Латвия «Йўл ҳаракати тўғрисида»ги қонунга ўзгартириш киритишни режалаштирмоқда. Унга кўра, Россия рақамларига эга автомобиллар 3 ой ичида мамлакатда рўйхатдан ўтказилиши ёки мамлакат ҳудудидан олиб чиқилиши шарт. Қонун лойиҳаси биринчи ўқишда Сейм томонидан маъқулланган.
«Агар шу муддатдан сўнг Латвияда рўйхатдан ўтмаган Россия автомобили йўл ҳаракатида фойдаланилгани аниқланса, у ҳибсга олинади ва мусодара қилинади. Мусодара қилинган автомобилларни Украинага бериш режалаштирилмоқда», деб изоҳ берди қонун муаллифлари. Рўйхатдан ўтиш муддатига риоя қилмаслик жаримага ҳам сабаб бўлади.
Латвия Сейми тушунтиришича, қонун лойиҳаси Европа Иттифоқи томонидан киритилган санкцияларни амалга ошириш ва хавфсизлик чоралари доирасида қабул қилинган.
Россияда рўйхатдан ўтган транспорт воситаларидан Латвия ҳудудида фойдаланишга фақат Латвия ҳудуди орқали транзит ўтилган тақдирда рухсат берилади. Расмийлар Латвия ҳудуди орқали фақат битта транзитга рухсат беришни режалаштирмоқда, бу эса 24 соат ичида амалга оширилиши керак. Латвияга киришдан олдин, шахс Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси (CSDD) томонидан тақдим этилган электрон хизматлардан фойдаланган ҳолда транспорт воситаси ва ҳайдовчиси ҳақида маълумот бериши керак.
Тузатишлар, шунингдек, баъзи истисноларни назарда тутади, масалан, дипломатик ва консуллик хизмати томонидан фойдаланиладиган ёки уларга тегишли бўлган транспорт воситалари учун.
Қонун кучга кириши учун Сейм томонидан иккинчи – якуний ўқишда ҳам маъқулланиши керак. Агар қонун лойиҳаси қабул қилинса, 15 ноябрдан кучга киради.
17 сентябрдан бошлаб, Полша Россияда рўйхатдан ўтган енгил автомобилларнинг ўз ҳудудига киришини тақиқлади. Илгари худди шундай тақиқлар Финляндия, Литва, Латвия ва Эстония томонидан жорий этилган эди. Норвегия ҳам шундай қарор қабул қилиш режасини эълон қилди, аммо ҳали буни амалга оширмади.
“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг