22:02 / 01.11.2023
409

Эрдўғаннинг Исроилга қарши кескин айбловлари. Бу нимага олиб боради?

Эрдўғаннинг Исроилга қарши кескин айбловлари. Бу нимага олиб боради?

Исроилнинг Ғазо секторидаги ҳарбий ҳаракатлари нисбатан араб давлатлари етакчилари баёнотлари, айниқса Туркия раҳбари Эрдўғаннинг кескин чиқишлари нимадан далолат беради? Бу баёнотлар бошланган янги урушга қандай таъсир кўрсатади? «Геосиёсат»нинг навбатдаги сонида сиёсий таҳлилчи Равшан Ғозиев шу ҳақдаги фикрларини билдирди.

— Араб давлатлари ва Туркиянинг кескин баёнотлари қандай натижа бериши мумкин?

— Баёнотлар бекорга берилмайди, амалий натижа ҳам бўлади. Ҳар бир баёнотнинг аниқ мақсади бор. Биринчи навбатда бу баёнотлар давлатлар позициясини белгилаб беради. Иккинчидан эса огоҳлантириш, сигнал вазифасини ўтайди. Бефарқ эмаслигини, натижаларидан хавотирда эканини билдиради баёнотлар.

Кескин баёнотлар доим таъсир кўрсатиш кучига эга бўлади. Туркиянинг ҳам охирги баёнотлари шундай кескинлашиб боряпти. Эрдўған биринчи парламентда, кейин катта намойишда ўз позициясини билдирди. Бу намойишда Эрдўған икки масалага катта урғу беради: Исроилга жиноятчи давлат сифатида қараш ва Нетаняҳу ҳукуматини айблаш; сабабчи сифатида Ғарб давлатларини кўрсатиб, гуманитар инқирозга жавобгар деган позиция билдиряпти.

Бу баёнотлар ўз таъсирини кўрсатади. Эрдўған чиқишларидан кейин Ғарб медиаси уни муҳокама қилди. Катта-катта ОАВлар бу бўйича материаллар эълон қиляпти. Туркия ҳар доим бундай масалаларда «қалтис» давлат бўлган ва Ғарбда доим Туркия позицияси муҳокама қилинган. Исроил учун энг катта хавфли давлат сифатида ҳам Туркияни айтишади. Ҳарбийлар сони, технологиялар жиҳатдан анча ривожланган. Шунинг учун ҳам Ғарбда Туркия позицияси муҳим саналади.

Айнан Эрдўған даврида ташқи сиёсатда фаоллик кузатилди. Яқин Шарқ масаласида ҳам доимий позиция билдирилди. Намойишда Ливанда, Қорабоғда эришилган ишлар ҳам таъкидланди. Украина-Россия урушида ҳам Туркиянинг ўрни сезиларли, айниқса ҳарбий дронлар етказиб бериш. Бундан ташқари, Россия билан ҳам алоқалар қиляпти, бундай икки конфликтли давлат билан ҳамкорлик қилиш осон эмас. Туркиянинг бундай фаол ташқи сиёсати Ғарбни хавотирга ҳам соляпти.

Украина уруши сабабли Ғарб давлатлари чарчаган. Шунинг учун Яқин Шарқ минтақасида минтақавий кучлар позициясини кучайтириб юбориши мумкин. Шундан ҳам қўрқади Ғарб.

Араб давлатларининг бу масалада катта таъсир воситалари бор, лекин амалга оширмаяпти. Масалан, 1973 йилдаги нефт инқирози катта босим бўлган Исроил ва Ғарб учун. (1973 йил Ём Киппур урушида Саудия қироли Файсал ибн Абдулазиз ас-Сауд Ғарбга нефт етказиб беришни тўхтатди. Шундан сўнг Файсал 1975 йил ўз жияни томонидан ўлдирилган)

Лекин араблар шу пайтгача урушларда бир натижага эришмади, шунинг учун Исроилни тан ола бошлади. Ҳозир араб давлатларидан Қатар, Жазоир, Саудия бироз кескин баёнот берди, бошқаларида бундай эмас. Балки музокараларга қайтиш, муаммони чуқурлаштирмаслик масаласи ҳам бордир.

Исроил кенг кўламда ҳужумга ўтишни айтганди, аммо қисман ўтди. Чунки Ғазода аҳоли жуда зич жойлашган, жой тор. Бундай ҳудуддаги ҳар қандай ҳарбий ҳаракат кучли гуманитар инқироз келтириб чиқаради. Аллақачон бошланган ҳам бундай инқироз. Исроилликлар ҳам қарши бўляпти бу урушга, куни кеча Натаняҳу уйига бориб, ҳокимиятдан кетишини талаб қилганлар ҳам бор. Бундай гуманитар инқироз барча давлатларни хавотирга солади. Исроилга қарши турли ҳаракатлар, чақириқлар кўпайиб кетди бутун дунёда. Агар Туркия, Эрон каби давлатлар урушга бевосита аралашса, вазият янада оғирлашиб кетиши мумкин. 60-70-йиллардаги вазият такрорланиб, минтақада хавфсизлик бутунлай издан чиқади.

1967 йилги чегарага қайтишгина бу можароларни ҳал қилади, бўлмаса, тўхтамайди бу конфликт. ҲАМАС кетса, ўрнига бошқаси чиқаверади. Ягона ечим 1967 йилги резолюция бўйича икки давлат тузилиши. Гутерришнинг баёноти ҳам шунга қаратилган.

— Туркия ва Исроил қанчалик ўзаро боғлиқ? Икки давлат муносабатлари қандай?

— Ўтган асрда Исроил ва Туркия муносабатлари яхши бўлган. Лекин бугунгидай вазиятларда Туркия позицияси ўзгариб турган. Ҳозирги вазиятда ҳам Туркия биринчи босиқликка чақирди, лекин Ал-Аҳли шифохонаси портлатилгач, кескин баёнотлар берди. Туркия бунга бефарқ қаролмайди. Чунки Туркия жамоатчилиги шуни талаб қилади давлатдан, Эрдўған истамаган бўлганда ҳам халқ босими билан шундай баёнотлар беришга мажбур бўларди.

Туркиянинг таъсир ричаглари. Қора денгиз лойиҳаси, Европага газ етказиш масалалари бор эди. Икки давлат бу борада музокаралар ўтказганди, лекин ҳозир тўхтаган бу ишлар. Савдо-иқтисодий алоқалар масаласи ҳам бор. 2002 йилда ўзаро айланма 1,5 млрд доллар атрофида бўлган, 2022 йилда эса 9 млрдга етган. Асосан Туркия экспорт қилган, Исроил эса 2 млрд долларлик маҳсулот экспорт қилган Туркияга. Лекин Исроилга бошқа фойдали томонлари ҳам бор. Яъни минтақа давлатлар билан алоқани яхшилаш масаласи. Чунки фақат Европа ёки Америка билан алоқалар орқали ривожланиш қийин масала, бундан ташқари, транзит масалалари ҳам бор. Шунинг учун Туркия билан савдо алоқалар ҳам босим сифатида рол ўйнайди.

Бундан ташқари, Исроил ва Туркия ўртасида ҳарбий алоқалар яхши ривожланган эди. Исроил кўп миқдорда қурол-яроғ ва ҳарбий техника-қурилмалар учун қисмлар сотади Туркияга. Энди бу алоқалар бир муддат тўхтаб қолиши мумкин.

— Можарода Қатарнинг ўрни қандай?

— Қатарнинг ўрни охирги пайтларда катта. Умуман, минтақадаги геосиёсий жараёнларда муҳим рол ўйнаяпти, хусусан, айни масалада ҳам. Шунинг учун ҳам бу масалада воситачиликни Қатар ва Мисрга берди АҚШ. Миср Исроил иттифоқчиси, Қатар эса нейтрал кўринишдаги ҲАМАС тарафдори. Газ етказиш лойиҳаларида ҳам асосий иштирокчи Қатар эди, бу ҳам таъсир воситаси. Бундан ташқари, Қатар медиаси жуда яхши ишлайди. Масалан, «Ал-Жазира» медиа ташкилоти ҳам араб дунёсига катта таъсир кўрсата олади, аксарият араб давлатларида томоша қилинади. Умуман, Қатарнинг ўрни муҳим.

Туркия масаласига қайтсак. Эрдўған охирги намойишни Истанбулда қилганиям бир сигнал. Туркия мустақиллик байрами ҳам айнан Истанбулда бўлди бу сафар. Анқара Отатурк асос солган замонавий Туркиянинг пойтахти. Истанбулда бўлиши орқали Эрдўған яқин келажакда Туркия сиёсати «нео-Усмонизм» ғояси атрофида бўлишига сигнал бергандир. Шундай бўлса, Яқин Шарқдаги Туркия ҳаракатлари кучаяди. Отатурк Яқин Шарқни Туркия учун кераксиз деган бўлса, Эрдўған учун ундай эмас. Эрдўғаннинг ҳаракатлари Ғарбга ҳам, Исроилга ҳам ва мусулмон дунёсига ҳам сигнал дейиш мумкин.

НормуҳаммадАли Абдураҳмонов суҳбатлашди.


arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё