17:38 / 08.03.2024
617

Фронтдаги вазият. Россия армияси Авдийивкадан кейин қаерни нишонга олиши мумкин?

Фронтдаги вазият. Россия армияси Авдийивкадан кейин қаерни нишонга олиши мумкин?
Фото: Reuters
Украина қуролли кучларининг Марйинка ва Авдийивкадаги кучли истеҳкомларини эгаллаб олган Россия армияси ғарбий йўналишда ҳужум амалиётларини давом эттириб, айрим участкаларда аста-секинлик билан бўлса-да, илгарилашга эришмоқда. ОАВда шиддатли жанглар олиб борилаётган ёки тез орада жанглар бошланиши кутилаётган аҳоли яшаш манзиллари номлари тилга олнмоқда. BBC ҳарбий шарҳловчиси Иля Абишев Донецк фронтидаги вазиятни таҳлил қилди.

«Украина фақат олдинга силжишни кўзлаганди»

Авдийивка эгалланганидан кейин Россиянинг «Марказ» қўшинлари гуруҳи қўмондонлиги ўз муваффақиятини ривожлантирди ва ғарб томон силжишда давом этди. Ҳозирда фронт чизиғи Бердичи — Семёновка — Орливка — Тоненке қишлоқлари чизиғи бўйлаб ўтмоқда, ушбу аҳоли яшаш манзиллари атрофидаги жангларда гоҳ у томоннинг, гоҳ бу томоннинг қўли баланд келмоқда.

Бу ҳудуддан ғарброқда Покровск шаҳри жойлашган, Россия қисмларининг юриши шу шаҳар йўналишида олиб борилмоқда. Шаҳар вақти-вақти билан ўққа тутиб турилибди, 6 мартга ўтар кечаси йўлланган зарбалар оқибатида кўп қаватли ва хусусий уйлар, маъмурий бинолар шикастланган.

Покровскка қадар масофа тахминан 30 километрни ташкил этади. Ҳозирги урушда илгарилаш суръатлари ҳисобга олинган тақдирда, бу анча катта масофа саналади. Аммо фронт чизиғи ва Покровск оралиғи — деярли табиий тўсиқларсиз кенгликлар ва қалъа сифатида фойдаланиш мумкин бўлган аҳоли яшаш пунктларидан иборат. Рақиб бир ҳамлада анча ичкарилашга эришса, бундай географик жойлашув мудофааланаётган томон учун фалокатга айланиши мумкин.

Сўнгги кунларда Украина қуролли кучлари Бердичи — Тоненке участкасида фаоллашди. Гап қандайдир қарши ҳужум амалиёти ҳақида гап кетмаяпти — кўриниб турибдики, украинлар биринчи навбатда ўз позицияларини ушлаб туриши ҳамда янги мудофаа марраларини тайёрлаш учун вақтдан ютиши муҳим.

Авдийивкадан ғарбдаги ҳудудларнинг сунъий йўлдош орқали олинган тасвирларини ўрганган New York Times газетаси 2 март кунги мақоласида украинларнинг истеҳкомлари «ҳайратланарли даражада кучсизлиги», хандақлар линияси — «сийрак ва ибтидоий» экани, унда рус қўшинлари ҳаракатини секинлаштириши керак бўлган қўшимча иншоотлар йўқлиги ҳақида ёзган.

«Россияликлар Украина қуролли кучларининг юришидан ярим йил олдин мудофаа чизиғини қуришни бошлаганди, Украина эса бу масала ҳақида фақат уч ой олдин қайғура бошлади, чунки улар фақат олдинга юришни кўзлашган. Бундан ташқари, маблағ ва ишчи кучи етишмаган», — дея фикр билдиради NYT муаллифлари.

Фронтнинг бошқа участкаларидаги украин аскарлари ҳам жанговар позициялар етарлича мустаҳкамланмаганидан шикоят қилишади
Украинадаги манбалар ҳам шундай заифликка, баъзида эса ишончли ҳимоя чизиғи йўқлигига ишора қилмоқда. «2023 йил 1 декабр. Олий бош қўмондон В. Зеленский фронтда мудофаа иншоотлари қуришни бошлаш тўғрисида буйруқ берди. Аммо расмийлар ҳалигача қуруқ сўздан бошқа амалда ҳеч иш қилишмади. Айни вақтда қурилиши режалаштирилган кўплаб объектларда муҳандислик ишлари ҳам бошланмаган, ишлар бошланган жойда эса фақат бошланғич ишлар қилинган. Бирорта объект якунланмаган. Иш суръати шунчаки ночор аҳволда», — дея ёзган Цензор.Нет нашри муҳаррири Юрий Бутусов.

«Енгил сайр бўлмайди»

Донецк атрофидаги Россия қўшини учун яна бир истиқболли ҳудуд декабр ойи охирида босиб олинган Марйинка бўлди. Ҳозирда улар асосий уч йўналиш — шимол, ғарб ва жанубга юриш қилиш орқали шаҳар атрофидаги назорат зонасини кенгайтиришга ҳаракат қилмоқда.

Шимолда Россия бўлинмалари Красногоровканинг жанубий чеккаларини штурм қилишга ҳаракат қилмоқда (Украинада бу номдаги аҳоли яшаш пунктлари кўп, бу ўринда гап Донецкдан ғарбда жойлашган ва ҳозирда Киев назоратида бўлган шаҳарча ҳақида кетмоқда). Унинг кучли истеҳком сифатидаги аҳамиятини Марйинка билан солиштириш мумкин ва Украина қуролли кучлари уни йўқотишни истамайди.

«Душманнинг Красногоровкага кириш учун уринишлари муваффақиятли тўхтатилмоқда», — дея тасдиқлаган украинларнинг DeepState портали.

Россияликларнинг Rybar телеграм-канали эса Россия бўлинмалари бу ерда ҳам ютуқларга эришгани ҳақида ёзган: «РФ қуролли кучлари Красногоровканинг жанубий чеккасини штурм қилиш давомида Геологическая кўчаси бўйлаб темирйўлга ўтишга муваффақ бўлди. Ҳозирда россиялик ҳарбий хизматчилар Лермонтов ва Железнодорожная кўчалари чеккаларида мустаҳкам ўрнашиб олишга муваффақ бўлган».

«Аммо шимолга кейинги ҳаракатланиш енгил сайр бўлмайди. Красногоровканинг марказий қисмини чиндан ҳам штурм қилиш қийин бўлган йирик саноат зонаси деб ҳисоблаш мумкин. Шарқдан юриш қилаётганларнинг қўллаб-қувватлови бўлмаса, украинларга ҳимояланиш анча осонроқ бўлади», — дея ёзган милитар канал муаллифи.

Марйинкадан ғарбда рус қўшини Кураховога олиб борувчи Н15 трассаси бўйлаб юриш қилмоқда. Бу йўналишда улар йўлдан чиққан Георгиевка қишлоғини жанубдан айланиб ўтишга ҳаракат қилмоқда, аммо муваффақиятсиз.

Россия зарбасининг жанубий йўналиши Сухие Яли дарёси бўйлаб Марйинка ва Вуҳледар оралиғида жойлашган қишлоқлар занжири — биринчи навбатда, Новомихайловка, Парасковиевка ва Константиновкадир. Бу ҳудудда шиддатли жанглар кетмоқда, россиялик аскарлар Новомихайловкадаги вайроналарга ўрнашган. «Бундай тўқнашув чизиғи билан уларни у ердан сиқиб чиқариш деярли имконсиз бўлади», — дея қайд этган DeepState.

Кураховонинг эҳтимолий бой берилиши ёки Россия штурм бўлинмалари шаҳар жанубига етиб келиши Украина қуролли кучларига Запорижжя йўналишидаги чап қанот — Вуҳледар бўртиғи эгаллаб олиниши билан хавф солади. Бу муҳим истеҳком бўлиб, россияликларнинг логистик тизимини қийинлаштириб туради ва келгусида украин армияси кўп йўналишлар — Мариуполга ҳам, Волноваха ёки Донецкни айланиб ўтган ҳолда Докучаевскка ҳужум қилиши учун плацдарм вазифасини ўташи мумкин.

Россия армияси бир неча бор жануб ва шарқдан берилган зарбалар билан Вуҳледар бўртиғини украинларнинг асосий ҳудудидан узиб қўйишга ҳаракат қилган, аммо бу уринишларнинг барчаси муваффақиятсизликка учраган. Аммо агар унга шимолдан яқинлашиб келинса, ушбу истеҳком ҳам Авдийивка билан бўлгани каби ярим қуршов ҳолатида қолиши мумкин.

Ҳозирги босқичдаги ҳарбий ҳаракатлар қандай хусусиятларга эга?

Феврал ойи охирида Донбассда украинларнинг HIMARS тизимлари бир неча бор тўпланиб турган рус бўлинмаларига зарбалар йўллади
Россия армияси «Вагнер» гуруҳи тактикасидан тобора кўпроқ фойдаланмоқда — бу турли йўналишларда кичик штурмчи гуруҳлар билан ҳужумлар тўлқинини уюштиришни назарда тутади. Бунда кичик ютуқларга эришилганида уни ривожлантириш учун жангга йирик тузилмаларни ташлаш талаб этилмайди, балки эгалланган позицияларда мустаҳкам жойлашиб кейинги мақсадлар учун тайёргарлик кўрилади.

Бундай услубда йўқотишлар юқори бўлиб, ҳар қандай юриш амалиётининг асосий вазифаси — рақиб кучларини буткул тор-мор этиш — бажарилмаса ҳам, ҳудудий ютуқлар бўлади. Украинларнинг навбатдаги қишлоғи эгаллангани тўғрисидаги хабар Россия пропагандасининг ахборот фонини ҳамда амалиёт учун жавобгар бўлган ҳарбий бошлиқларнинг ҳолатини яхшилайди.

Рақиб зирҳли техникалар иштирокисиз кичик пиёда гуруҳларга бўлиниб ҳаракатланиши украин артиллерияси самарадорлигини пасайтиради. Украина қуролли кучлари кўпинча ўт очиш билан қўллаб-қувватлаш етарли эмаслигидан шикоят қилишади. Бу ҳолатнинг сабаби фақатгина снарядлар тақчиллиги бўлиб қолмай (бу ҳам муҳим), балки кичик ва тарқоқ ҳолатдаги нишонларга қарши ўқ-дориларни беҳуда сарфламаслик заруратидир.

Фронт чизиғи беқарор бўлганида кичик штурмчи гуруҳларнинг ҳаракати нисбатан самарали бўлиши мумкин ва ҳатто рақибнинг ўт очиш воситалари самарасизлиги ҳолатида йўқотишлар ҳам кўп бўлмайди. Аммо, умуман олганда, эшелонли ҳимояга қарши бундай «тўп еми штурмлари» энг яхши ҳолатда тактик ютуқларга имкон беради. Жиддий ёриб ўтиш бўлмайди - ривожлантириш мумкин бўлган натижа ҳам.

Куч ва воситаларнинг очиқ осмон остида тўпланиши хавфи ҳамон долзарблигича қолмоқда. Пиёдалар ва техникалар тўпланиб турган нуқтага дарҳол зарба етиб келади. Шу билан бирга, фронтда жонли куч ва қуроллар билан тўйинганлиги даражаси юқорилигича қолмоқда — Россия армияси ҳам, Украина армияси ҳам ҳозирча муҳим участкаларга захираларни олиб келишда жиддий муаммога учрамаяпти. Россия ва Украина уруши

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Фронтдаги вазият. Россия армияси Авдийивкадан кейин қаерни нишонга олиши мумкин?