Сўнгги пайтларда АҚШда ўсмирлар орасида кофеинли халтачалар истеъмоли ортиб бормоқда. Мутахассислар бу хавфли тренд тез орада Буюк Британия ва бошқа мамлакатларга ҳам тарқалишидан хавотирда.
Ушбу кичик, чой пакетига ўхшаш халтачалар лаб ва милк орасига қўйилади ва организмга тўғридан-тўғри кофеин юборади. Бир дона халтада икки финжон қаҳвагача кофеин бўлиши мумкин, бу эса ҳаддан ортиқ истеъмол қилинганда соғлиққа салбий таъсир қилади.
Ижтимоий тармоқлардаги хавфли тренд
TikTok сингари платформаларда баъзи блогерлар бу махсулотни тарғиб қилиб, уни спорт билан шуғулланувчиларга ёки имтиҳонга тайёрланаётган талабалар учун “фойдали” деб кўрсатмоқда. Уларнинг айтишича, бу махсулот ҳушёрликни оширади ва чарчоқни камайтиради.
Ортиқча истеъмолнинг салбий оқибатлари
Муттахассислар огоҳлантиришича, ёш организм кофеинга нисбатан сезувчан бўлади. Ҳаддан ортиқ кофеин юрак уришининг тезлашуви, асабийлик, бош оғриғи, ҳатто тутқаноқ ва юрак ритмининг бузилиши каби оғир ҳолатларга олиб келиши мумкин.
Европа озиқ-овқат хавфсизлиги агентлигининг тавсиясига кўра, 30 кг вазнга эга бола кунига 90 мг дан ортиқ кофеин истеъмол қилмаслиги керак.
Кофеиндан воз кечиш мумкинми?
Диетологлар энергияни табиий усуллар билан олишни маслаҳат беришади. Муносиб овқатланиш, темир ва оқсилга бой махсулотлар, секин парчаланадиган углеводлар болалар ва ўсмирларнинг ҳушёр ва фаол бўлишини таъминлаши мумкин.