
Financial Times нашрининг хабар беришича, Apple компаниясининг бош директори Тим Кук 2026-йилда ўз лавозимини тарк этиши мумкин. Нашр манбаларига кўра, унинг ўрнига асосий даъвогар сифатида аппарат воситалари ишлаб чиқилишини бошқараётган катта вице-президент Жон Тернус номи тилга олинмоқда.
Financial Times таъкидлашича, якуний қарор ҳали қабул қилинмаган ва Apple янги раҳбари номини эҳтимол, январ ойидаги молиявий ҳисобот эълон қилинганидан кейин ошкор қилади. Йил бошида раҳбариятда ўзгаришлар амалга оширилиши кутилмоқда, бу эса бўлажак бош директорга июн ойидаги дастурчилар конференцияси ҳамда сентябрда янги iPhone тақдимотига тайёргарлик кўриш учун имконият яратади.
Apple ичида раҳбарият таркиби янгиланмоқда. Бу йил компанияни молиявий директор Лука Маэстри йил бошида, операцион директор Жефф Уилямс эса ёзда тарк этди.
Ҳозирда Тим Кук 65 ёшда. У 2011-йилдан бери Apple раҳбарлигини олиб бормоқда ва Стив Жобснинг ўрнини эгаллаган.
Унинг бошқаруви даврида компаниянинг бозор қиймати 350 миллиард доллардан 4 триллион долларга етди. Курсив Ўзбекистон маълумотига кўра, Apple Siri учун сунъий интеллект модели бўйича Google компаниясига йилига 1 миллиард доллар тўлашга тайёр эканини билдирган.
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.