Россия президенти Владимир Путин ва Беларус президенти Александр Лукашенко Россиянинг Валаам оролида учрашиб, олий даражадаги музокараларни ўтказди. Шундан сўнг, 1 август куни скамейкада ўтирган ҳолда журналистларнинг саволларига жавоб қайтарди. Суҳбат давомида халқаро вазият, Украинадаги уруш, Европадаги иқтисодий ўзгаришлар ва суверенитет масалаларига оид асосий фикрлар илгари сурилди. Meduza асосий иқтибосларни келтирди.
Путин: Бизда тузум Конституцияга асосланган, Украинани эса бу ҳақда айтиб бўлмайди. Музокаралар ҳар доим муҳим. Кимнингдир ҳафсаласи пир бўлишига келсак, ҳафсала пир бўлиши ортиқча умидлардан келиб чиқади. Россия 2024 йил ёзида эълон қилган мақсадлар ўзгармасдан қолди.
Лукашенко: Биз санкциялар фонида жиддий иқтисодий бурилиш қилдик. Дунё ҳали буни баҳолайди. Бизни ҳеч ким тиз чўктиролмайди. Музокаралар – бу яхши нарса. Америкаликлар Вьетнамда уруш олиб борган ва музокара ҳам ўтказган. Украина эса имконсиз нарсани талаб қиляпти. Россия нима ёмонлик қилди? Қаровсиз болаларни овқатлантирди, кийинтирди. Энди улар Россияни айблаяпти!
Путин: У ерда бунчалик бола йўқлиги маълум бўлди!
Лукашенко: Албатта, уч ёки тўрт бола. Вазиятни чигаллаштириш кетяпти, бу фойда бермайди. Келишиш керак. Беларусга келишни истамасанглар — ҳеч бўлмаса Ойга, қаерга бўлса ҳам! Зеленский, нега бақирасанки, Путин билан учрашмоқчиман деб? Аввал тайёрланинг ва имзо чекинг. Трампни ҳам, Макронни ҳам, Стармерни ҳам, кимни хоҳласангиз, чақиринг!
Путин: Махсус ҳарбий операцияда ҳаммаси яхши. Динамика аниқ, яқинда Часов Ярни олдик. Душманларимиз аввал Россияни стратегик мағлубиятга учратиш керак дерди. Энди эса камида ҳужумни тўхтатишни хоҳлашяпти. Бизга эса мустаҳкам тинчлик керак.
Лукашенко: Европада саноатсизлаштириш аллақачон бошланди. Америкаликларнинг мақсади шундай, дейишяпти. Улар эса биз билан бирга бўлиши керак эди, Европа Иттифоқи ва Россия — бу улкан куч бўларди. Бу Хитойдан ҳам даҳшатлироқ куч бўларди.
Путин: Европа Иттифоқида умуман суверенитет йўқлиги аниқ. Бу эса улкан йўқотишларга олиб келяпти.
Лукашенко: Ғарб Зеленскийга босим ўтказяпти, у нима хоҳлади? Миллиардлаб пул олди, энди пул берганлар айтяпти: "Пул қаерга сарфланди, кўрсат!" Ҳеч қандай суверенитет йўқ! Бошбошдоқлик!
Путин: Коррупция барча мамлакатларга хос. Аммо унга ташқи томондан курашиб бўлмайди, айниқса, ташқи томондаги ўзлари қийналса. Европа Иттифоқида ва АҚШда коррупция умуман қонунийлаштирилган! Лоббизм, бу нима ўзи? Украинада коррупцияга қарши кураш бюролари маҳаллий ҳокимиятга бўйсунмайди! Одамлар мамлакатдаги жараёнларга таъсир қилмаса — бу таҳқирли ҳолат. Улар суверенитетнинг бир қисмини қайтариб олишга ҳаракат қилди, аммо юқоридан ҳуштак чалиниб, ҳамма нарса дарҳол орқага қайтарилди. Фақат шарманда бўлишди.
Лукашенко: Яна Часов Яр ҳақида — бу Краматорск йўли. Украина энди Россиядан келишишни илтимос қилиши керак. Агар шундай бўлмаса, россияликлар аста-секин ҳаммасини ғажиб, эгаллаб, қайтариб олиб, олдинга боради.
Путин: Қайтариб олади! Бу – бизники...
Лукашенко: Ҳа... қайтариб олади, ха-ха. Келишиш керак. Улар тезроқ келишишга шошилиши керак. Чунки Россия ҳамма жойда ҳужумга ўтмоқда.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!