00:30 / 03.11.2023
407

Исроил Ғазо секторидаги мақсадларига эриша оладими?

Исроил Ғазо секторидаги мақсадларига эриша оладими?

Сўнгги бир неча кун давомида Ғазо секторидаги қуруқлик амалиётини кенгайтирган Исроил мудофаа кучлари 2 ноябрга келиб Ғазо шаҳрини қуршаб олганини эълон қилди.

«Биз урушнинг яна бир муҳим босқичига ўтдик. Бизнинг кучларимиз Ғазо шимолининг қоқ марказида бўлиб, Ғазо шаҳрини ўраб олиб, муваффаққиятга эришмоқда», — деди Исроил мудофаа кучлари бош штаби бошлиғи Герзи Ҳалеви.

«ҲАМАСнинг ҳар бир аъзоси — ўзини мурда деб ўйлайверсин», — деганди Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу ушбу ҳаракат аъзолари мамлакат ҳудудига мисли кўрилмаган ҳужумни амалга ошириб, 1400 дан ортиқ кишини ўлдирганидан кейин. Кейинроқ у «террор машинаси» ва ҲАМАСнинг сиёсий тузилмаси демонтаж қилинишига ваъда берди.

Исроил Ғазо секторида қуруқлик амалиётини айнан шу мақсадларга эришиш учун кенгайтираётганини маълум қилган. Шунингдек, исроилликлар ҲАМАСни тўлиқ мағлуб этганидан кейин Ғазо секторидан бутунлай кетишини айтишмоқда. Масалан, мудофаа вазири Йоав Галант Исроил «янги хавфсизлик режими»ни таъминлаши кераклиги, аммо Ғазодаги одамларнинг кундалик ҳаёти учун масъулиятни зиммасидан соқит қилмоқчилигини айтган.

Агар «Темир қиличлар» амалиётининг мақсади айнан шундай бўлса, бу Исроилнинг Ғазодаги аввалги амалиётларидагига қараганда анча юқори амбицияларни кўрсатади ва бунга эришиш учун ойлар талаб этилиши мумкин. Аммо бундай мақсад реалликдан келиб чиқиб қўйилганми ва ҳарбий қўмондонлик бунга эришишни таъминлай оладими?

Ғазо секторига бостириб кириш ўз-ўзидан бинолар зич жойлашган шаҳар кўчаларидаги жанглар ва секторнинг икки миллиондан ортиқ тинч аҳолиси ҳаёти учун улкан хавфни англатади. ҲАМАС назоратидаги Ғазо расмийлари шу вақтгача йўлланган авиазарбалар орқали аллақачон 9 мингга яқин киши ҳалок бўлгани, яна юз минглаб кишилар ўз уйларини тарк этишга мажбур бўлганини билдирган.

Бундан ташқари, Исроил мудофаа армияси (ЦАҲАЛ) қаршисида Ғазо секторининг номаълум чеккаларида ушлаб турилган 240 дан ортиқ кишини қутқариш бўйича қўшимча ва ўта мураккаб вазифа ҳам турибди.

«Мен Исроил ҲАМАСнинг ҳар бир аъзосини йўқ қила олади деб ўйламайман, чунки бу радикал ислом ғоясининг ўзини йўқ қилиш деганидир, — дейди Исроил армияси радиоси вакили бўлган ҳарбий таҳлилчи Амир Бар Шалом. — Аммо уни барча операцион имкониятларидан маҳрум қилиш даражасида заифлаштириш мумкин».

ҲАМАСни кучсизлантириш уни тўлиқ демонтаж қилишдан кўра реалроқ мақсад бўлиши мумкин.

Аммо Исроил ҲАМАС билан бунгача тўрт бор жанг қилган, аммо барибир ўз ҳудудига Ғазо секторидан туриб ракета зарбалари берилишини тўхтатишга эриша олмаган. ЦАҲАЛ вакили амалиётдан асосий мақсад ҲАМАСни «Исроилга таҳдид қилиш ёки Исроил фуқароларини ўлдириш» имкониятини берадиган ҳарбий салоҳиятдан маҳрум этиш эканини айтган.

Тел-Авив университетидаги Фаластин тадқиқотлари форуми директори Майкл Милштейн ҳам ҲАМАСни бутунлай йўқ қилиш жуда қийин эканини таъкидлайди. Унинг фикрича, «Мусулмон биродарлар»нинг Фаластиндаги филиали сифатида пайдо бўлган бу гуруҳ фаолияти замирида ётган мафкурани йўқ қилиш мумкин деб ўйлаш соддалик бўлган бўларди. «Мусулмон биродарлари» бутун дунё бўйлаб исломий ҳаракатларга катта таъсир кўрсатган.

ҲАМАСнинг ҳарбий қанотида 25 минггача одам бор. Шу билан бирга, Милштейннинг сўзларига кўра, гуруҳнинг ижтимоий инфратузилмасини таъминлайдиганлар ҳам 80-90 минг атрофида.

Алал-оқибат, вазият шундайки, мудофаа вазири Галант айтганидек, Исроилнинг кейинги 75 йилликдаги мавжудлиги кўп жиҳатдан мазкур уруш натижасига боғлиқ.

Қуруқлик амалиёти хавфлар билан тўла

Ҳарбий амалиётнинг натижаси бир қанча омилларга боғлиқ ҳисобланади.

ҲАМАСнинг ҳарбий қаноти бўлмиш «Изз ад-Дин ал-Қассам бригадаси» Исроилнинг қуруқлик амалиётига тайёр турганди. Катта эҳтимол билан, бригада аъзолари рақиб йўлларини миналаштирган ҳамда қаерда ва қандай қилиб пистирма қўйишни яхши билишади. ҲАМАС Исроил ҳарбийларига ҳужум қилиш учун ўзининг кенг тармоқли туннелларидан фойдаланади.

2014 йилда Исроил пиёда баталёнлари Ғазо шаҳри шимолидаги жангларда танкларга қарши миналар, мерганлар ва пистирмалар туфайли оғир йўқотишларга учраган, шунингдек тинч аҳоли вакиллари бўлган юзлаб кишилар ҳалок бўлганди.

Бу Исроил Ғазо секторининг шимолий ярми аҳолисидан қуриб бораётган Ғазо ирмоғи ўзани бўйлаб жанубга эвакуация бўлишни талаб қилаётгани сабабларидан биридир.

Исроил ҳукумати ўз фуқароларини узоқ давом этувчи урушга тайёрланиш кераклиги ҳақида огоҳлантирган. Армияга рекорд миқдордаги захира кучлар сафарбар этилган, ҳатто чақирув қоғози бормаганлар ҳам ҳарбий комиссариатларда ҳозир бўлишган. Қуролли кучлар сафига жами 360 минг киши келиб қўшилган.

Аммо масала шундаки, халқаро ҳамжамиятнинг бир қисми янада баландроқ овозда ўт очишни тўхтатишни талаб қилаётган, қурбонлар сони ортиб бораётган, БМТ ичимлик суви, электр энергияси ва ёнилғи етказиб бериш тўхтатилгани туфайли гуманитар фалокат чуқурлашаётгани ҳақида тинмасдан бонг ураётган шароитда Исроил бу ҳарбий кампанияни қанчалик узоқ вақт давом эттира олади?

«Ҳукумат ва ҳарбийлар халқаро ҳамжамият, ҳеч бўлмаганда Ғарб етакчилари томонидан қўллаб-қувватланаётганини ҳис этмоқда. Шунинг учун ғоя шундай: келинглар, вақтимиз борлигида сафарбарлик қилайлик», — деган Исроилдаги хавфсизлик ва разведка соҳасидаги етакчи журналистлардан бири Йосси Мелман.

Аммо у Исроилнинг иттифоқчилари эртами кечми вазиятга аралашиши, айниқса очликдан ҳалок бўлаётган фаластинликларнинг фотосуратларидан кейин бу аниқ рўй беришини тахмин қилади. Тинч аҳоли орасида қурбонлар сони ортиши туфайли ҳам ўт очишни тўхтатиш бўйича чақириқлар баландроқ янграши тайин.

«Бу жуда қийин, чунки [олдинга қўйилган мақсадларга эришиш учун] вақт керак, АҚШ маъмурияти эса бизга Ғазо секторида бир ёки икки йил қолишга қўймайди», — дейди Майкл Милштейн.

Гаровдагиларни қутқариш

Гаровдагиларнинг кўпчилиги исроилликлар ҳисобланади. Аммо улар орасида хорижликлар ва икки давлат фуқаролигига эга бўлганлар ҳам талайгина. Бу шуни англатадики, бошқа мамлакатлар, жумладан, АҚШ, Франция ва Буюк Британия амалиёт гаровдагиларни хавфсиз озод этишга имкон берадиган тарзда кечиши таъминланишидан манфаатдор.

Ҳарбий стратегия бўйича франциялик мутахассис, полковник Мишел Гойянинг айтишича, ЦАҲАЛнинг қаршисида мутлақо аниқ танлов турибди: ёки гаровдагиларнинг ҳаётини сақлаб қолиш ёки ҲАМАСга имкон қадар жиддийроқ зарар етказиш.

ҲАМАС асирлигидаги яқинларини ҳар қандай шарт билан бўлса ҳам озод этишни талаб қилаётган исроилликларнинг чақириқлари ҳам ҳукуматга босимни кучайтирмоқда.

2011 йилда Исроил ҲАМАСнинг қамоқхоналардаги 1000 дан ортиқ аъзосини беш йилдан ортиқ вақт давомида асирликда бўлган биргина аскар Гилад Шалитга алмашганди.

Аммо бугунги кунда Исроил маҳбусларни яна ёппасига озодликка чиқариб юборишга рози бўлишдан олдин икки марта ўйлайди, чунки ўша алмашув доирасида озод бўлганлардан бири Яҳё Синвар ҳозирда ҲАМАСнинг Ғазо секторидаги сиёсий раҳбари ҳисобланади.

Қўшнилар вазиятни диққат билан кузатиб турибди

Қуруқлик амалиёти давом этиши ва натижасига таъсир қилиши мумкин бўлган яна бир омил — Исроилнинг қўшниларининг реакциясидир.

Ҳозирда асосий диққат марказида Миср ва Ғазо сектори чегарасидаги Рафаҳ ўтказиш пункти бўлиб турибди. Бу ердан деярли ҳар куни чекланган миқдорда инсонпарварлик ёрдами олиб ўтилмоқда. Назорат-ўтказиш пунктининг иккинчи томонида эса Ғазо секторида қолиб кетган хорижликлар ҳамда хорижий мамлакат фуқаролигига эга бўлган фаластинликлар у ердан чиқиш учун навбат кутмоқда.

«Исроилнинг ҳарбий кампанияси чоғида Ғазо аҳолиси қанчалик кўп жабр кўрса, Миср фаластинликлардан юз ўгирмаслиги учун сабаб шунча ортади», — дейди Исроил Миллий хавфсизликни ўрганиш институти ходими Офир Винтер.

Аммо Қоҳира Ғазо аҳолисини ёппасига Шимолий Синайга қабул қила олмайди. Миср президенти Абдул Фаттоҳ Сисий Ғазо аҳолисини Синайга кўчириб келтиришга бўлган ҳар қандай уриниш миллионлаб мисрликлар норозилик билдириб кўчаларга чиқишига олиб келишини айтган.

Иордания қироли Абдуллоҳ II ҳам Ғазодан кўп сонли қочқинларни қабул қилишни истамайди. «Иорданияга ҳам, Мисрга ҳам ҳеч қандай қочқинлар бўлмаслиги керак», — деган у.

Исроилнинг шимолда Ливан билан чегарасидаги вазият ҳам огоҳликни талаб этади.

Бу ҳудудда сўнгги ой давомида «Ҳизбуллоҳ» аъзолари билан отишмалар бўлиб турибди. Тўғри, чегара ҳудудлар аҳолиси эвакуация қилинган бўлса ҳам, иш ҳозирча иккинчи фронтни очишгача боргани йўқ.

Шу билан бирга, «Ҳизбуллоҳ»нинг ҳомийси бўлмиш Эрон Исроилга қарши янги фронт очилиши ҳақида очиқчасига таҳдид қилмоқда. АҚШ президенти Жо Байден бундай таҳдидларга шу тариқа жавоб қайтарган: «Ҳар қандай давлатга, ҳар қандай ташкилотга, бу вазиятдан фойдаланиб қолишни ўйлаётган ҳар бир кишига фақат шуни айтишим мумкин: кераги йўқ!»

Ушбу сўзларни дастаклаш учун АҚШ Ўрта Ер денгизининг шарқий қисмига USS Gerald Ford ва USS Eisenhower номларидаги икки авиаташувчисини юборди ҳамда 2000 аскарини жанговар шай ҳолатга келтирди.

Исроилнинг Ғазодаги якуний мақсади нима ўзи?

Агар мақсад — ҲАМАСни жиддий даражада кучсизлантириш бўлса, унинг ўрнига ким келиши кераклиги борасида савол туғилади.

2005 йилда Исроил армиясини Ғазо секторидан олиб чиққан, шунингдек бу ерга келиб жойлашган минглаб яҳудийларни эвакуация қилганди ва энди бу ҳудудни қайта эгаллаб олмоқчи эмас. АҚШ президенти Жо Байден ҳам секторни оккупация қилиш катта хато бўлишини айтган.

Аммо ҳокимият йўқлиги жиддий хавфларни келтириб чиқариши мумкин. Майкл Милштейн Исроил бир муаммони ҳал қилиш билан бир қаторда ўнлаб янгиларини туғдириши мумкинлигини айтади.

Офир Винтер эса ҲАМАСнинг заифлашиши Ғазога Фаластин мухториятидаги ФАТҲ ҳаракати қайтиши бошланишига йўл очишини тахмин қилади, уларни ҲАМАС 2007 йилда сектордан қувиб чиқарганди.

Айни вақтда Фаластин мухторияти Ғарбий соҳилни қисман назорат қилади, аммо унинг позициялари шу ерда ҳам заиф ва Ғазога қайтиш унга янада қийинроқ бўлиши мумкин.

Халқаро ҳамжамият қандайдир вақтинча ечим таклиф этиши мумкин — масалан, Косовода бўлгани каби, ўшанда, 1999 йилда Сербия армияси чиқарилгач ҳудуд БМТ тинчликпарвар кучлари томонидан бошқарилганди. Аммо Исроилдагилар БМТга ишонмайди.

Милштейннинг фикрича, яна бир вариант Миср, АҚШ, Фаластин мухторияти ҳамда араб мамлакатлари иштирокида маҳаллий мэрлар, гуруҳлар етакчилари ва нодавлат ташкилотлар раҳбарларидан иборат Ғазо маъмуриятини ташкил этиш бўлиши мумкин.

Миср президенти ҳамон Ғазони ўз назоратига олиш истагини билдирмаган, аммо ўз вақтида тинчлик музокаралари билан Фаластин давлатини қуролсизлантириш амалга оширилганида ҳозир урушлар бўлмасди, деб айтган.

Бу урушдан кейин, аввалгиларидан кейин бўлгани каби, Ғазонинг яксон этилган инфратузилмасини тиклашга тўғри келади.

Исроил катта эҳтимол билан Ғазога икки мақсадда ишлатиш мумкин бўлган маҳсулотлар кириши назоратини янада кучайтиради. Бундан ташқари, Ғазо секторини Исроилдан ажратиб турувчи девор бўйлаб хавфсизлик зонасини кенгайтириш борасида чақириқлар ҳам янграмоқда.

Бу уруш якуни қандай бўлишидан қатъи назар, Исроил ҳар қандай ҳолатда ҳам ҲАМАСнинг 7 октябр куни уюштирган ҳужуми каби ҳолатлар бошқа ҳеч қачон такрорланмаслигини таъминлашга ҳаракат қилади.


arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё