30-июль куни Россиянинг Узоқ Шарқидаги Камчатка яримороли яқинида кучли, 8.8 магнитудали зилзила содир бўлди. Табиий офат оқибатида бир нечта биноларга зарар етди, бир неча киши жароҳат олди, Японияда эса эвакуация эълон қилинди.
Камчатка губернатори Владимир Солодов бу зилзилани "охирги ўн йилликдаги энг кучлиси" деб атади. Маҳаллий расмийларга кўра, ер силкиниши натижасида Камчатка соҳилларида 3–4 метрлик тўлқинлар — цунамилар қайд этилган. Тинч океан минтақасидаги бошқа давлатларга ҳам огоҳлантиришлар юборилди.
Япониянинг соҳилбўйи ҳудудларида цунамидан огоҳлантиришлар эълон қилинди. Баъзи шаҳарларда одамлар юқори жойларга кўчирилган. 2011-йилда юз берган атом фожиасидан кейин энг кўп хавотир уйғотган жой — Фукусима АЭС ҳам эвакуация қилинди, бироқ ҳозирча йирик талафотлар ёки радиация сизиб чиқиши ҳақида хабар йўқ.
Гавайи ва АҚШнинг Тинч океани соҳиллари бўйлаб ҳам фавқулодда чора-тадбирлар кўрилди. АҚШ Президенти Дональд Трамп "Хавфли цунамидан эҳтиёт бўлинг", деб мурожаат қилди.
Россия ФВВ маълумотига кўра, Камчаткадаги айрим портлар ва заводларни тўлқин босган, болалар боғчаси зарар кўрган, бироқ оммавий талафотлар йўқ. Маҳаллий соғлиқни сақлаш бошқармаси бир нечта одам тиббий ёрдамга мурожаат қилганини билдирди.
Зилзила юз берган Камчатка минтақаси Тинч океани “Олов ҳалқаси”да жойлашган — бу ерда кучли зилзилалар ва вулқонлар тез-тез содир бўлади. Россия Фанлар академияси бу ҳодисани 1952-йилдан бери энг кучли зилзила деб атади.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!