15:35 / 07.03.2024
1 115

Англиядаги ўзбек қассоби: «Бошлиқларимиз дам олиш куни телефон қилса, аввал узр сўрайди»

Англиядаги ўзбек қассоби: «Бошлиқларимиз дам олиш куни телефон қилса, аввал узр сўрайди»
Элбек Ўроқов Қашқадарёнинг Косон туманида туғилиб ўсган. Қарши давлат университетининг туризм соҳасида таҳсил олган. 2024 йилнинг январ ойида Буюк Британиянинг Гилдфорд шаҳарчасига кетиб, ҳозирда қассоблик билан шуғулланмоқда. У Kun.uzʼга берган интервюсида қандай қилиб бу ишга бориб қолгани, қассоблик ишлари, мигрантлар қанча пул топиши ва келгуси режалари ҳақида гапириб берди.

“Оғир юк кўтариб, ҳамма ишни ўзингиз қўлда бажармайсиз”

Ўзбекистонда ишсиз эдим, чунки ўқишни янги битирганман, аниқ иш топиб, жойлаша олмагандим. Уй ва бошқа ишларни қилиб турардик. Хорижга кетиш фикри асли ёшлигимдан бўлган, лекин айнан Англияни танлаш хаёлимда бўлмаган. Ўқиб юрган вақтим Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Telegram каналида бор эдим, чет элга кетишга оид ҳар хил эълонларни кўрардим. Бир кун кўзим шунга ўхшаган бир эълонга тушиб қолди, унга кўра, инглиз тилини билиш керак, қассоблик бўйича Англиядан вакансия чиқди. Шундан рўйхатдан ўтиб қўйдим, ҳарқалай ўзим қассоблик ҳам қилганман, бунинг устига IELTS ҳам бор эди.

Кейин [вақт ўтиб] бирданига Ташқи меҳнат миграцияси агентлигидан алоқага чиқишди-да, ҳақиқатан бормоқчилигим ёки йўқлигини сўрашди. Ундан кейин жараён бошланди, Англиядан таклифнома жўнатишди. Шуларнинг ҳаммасидан ўтиб, кейин Англияга келдик. “ABP food group” – Буюк Британиядаги энг йирик иш берувчилардан. Мамлакатда 16-17 та жойда ўзининг филиалларига эга. Ўша вақтда Гилдфордга кўпроқ ишчи керак бўлган [шу билан кейин мана шу шаҳарчага келганмиз].

Гилдфордда қассоблик қиламиз, унда ҳам қандай? Бизнинг Ўзбекистондагидек ҳамма ишни одам қилмайди, 80 фоизлар ишни машиналар бажаради. Шу машиналарга 1-2 нафар одам керак бўлади, биз шуларга қўйилганмиз. Бу ерда ишчиларимиз 2 тоифага бўлинган: “boning hold” ва “abattoir operative”. “Boning hold”дагилар гўштни суягидан ажратувчи қассоблар ҳисобланади, улар ичкарида совуқроқ жойда, музлаткичда ишлашади. Биз, яъни “abattoir operative”лар эса жараённинг биринчи бошидаги ишларни қиламиз. Ўша ҳайвоннинг оёғи, боши, қорни, ўпка, жигар – ҳаммасини ажратиб чиқамиз. Бизга қулай томони шундаки, кўп музлаткичда юрмаймиз.

Ишлаш шароитимиз яхши, ҳафтасига 5 кун 8 соатдан ишлаймиз. Ишимиз эрталаб соат 7 да бошланса, кечки 4 га бориб тугайди. Ҳисоблаб кўрсак, жами 9 соат бўлади, ўртада 1 соат овқатланишга кетади. 2 марта, 9:30 ва 13:30 да овқатланиб оламиз. Ҳозирги бажараётган ишим ўзимизнинг Ўзбекистондагидек қийин эмас. Оғир юк кўтариб, ҳамма ишни ўзингиз қўлда бажармайсиз. Лента бўлади, қиладиган ишимиз лентада келади. Оз-моз у ёқ-бу ёғига қараб, тўғрилаб ишласа бўлади.

Ўзи биринчи маротаба ишни бошлаганда “day off” кун бўлади, 5 кун дам оласиз. Бу апрелгача амал қилади. Масалан, мен март ойида 2 кун дам олишимга тўғри келиб қолса ёки мазам қочса, бош менежердан жавоб сўрайман. Рухсат берса, дам оламан. Кейин бизнинг электрон дастуримиз бор, ишчиларнинг келган ёки келмагани кўринади. Шу 5 кун вақтимиз бўлади, ўзимиздан келиб чиқиб шуни олишимиз мумкин. Апрелдан кейинга эса 22 кунгина меҳнат таътили олиш мумкин бўлади. Бояги 5 кун дам олишимда ҳам, 22 кунлик меҳнат таътилимда ҳам ойлик ёзилаверади.

“Қашқадарёдан Гилдфордга боришгача бўлган харажатларимизни қоплаб беришди”

[Буюк Британияга кетишга] биринчи навбатда IELTS сертификати керак бўлади, айнан general ёки academic’ми, фарқи йўқ, энг камида 4,5 балл бўлиши керак. Бундан ташқари, оддий тиббий кўрик ва сил касаллигига кўрик бор. Кейин охирги ишлаган жойингиздан ҳужжатларни тақдим қилишингиз мумкин, лекин бу мажбурий эмас. Жараёндаги энг асосий ҳужжатлар: тил сертификати билан видео ҳисобланади. Иш берувчиларга тақдим қилинадиган видеода номзодлар гапирмайди, бир ўзингиз қатнашиб, қиладиган ишингизни бошдан охиригача кўрсатиб беришингиз керак бўлади. 8 дақиқагача ишлаш мумкин видеони, меники 5 дақиқа бўлган. Мен тўлиқ қўйни олиб, қандай сўйилиши-ю, унинг бўлакланишигача кўрсатиб берганман.

Англияга келгунимизча бизга 3 ойлик виза беришди, лекин у ерда ишлашимиз учун электрон почтамизга 5 йиллик шартнома жўнатилганди. Борганимиздан кейин шу юзасидан ҳам хавотирлар бўлганди, келганимиздан кейин BRP деган ID картаси бор экан, бу ўзимизнинг Ўзбекистондаги фуқаролик паспортига тўғри келади. Шуни олдик, бу BRP билан виза ҳужжатларини тўлдиришимизга ҳожат бўлмади. ID карта 2024 йил 31 декабргача амал қилади, бу 1 йил визасиз яшашимиз мумкин дегани.

Ўзбекистонда юрган вақтимизда Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги барча харажатлар қоплаб берилишини айтганди. Биз Англияга бордик, борганимиздан кейин бирдан қандай харажатлар қилганимиз, ҳаттоки вилоятдан Тошкентга боришимизгача сарфлаган маблағларимизни ҳам сўрашди. Чекини топиб берсак, ўша суммаларни беришларини айтишди. Кейин квитанцияларини топиб бердим, борди-келди, тиббий суғурта, виза маркази ҳамда агентликка сарфлаган пулларимнинг ҳаммасини қайтариб беришди.

“Бу ерда ҳамма нарса қиммат”

Буюк Британияда энг кам иш ҳақи соатига 10 фунт 40 пенсни ташкил этади, бу 12 доллардан сал кўпроқ дегани. Йиллик 27-27,5 минг доллар бўлади. Ўша ойликни бермаган компания фаолиятини тўхтатиш керак бўлади. Буюк Британияда бундай компаниялар четдан ишчи ёллайдими ёки бошқами, давлатнинг ўзи бу жараённи назорат қилади. Ойлика келсак, 2,5 минг доллар топса бўлади. Лекин харажатлар ҳам яхшигина.

Ўзим ўртача 2,5 минг доллар топаман, шундан 900 долларини овқат, кийим-кечак, транспорт, ижарага сарфлайман. Шу билан қўлимда 1,5 минг доллар атрофида пул қолади. Бу ерда ҳамма нарса қиммат. Бошида биринчи ойликка қўшиб, компания томонидан квартира бонус сифатида бепул берилади. Кейин бир ойда кийим-кечак, озиқ-овқат учун қанчадир миқдорда бир ойлик пул ҳам берилади. Бундан ташқари, уй хўжалигида керак бўладиган ҳамма нарсаларни ташлаб кетишади. Иккинчи ойдан бошлаб харажатларингиз бошланади.

“Жуда хурсандман, сабаби уйга пул жўнатиб, ёрдам қиляпмиз”

Яшаш билан боғлиқ ёқмаган томонлари йўқ, лекин айнан об-ҳавоси бироз ноқулайроқ экан. Масалан, эрталаб қуёш чиққан вақтда енгилгина кийиниб чиқсангиз, ярим соатда бирдан ёмғир ёғиб, сел келиб қолиши мумкин. Ёққан томонлари: ҳаммаси вақтида, шанба-якшанба куни телефон қилиб, ишга чақиришмайди. Ўзи келганингизда бошида шанба ва якшанба ишлай олишингиз ёки аксилиги сўралади. “Overtime” ишлашга хўп десангиз, ўша вақтда телефон қилиши мумкин. Ўшанда ҳам раҳбарлар сиздан узр сўраб телефон қилишади. Мен бошида бундай тартибда ишламаслигимни айтганман. Ҳаммаси жой-жойида, маошлар ҳам вақтида берилади. Жуда хурсандман, сабаби уйга пул жўнатиб, ёрдам қиляпмиз.

Қозоғистонда ҳам қассоблик бўйича ишлаганман, лекин у ерда қандай ишлар эдик? У ерда биз қўй сўйганмиз, қийинчилиги кўп эди. Чунки ишдан ташқари ҳам, бир суткалаб бўлса ҳам ишлаганмиз. Ҳаммаси мажбурий, ўша куни иш бўлиши керакми, тугатилиши шарт эди. Шу нарсаси ёқмас эди. Англияда эса соат 4 бўлдими, ҳамма иш тўхтайди. Бошқа ишлар қолиб кетаверсин, лекин 4 дан кейин иш тўхтайди. Ҳамма ҳуқуқларимиз таъминланган. Шу ўринда яна бир нарсани айтиб ўтишим лозим, биз солиқ тўлаймиз. Бу солиғимиз билан бир йил давомида касалхонадан бепул текширувлардан ўтишимиз, касал бўлиб қолган вақтимизда давлат қанчадир фоиз харажатимизни қоплаб беради.

“Биринчи навбатда тилни ўрганиш керак, Европага келиш қийин эмас”

Кўпчилик бу ёққа келиш қийин деб ўйлаб, Россияга боришади. Қийин эмас, энг асосийси тил билиш керак. Ҳатто, Германияга бориш учун ҳам Б1 ёки Б2 тил сертификатлари керак. Англияга келиш учун ҳам энг камида Б1, яъни 4,5 балл сертификати керак. Бу ерда ишчи танқис бўладиган касблар бор, у ҳар йили янгиланади. Буни интернетдан кўриш мумкин. Асосан IT, соғлиқни сақлаш соҳаларида иш етишмовчилиги мавжуд.

Шу биринчи навбатда тилни ўрганиш керак, сертификат бўлиши керак. Европага келиш қийин эмас, дунё бўйича кўпроқ ишчи кучи жалб қилаётган Германия, Англия, Полша бор. Қўрқишмасин, қийинчилик жойи йўқ.

Энди бу ерда ишлайман, 5 йил ишласак, бизга фуқаролик беришади. Кейинчалик ўқишимни давом эттириш ниятим ҳам бор. Ўтган йили Жанубий Корея университетларига магистратурага ўқишга киргандим. Кейин озроқ маблағ етишмагани сабабли боролмаган эдим. Худо хоҳласа, шу ерда озроқ ишлаб, балки Буюк Британиянинг ўзида ҳам ўқишим мумкин.

Дилшода Шомирзаева тайёрлади.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё