date

Шимолий Корея мактабларида рус тили нега мажбурий бўлди?

Шимолий Корея мактабларида рус тили нега мажбурий бўлди?

Шимолий Кореяда таълим тизими жорий йилдан жиддий ўзгариш билан бошланди: рус тили 4-синфдан бошлаб барча ўқувчилар учун мажбурий фан сифатида дарсликларга киритилди. Бу ҳақда Россия табиий ресурслар ва атроф-муҳит вазири Александр Козлов маълумот берди. У Россия—КХДР ҳукуматлараро комиссияси раиси сифатида 27 ноябрь куни Москвада бўлиб ўтган йиғилишда ушбу янгиликни эълон қилган.

Вазирнинг таъкидлашича, рус тилини ўқитишни эртa ёшдан жорий этиш икки давлат ўртасидаги таълимий ҳамкорликнинг янги босқичга кўтарилганидан далолат беради. Қолаверса, Россиянинг ўзида ҳам бу йўналишда қизиқиш ошиб бормоқда — ҳозирда мамлакат бўйлаб 3 мингдан ортиқ мактаб ўқувчиси корейс тилини ўрганмоқда. Улар орасида аксарият болалар корейс тилини иккинчи ёки учинчи хорижий тил сифатида танлаган.

Таълим соҳасидаги ҳамжиҳатлик

Александр Козловнинг сўзларига қараганда, икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик фақат мактаб даражаси билан чекланиб қолмаяпти. Қатор соҳаларда кадрлар малакасини ошириш, мутахассисларни қайта ўқитиш бўйича қўшма дастурлар фаол амалга оширилмоқда. Айниқса, банк иши, энергетика, тиббиёт ва геология соҳаларидаги мутахассислар учун қўшимча ўқув курслари ташкил этилган.

Вазир мисол сифатида 2025 йилда Кореянинг 29 нафар геологи Россиядаги геология муассасаларида амалиёт ва ўқув дастурларини муваффақиятли якунлаганини келтирди. Улар қидирув ва разведка ишлари, лаборатория таҳлиллари, геологик хариталаш, маълумотлар базасини юритиш каби муҳим йўналишларда билим ва кўникмаларга эга бўлди.

Шимолий Кореяда рус тили анъанаси

Козлов таъкидлашича, рус тили Шимолий Кореяда кўп йиллардан бери энг машҳур учтa хорижий тилдан бири бўлиб келган. Ҳозирда мамлакатнинг ўзида 600 га яқин фуқаро рус тилини профессионал даражада ўзлаштирмоқда. Яъни мажбурий фан сифатида киритилиши амалдаги қизиқиш ва эҳтиёжни янада мустаҳкамлаб қўймоқда.

Хорижда ўқиш ва талабалар алмашинуви

Ҳукуматлараро комиссия ҳисоботига кўра, 2024/25 ўқув йилида КХДРнинг 96 нафар талаба Россия олийгоҳларига ўқишга қабул қилинган. Улар асосан Узоқ Шарқ Федерал университети, Москва давлат халқаро муносабатлар институти (МГИМО) ва Россия халқлар дўстлиги университетини танлаган.

Шу билан бирга, Россиянинг ўзида ҳам корейс тилига қизиқиш ошган: 300 нафарга яқин россиялик студент корейс тилини ўрганишни йўқори даражада танлаган. Бу тил асосан мамлакатдаги учта йирик педагогика университетида ўқитилмоқда.

Хулоса қилиб айтганда, Шимолий Кореяда рус тилининг мажбурий фанга айлантирилиши икки давлат ўртасидаги стратегик яқинлик, маданий алоқалар ва таълимий интеграциянинг янада кучайганини кўрсатади. Бу жараён келгусида ҳам янги йўналишлар билан бойиши кутилмоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Дунё » Шимолий Корея мактабларида рус тили нега мажбурий бўлди?