
Минтақа бўйлаб кузатилаётган бунёдкорлик кайфияти ва ўзаро яқинлашув жараёнлари охирги йилларда мутлақо янги босқичга кўтарилди. Президент Шавкат Мирзиёев «Марказий Осиё янги давр остонасида» сарлавҳали мақоласида таъкидлаганидек, мамлакатлар биринчи марта узоқ танаффусдан кейин бир йўналишга, бир мақсадга — умумий ривожланиш ва мустаҳкам барқарорликка қараб бирлашмоқда.
Президент фикрича, бу жараён тасодифий ёки ўз-ўзидан вужудга келган ҳолат эмас. Аксинча, минтақадаги давлат раҳбарларининг изчил сиёсий иродаси, қатъий мақсад сари йўналтирилган амалий ишлари натижасидир. Давлатлар ўртасидаги ўзаро ишонч ва яхши қўшничилик муҳити кучайиб, ҳамкорлик бутун минтақа учун стратегик заруратга айланди.
Шавкат Мирзиёев Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашувлари минтақада тамоман янги сиёсий-иқтисодий архитектура яратганини таъкидлар экан, яқин кунларда Тошкентда ўтадиган навбатдаги саммит бу жараённи янада мустаҳкамлайдиган муҳим босқич сифатида қайд этди.
Охирги йилларда чегара масалалари амалда тўлиқ ҳал этилиб, улар рақобат эмас, ҳамжиҳатлик рамзининг ўзига хос кўпригига айланди. Фарғона тинчлик форуми, сув-энергетика бўйича қўшма лойиҳалар, хусусан, Қамбарота ГЭС-1 қурилиши борасидаги келишувлар ўзаро манфаатли шерикликнинг амалдаги намуналари сифатида таъкидланди.
Президентнинг таъкидлашича, минтақанинг иқтисодий салоҳияти кескин ўсиб бормоқда: охирги саккиз йилда ЯИМ қарийб икки ярим баробарга ошган, давлатлар ўртасидаги ўзаро савдо эса икки бараварга кўтарилган. 2016 йилда Ўзбекистоннинг қўшнилар билан савдоси 2,4 миллиард доллар бўлган бўлса, бу кўрсаткич 2024 йилда 7,2 миллиард долларга етди. Минтақа бўйлаб қўшма корхоналар сони ҳам кескин кўпайди.
Мирзиёевнинг таъкидлашича, минтақа «деворлар эмас, кўприклар барпо этаётган» ҳудудга айланди. Бу сиёсий баёнот эмас, амалда ўз исботини топаётган ҳақиқатдир.
Мақолада Марказий Осиёнинг халқаро муносабатлардаги ўрни ҳам алоҳида эътироф этилади. «Марказий Осиё плюс» форматларида Европа Иттифоқи, Хитой, Россия, АҚШ ва бошқа шериклар билан доимий саммитлар ўтказилаётгани, минтақа ягона ва масъулиятли халқаро субъект сифатида тан олинаётгани таъкидланди.
Президент Афғонистон масаласини ҳам четлаб ўтмади. Унга кўра, бу мамлакатнинг барқарорлиги бутун Марказий Осиё хавфсизлиги билан узвий боғлиқ. Шундан келиб чиқиб, Афғонистонни минтақавий ва халқаро жараёнларга жалб қилиш, Трансафғон темир йўлини амалга ошириш, гуманитар ва таълим соҳаларидаги ҳамкорликни давом эттириш муҳим аҳамиятга эга.
Шунингдек, Мирзиёев яқин ўн йилликларда Марказий Осиё аҳолиси 100 миллионга етиши, аҳолининг катта қисми ёшлар бўлиб қолиши кутилaётганини таъкидлайди. Бундай демографик ўзгаришлар шароитида ёшлар салоҳиятини инновация ва ривожланишнинг асосий ҳаракатлантирувчи кучига айлантириш, экология, сув ва озиқ-овқат хавфсизлиги, “яшил иқтисодиёт”, саноат кооперацияси, рақамли технологияларни жадал ривожлантириш муҳим вазифалардан саналади.
Маъмурий нуқтаи назардан, Ўзбекистон раҳбари минтақавий ҳамкорлик давлатлар учун тактик эмас, балки келажак учун умумий масъулиятдан келиб чиққан стратегик танлов эканини алоҳида урғулайди. Глобал ноаниқлик шароитида эса яхши қўшничилик ва ўзаро қўллаб-қувватлаш Марказий Осиёнинг энг қимматли ресурсига айланди.
Президент мақоласини шундай хулоса билан якунлайди: Янги Марказий Осиё концепциясига асос солинган жараён ортга қайтмас йўл бўлиб, тинчлик, барқарорлик ва умумий фаровонлик сари қадам ташлаш — барча давлатлар олдидаги тарихий масъулиятдир.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.