
Сўнгги кунларда ижтимоий тармоқлар ва айрим ОАВда АҚШ визаси семизлик ёки сурункали касаллик туфайли рад этилиши мумкин деган хабарлар тарқалди. АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси бу каби даъволарга муносабат билдириб, уларни асоссиз деб эълон қилди.
Элчихона баёнотида айтилишича, АҚШ Давлат департаментининг мавжуд соғлиқ бўйича сиёсатида Б тоифасидаги касалликлар рўйхати ўзгармаган. Виза бериш қарори эса аризачининг умумий ҳолати, молиявий имкониятлари ва соғлиғига оид омилларни тизимли баҳолаш асосида қабул қилинади.
Шунингдек, расмий изоҳда таъкидланишича, семизликнинг ўзи визани рад этиш учун автоматик асос бўла олмайди. Тиббий кўрикларнинг мақсади — аризачида жамият учун хавфли юқумли касалликлар мавжуд ёки мавжуд эмаслигини аниқлашдан иборат.
Элчихона қўшимча қилишича, АҚШ ҳукумати учун асосий масалалардан бири — мамлакатга кираётган шахс давлатга молиявий юк бўлмаслиги ва у ўз яшаш, соғлиқни сақлаш харажатларини мустақил қоплай олишига ишонч ҳосил қилишдир. Бу, ўз навбатида, АҚШ солиқ тўловчилари манфаатларини ҳимоя қилишга хизмат қилади.
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.