
АҚШ Давлат департаменти 2027 йилги Diversity Visa (DV-2027) лотереяси бўйича янги техник ўзгаришлар киритилганини маълум қилди. Бу ҳақда ведомство расмий сайти орқали хабар берилди.
Маълумотларга кўра, Грин-карта дастури бекор қилинмайди, балки фақат ариза топшириш ва натижаларни эълон қилиш муддатларида ташкилий ўзгаришлар амалга оширилади. Яъни, дастурнинг механизми ва иштирок қоидалари аввалгидек қолади.
Қайд этилишича, DV-2027 ғолиблари 2026 йил 1 октябрдан 2027 йил 30 сентябргача бўлган даврда иммиграция визаси учун ҳужжат топшириш имкониятига эга бўлади. Янгиланган сана ва жараённинг аниқ тартиби кейинроқ эълон қилинади.
Шу билан бирга, Давлат департаменти 2024 йил 16 сентябрдан бошлаб лотереяга рўйхатдан ўтиш учун 1 АҚШ доллари миқдорида йиғим жорий этганини ҳам маълум қилди. Бу чора консуллик хизматлари ҳақидаги тўлов тизимини қайта кўриб чиқиш доирасида киритилган.
Diversity Visa (DV) дастури АҚШга миграция даражаси паст бўлган мамлакатлар фуқаролари учун ҳар йили 50 мингга яқин иммиграция визаси тақдим этади. Дастурнинг асосий мақсади — Америкага кўпроқ турли миллат вакилларини жалб этиш ва демографик мувозанатни таъминлашдир.
Лотерея натижаларини анъанавий тарзда Entry Status Check (ESC) тизими орқали текшириш мумкин бўлади. Бу тизим орқали иштирокчи ўз рақами ва маълумотлари асосида ғолиб ёки йўқлигини аниқлайди.
Аввалги йилларда Грин-карта дастурига ариза қабул қилиш ҳар йили октябр ойининг бошида очилиб, ноябрь бошида якунланар эди. Масалан, DV-2026 дастури учун ариза қабул қилиш 2024 йил 2 октябрдан бошланган. Бироқ 2025 йилда бу анъана бузилиб, Давлат департаменти вақтинчалик танаффус ҳақида изоҳ бермаган эди.
Экспертлар фикрича, янги ташкилий ўзгаришлар дастурни янада аниқ, шаффоф ва барқарор қилиши кутилмоқда. Шу билан бирга, рўйхатдан ўтиш жараёнида тўлов киритилиши фирибгарлик ҳолатларини камайтиришга хизмат қилиши ҳам таъкидланди.
АҚШга кўчиб ўтишни орзу қилаётган минглаб фуқаролар учун Грин-карта дастури ҳали ҳам асосий имконият бўлиб қолмоқда. Янги қоидалар эса бу жараённи янада тартибли ва шаффоф қилиши кутилмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.