date
views 363

ҲАМАС ва ФАТҲ Москвада. Улар келиша оладими?

ҲАМАС ва ФАТҲ Москвада. Улар келиша оладими?
Ғарбий соҳилдаги расмий маъмурият (ФАТҲ), Ғазо секторидаги ҲАМАС ҳаракати ва Фаластиндаги бошқа сиёсий гуруҳлар етакчилари 29 феврал куни Москвага йиғилди. Бу – Фаластинда ички бирликка эришиш учун янги имконият бўлиши мумкин. Яқин Шарқ масалалари бўйича эксперт Фарҳод Каримов Kun.uz'нинг “Геосиёсат” дастурида бу учрашувнинг муҳим жиҳатларини шарҳлаб берди.

— Фаластин муаммосида тарихан Россиянинг роли қандай бўлиб келган?

— Россия эмас, Москва деганимиз маъқулроқ. 1947 йили Фаластин ва Исроил давлатларини тузиш ҳақида БМТ резолюциялари чиққанда совет иттифоқи бор эди. Собиқ иттифоқ Исроил давлати ташкил топиши бўйича резолюцияни қўллаган саноқли давлатлардан бири бўлган. 1945-1946 йилларда бу масала кўтарилганда Сталин рад этган, кейин эса рози бўлиши кўпчиликни ҳайрон қолдирган.

Сталиннинг яҳудийларга нисбатан фикри яхши бўлмаган, лекин шундай бўлса ҳам, сиёсий восита сифатида фойдаланиш учун рози бўлган: сабаби, бу ерлар асосан Буюк Британия колониялари бўлиб, унинг назоратида эди, совет иттифоқи эса Исроил давлати тузилишини қўллаш орқали у ерга кириб боришни мақсад қилган. 1917 йилдан кейин Қуддус атрофида жойлаша бошлаган яҳудийлар кейинчалик Британияга қарши чиқади, бизнинг давлатимизни тузиб беринглар, деган даъво билан. Британия эса араблар томонида эди позицион жиҳатдан. Қуддусда яҳудийларнинг радикал экстремистик гуруҳлари пайдо бўлади, бу вазиятдан фойдаланиб Сталин бу ерга кириб келмоқчи бўлди. У ҳолокост сабаб маълум муддат собиқ иттифоққа кўчиб келган яҳудийлар орқали Исроилда ўзига хайрихоҳ ҳукумат шакллантирмоқчи эди.

1947 йилда БМТ Хавфсизлик кенгашида бу резолюция биринчи ўқилишда қабул қилинмаган, кейинги ўқишда эса кенгашнинг вақтинчалик аъзо давлатлари орасидан резолюцияга қарши бўлганлар Сталиннинг босими билан йиғилишда қатнашиб, Исроил давлатини шакллантириш учун овоз берган. Сталиннинг умидлари катта эди, у Исроилда коммунистик ҳукумат тузмоқчи эди. Британия Исроил давлатини шакллантириш резолюциясида бетараф бўлган.

Бугунги расмий Москва Яқин Шарқдаги асосий ўйинчилардан эмас. 80-йиллар охири ва 90-йилларда Москва тарафида бўлган Ироқ, Сурия каби давлатлар бор эди, лекин 1947 йилда бу давлатлар бўлмаган, арабларнинг асосий геосиёсий йўналиши Ғарб эди. Шундай вазиятда яҳудийларни қўллаш Москвага имконият бўлиб кўринган.

Бугун араб давлатлари Вашингтон ва Лондондан узоқлашган, мустақил сиёсат юритмоқчи, Ғарб босимидан чиқиш учун Хитой ва Россияга қарашяпти, шу сабаб Пекин ва Москвага араблар билан мулоқот қилиш қулай.

— Нега Исроил геосиёсий йўналишини Ғарбга ўзгартирган?

— 60-йиллардан Исроил Ғарбга йўналди. Чунки улар бошидан коммунизмни хоҳлашмаган. Уларнинг лидерлари ҳам буни айтиб келишган. Сталин эса коммунизмдан умид қилган, хатоси ҳам шунда: у ер, хусусий мулк, тадбиркорлик яҳудийларнинг қон-қонига сингганини инобатга олмаган. Шу сабаб Исроил либерализмни қабул қилиб, АҚШга юзланади. Сталин буни хоинлик деб қабул қилган ва СССРдаги яҳудийларга репрессия шундан бошланган.

Сталин Исроилни қўллаганига яна бир сабаб – қурол ишлаб чиқарувчи кўплаб олимлар, инженерлар яҳудий бўлишган. Исроил тузилган пайтда эса ҳали СССРда ядро қуроли йўқ эди. Сталин бу борада яҳудий олимларининг ёрдамидан умид қилиб ҳам уларни қўллаган, лекин яҳудийлар бу борада советларга ёрдам бермади.

— ҲАМАС ва ФАТҲ лидерларининг Москвадаги учрашуви Фаластин бирлиги учун қандай имкониятлар яратиши мумкин?

— АҚШ ҲАМАС йўқ қилингач, Ғазода АҚШ ва Исроилга қарши чиқмайдиган Фаластин ҳукуматини шакллантиришга уриняпти. Фаластинда ФАТҲга ўхшаган ташкилотлар 11 та. ФАТҲ ва ҲАМАС тушуняптики, Ғарб томонидан шакллантириладиган янги ҳукумат бу ердаги фаластинликлардан иборат бўлмайди. Шу сабаб бирлашиб, тайинланадиган ҳукуматни ўзимизнинг вакиллардан иборат технократлардан чиқаришимиз керак, дейишяпти. Яъни ФАТҲ ёки ҲАМАС вакили бўлиши шарт эмас, фаластинликларга хизмат қилувчи Фаластин халқидан чиқиши керак, дейишяпти.

Москвада фақат ФАТҲ ва ҲАМАС эмас, жами 14 та фракция вакиллари муҳокамаларда қатнашди. Бу фракциялар ўзига майдон қидириб юрганди. Москва эса бу вазиятдан фойдаланди. Россия Яқин Шарқда асосий ўйинчилардан бирига айланишни истайди. Шу билан бирга, бу учрашув бўлиб ўтди дегани фракцияларнинг бир-бири билан дўстлашиб, келишиб кетди дегани эмас. 14 та ташкилотнинг баъзилари Исроил билан алоқалар ўрнатган, баъзилари Исроилни тан олмаган, умуман, позициялар турлича. Лекин умумий мақсад ва қўрқув бирлаштиряпти уларни. Янги ҳокимиятга Америкада ё бошқа жойда яшаган фаластинлик келмасин, ўзимиздан бўлсин, деган мақсадда 14 та ташкилот бирлашяпти.

Бирлашиш дегани ҳам ҳали муҳокамалар қилишяпти, уларнинг позициялари аниқ эмас. Ҳамма ўз вакилини таклиф этиши тайин. Лекин технократик ҳукумат шакллантириш кераклигини айтишяпти, яъни илм-фанга асосланган, Фаластинни қайта қура оладиган ҳукумат дегани бу. 14 та ташкилот бирлашаётгани умид беради, лекин бу ҳали битта-иккита учрашув билан ҳал бўлиб кетадиган масала эмас.

— Агар ҲАМАС ва ФАТҲ келишса, Исроил билан минтақавий муносабатлар қандай босқичга ўтади?

— ФАТҲ ва ҲАМАС Исроил борасида келиша олмайди. ФАТҲнинг позицияси аниқ, ҲАМАС эса умуман тан олмайди Исроилни. 2007 йилда ҲАМАС ҳаммадан ажралиб, Ғазода изоляция бўлиб олганига сабаб ҳам позицияларда келиша олмагани эди.

ҲАМАСга асосий қўллов ичкаридаги 14 ташкилотдан эмас, ташқаридан бўлади. Қайсарлик билан позицияда туриши оқибатида ҲАМАС ўзиникилар билан ҳам келишмовчиликларга бориб қолган. Москвадаги учрашувлар Исроил давлатига нисбатан позицияни ҳал қилмайди, фақат янги ҳукумат таркиби бўйича масала кетяпти.

— Фаластин умумий бирлашувга келишса, халқаро ҳамжамият реакцияси қандай бўлади?

— Кўпчилик ўз таъсир доирасига олишга ҳаракат қилади. Москва ҳам бекорга бу учрашувларни ташкил қилиб бермаяпти. Манфаатлар масаласида дўстлик бўлмайди, қайси томон манфаатига тўғри келса, ўша субъект ҳаракат қилади. Россия янги Фаластин ҳукуматини ўзига ҳамкор бўладиган ҳукумат сифатида олиб чиқишга ҳаракат қиляпти. Расмий Москванинг биринчи ўриндаги мақсади ҳукумат шакллантириш эмас, дастлаб шу орқали АҚШ ва Ғарбга босим қиладиган бир сиёсий восита шакллантирмоқчи. Агар шу восита шакллантирилса, Россия Украинадаги вазиятда ўзи учун енгилликлар яратиши мумкин. Ғарбий Африкадаги бир нечта давлатда инқилоб бўлди, вагнерчилар пайдо бўлиб қолди ўша ерда, яъни бу орқали Россия Францияга таъсир ўтказиб, Франция Украина бўйича позицияларини ўзгартирганди. Шу каби сиёсий ричаглар ишлатилади кучли давлатлар томонидан. Москва Фаластинда ҳам шундай бир ричаг шакллантиришга уриняпти.

НормуҳаммадАли Абдураҳмонов суҳбатлашди.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » ҲАМАС ва ФАТҲ Москвада. Улар келиша оладими?