date

Миржалол Қосимов "Бухоро" мағлуб этилган ўйин ҳақида нималар деди?

Миржалол Қосимов "Бухоро" мағлуб этилган ўйин ҳақида нималар деди?

Суперлига 16-туридан ўрин олган "Бухоро" - ОКМК (0:2) учрашувидан сўнг ОКМК бош мураббийи Миржалол Қосимов матбуот анжуманида иштирок этди ва бўлиб ўтган ўйин ҳақида қуйидаги фикрларни билдирди.

- Бир ойлик танаффусдан кейин яна футболга қайтдик ва бугун иккинчи даврани бошладик. Мавсумнинг иккинчи ярмини ғалаба билан бошлашни мақсад қилгандик. Бугунги ютуқдан хурсандмиз. Яхши ўйин кўрсатишга ҳаракат қилдик ва энг муҳими уч очкони қўлга киритдик.

- Иккинчи давра олдидан жамоангизда юз берган ўзгаришларга тўхталсангиз.

- Биз унча кўп трансфер қилмадик. Дарвозабон ва икки нафар ҳимоячини таклиф этдик. Ярим ҳимоя ва ҳужум чизиғига футболчи чақирмадик, чунки ўзимизнинг таркибдаги футболчилардан кўнгил тўқ.

- "Бухоро" Кубок ўйинида ОКМКни мусобақадан чиқариб юборганди. Бугун эса чемпионатда жамоангиз ғалаба қозонди.

- Эсимда, ўшанда ўз хатоларимиз туфайли мағлуб бўлгандик. Лекин мен ҳеч қачон ўйин ажратмайман, биз учун Кубок ҳам, чемпионат ҳам муҳим. Фақат футболда доим ютишнинг имкони йўқ. Бугун ўша мағлубият учун қасос олдик деб ўйламайман, майдонга чиқиб фақат уч очко учун ўйнадик.

- Дарвозабон Хумоюншоҳ Сайётовнинг кетиши нима билан боғлиқ?

- У кўпроқ ўйин амалиётига эга бўлмагани учун кетишни хоҳлади. Биласиз, дарвозабонлар ҳадеб алмашавермайди, буниям тўғри тушунамиз. Афсуски, Хумоюншоҳ жамоамизда ўзини кўрсата олмади. Шу боис унинг ўрнига Ҳамидулло Абдунабиевни таклиф этдик.

- Иккинчи давра олдидан раҳбарият томонидан вазифа қўйилдими?

- Вазифа ҳар доим юқори бўлган, қолаверса мен ҳам ўзимга нисбатан талабчан бўлганим учун доим юқори мақсадларни қўяман. Керак бўлса чемпион бўлишни хоҳлаймиз. Насиб қилса бу ҳам бўлади.

- Майдонда ётиб ўйинни чўзадиган жамоаларга қарши нима қилса бўлади?

- Бунинг йўли осон: тезкор гол уриш керак. Шунда вақт чўзмасдан футбол ўйнайди.


Манба: championat.asia

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Миржалол Қосимов "Бухоро" мағлуб этилган ўйин ҳақида нималар деди?