11:55 / 02.01.2024
240

Қозоғистон “Толибон”ни қора рўйхатдан чиқаргани нимани англатади?

жавоб олди
— 29 декабр куни Қозоғистон ҳукумати “Толибон”ни тақиқланган ташкилотлар рўйхатидан чиқарди. Бунинг сабаби нимада?

— Бу савол кўпчиликни қизиқтиряпти. “Толибон” турли давлатлар билан муносабат ўрнатяпти-ю, лекин ўзи уларнинг қора рўйхатида ёки террористик ташкилотлар рўйхатида турибди. “Толибон” бунақа рўйхатларда бўладими-йўқми, дунёнинг етакчи давлатлари билан ҳам, минтақа давлатлари билан ҳам алоқалар ўрнатган. Доҳадаги идорасида ҳам АҚШ, Россия, Хитой каби катта давлатлар билан муносабатга киришиб турарди, ваҳоланки, бу давлатларда “Толибон” террористик ташкилот сифатида эътироф этилади.

Афғонистонда шундай вазиятки, халқнинг катта қисми – асосан пуштунлар – “Толибон”га эргашяпти. Афғонистонда легитим бўлиб турган ҳукумат билан муносабат ўрнатиш керак, чунки Афғонистон Марказий Осиёга энг яқин бўлган муҳим стратегик ҳудудлардан бири. Ҳинд океанига чиқиш, хавфсизлик масалалари турибди. Ўзбекистон ҳукумати 32 йилдирки Афғонистон масаласини кун тартибидан қўймай келади. Шундай экан, бошқа Марказий Осиё давлатлари учун ҳам Афғонистон кун тартибида турувчи масала ҳисобланади.

Амалда ҳамма “Толибон” билан мулоқот қиляпти, керак бўлса, ҳамкорлик қиляпти, иқтисодий форум, музокараларга чақириляпти, шундай бир ҳолатда Қозоғистон ҳам чиқариб қўя қолди. Ўзи шундоқ ҳам дипломатик меъёрлар бузиляпти, бундай рўйхатдаги ташкилот аъзоларини чегарадан ўтказиш мумкин эмас.

Прагматик сиёсат олиб борадиган давлатлар тушуниб етдики, “Толибон” ҳукуматда анча вақт қолади, балки легитимлик ошиб, тан олинар ҳам. Шу нуқтайи назардан, Қозоғистонда “Толибон”ни тақиқланган ташкилотлар рўйхатидан вақтинчалик чиқариш масаласи бўлган, лекин рўйхатдан чиқариш дегани расмий дипломатик алоқалар ёки ҳуқуқий-сиёсий тан олиниш дегани эмас, шунчаки ноқонуний муносабатларнинг олдини олувчи ҳуқуқий қадам.

Барибир прагматик сиёсат – биринчи омил бу ерда. Афғонистон орқали транспорт коридорларидан бири ўтади, бу аллақачон бошланди ҳам. Бу коридор шимолий коридорга жуда яхши алтернатив бўлади. Ҳатто Россия қизиқиш билдиряпти бунга, шундай бир вазиятда Қозоғистон бундай лойиҳалардан четда қолиши мумкин эмас. Қозоғистон учун асосий маршрут шимолий коридорлар эди, аммо санкциялар сабаб нофаол ҳолатга келди. Ҳали Хитой лойиҳасидаги коридор қачон битиши номаълум, ишлар секинлашган, шунинг учун ҳам энг қулай маршрут Афғонистон орқали бўлиб қоляпти. “Толибон” ҳам бу лойиҳани қўллаяпти, транзит фойда олиш имкони бўлади, инфратузилма шаклланади. Шунинг учун атрофдаги давлатлар “Толибон” билан музокарага киришяпти. Умуман, асосий сабаб шу коридор масаласи бу ерда.

Нафақат темирйўл, балки Покистон ва Ҳиндистонга борувчи энергия ресурслари учун ҳам йўлак бўлади, яъни газ, нефт қувурлари. Шунинг учун катта экспортчи Россия ҳам четга қолиб кетишни истамайди, шу сабабли “Толибон”ни кўп форумларига таклиф қилади, мулоқот қилади. Хитой эса ишончнома топшириб, анча кенг кўламда алоқалар қиляпти. “Толибон” билан шундай фаол муносабатлар жараёнида Қозоғистон четда қолса, иқтисодий имкониятларни бой бериб қўйиши мумкин.

— Марказий Осиёнинг бошқа давлатлари, умуман, глобал миқёсда “Толибон”га нисбатан муносабат ўзгариб борадими?

— Муносабат ўзгариб бўлди деярли. Шу минтақа билан боғлиқ манфаатлари бўлган барча давлатлар “Толибон” билан мулоқотга киришяпти. Фақат қонунийлаштириш қолди. Тан олиш масаласи фақат Афғонистон халқига боғлиқ, кўпчилик эргашяпти деганимиз билан ҳали тўлиқ қўллов бор дегани эмас. Афғонистон халқи кўп миллатли ҳисобланади, дарий, пуштун, ўзбек, тожик каби бир қанча этник миллатлар бор. “Толибон” ҳукумати тўла легитимликка эришиши учун Афғонистон халқи тўлиқ тан олиши керак, лекин ҳали тўла тан олиш бўлгани йўқ, жараён кетяпти. Марказий Осиё давлатлари ҳам, бошқа давлатлар ҳам жараённи кузатиб турибди. Тан олиш масаласи ҳал бўлса, бутун бир давлатнинг легитим ҳукуматини террористик ташкилот деб қолдиришмайди, албатта. Референдум ёки бошқа йўл билан расман Афғонистон халқи “Толибон”ни тан олса, бошқа давлатлар ҳам тан олишни бошлайди.

Қозоғистон биринчи қадамни қўйиб бошлади, секин-секин бошқа давлатлар давом эттириши мумкин. Афғонистонда қайси ҳукумат легитим бўлса, биз ўша билан гаплашамиз.

— “Толибон”га муносабат унинг ўз хатти-ҳаракатлари, амбицияларига кўра ҳам шаклланади. Бу борада фикрларингиз қандай?

— “Толибон”га Афғонистондаги муаммолар етиб ортади ҳозир. “Толибон” ўз бўйнига битта давлатнинг ҳукуматлик вазифасини олди, энди қаердадир ҳаракат олиб бориши қийин. Унинг гарданида бутун давлатнинг масалалари турибди, ташқарида қандайдир ишларни амалга ошириш учун вақти ҳам, имконияти ҳам йўқ. Ҳозирги “Толибон” 1996-2001 йилдаги “Толибон” эмас, ҳаракатларда ҳам кўриш мумкин. Олдинги “Толибон” таҳдидлар қилар эди, ҳозиргиси эса биз дўстона муносабат қиламиз, тан олинг, деган позиция билдиряпти.

Қозоғистон биринчилардан бўлиб рўйхатдан чиқарди дейиш ҳам нотўғри, чунки бу ҳали биринчиликни билдирмайди. Ваколатхона очиш, элчи юбориш, алоқа ўрнатишда бошқа давлатлар олдинда, хусусан, Ўзбекистон. Биз элчихонамизни ёпганимиз йўқ, доимий равишда ташрифлар, учрашувлар бўляпти. Халқаро минбарларда ҳам Афғонистон масаласини энг кўп тилга олаётган – Ўзбекистон. Биз Афғонистон масаласини ижобий ҳал қилишимиз керак, бунинг учун эса амалда ҳокимиятда бўлган “Толибон” билан фаол мулоқотни йўлга қўйиш керак, деган позиция билдириб келяпмиз. Расмий дипломатик кўринишда бўлмаса ҳам, биз доимий равишда Афғонистон билан алоқадамиз. Афғонистоннинг ташқи савдо айланмасидаги биринчи даражали давлат ҳам айнан Ўзбекистон.

НормуҳаммадАли Абдураҳмонов суҳбатлашди.


arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё