат бозорига таъсир ўтказаётган энг муҳим омил.

АҚШ резведкасининг сиздирилган ҳужжатларида таъкидланишича, ФХХ Россиянинг Украинадаги йўқотишларини 110 минг нафар ўлдирилганлар ва ярадор бўлганлар сифатида баҳолаган. Reuters сиздирмалардаги бошқа ҳужжатга асосланиб, АҚШ ҳарбийларининг баҳолашларига кўра Россия 189,5 мингдан 223 минггача аскар йўқотгани, улардан ўлдирилганлари сони 35,5–43 минг атрофида экани ҳақида хабар берган. BBC рус хизмати ва «Медиазона» очиқ манбалар орқали урушда ҳалок бўлганларни ҳужжат ва далиллар асосида санаб боришмоқда ва уларнинг сони аллақачон 20 451 нафар экани тасдиқланган. Нашрлар ҳалок бўлганларнинг реал сони камида икки баробар кўпроқ эканини тахмин қилишади.

Урушда ярадор бўлганлар ишчи кучи сафидан ҳам чиқиб кетади ва уларнинг ўрнини босадиган одам йўқ: меҳнат бозорида эркаклар кам, айрим ҳудудларда илгари эркаклар бажарган ишлар учун аёлларни ёллашмоқда.

Энди нима бўлади?

Янги қоидалар бирданига ва кескин ишга тушмайди — шу сабабли урушга яроқли инсонлар вақт борида мамлакатни тарк этишга тайёрланавериши керак. Халққа маъқул келмайдиган тузатмаларни киритар экан, Кремл ҳали узоқ урушиш нияти борлигини билдирмоқда ва халқ фикрини инобатга олишдан тобора узоқлашмоқда. Бунга ҳам тайёрланиш керак.


arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг