date

Покровск атрофидаги оғир жанглар янги тактикани очди

Покровск атрофидаги оғир жанглар янги тактикани очди

Донецк вилоятидаги Покровск шаҳри Россия қўшинлари томонидан узлуксиз босим остида қолар экан, бу маскан Украина қаршилигининг янги рамзига айланди. Бахмут учун бўлган урушдаги каби қаттиқ қаршиликка Россия қўшинлари охирги бор 2022–2023 йилларда дуч келган эди. Покровск учун кураш эса 2024 йил охиридан бери тўхтаётгани йўқ. 2025 йил ноябрь ойига келиб, Украина президенти Володимир Зеленский вазиятнинг ўта мураккаблашганини очиқ тан олди ва зарурат туғилса, Қўшинлар шаҳарни ташлаб чиқиши мумкинлигини айтишга мажбур бўлди.

Бироқ бу жангда ҳам жиддий фарқлар бор. CNN хабар беришича, Покровск атрофида Россия ўтган икки йил ичида йиғилган тажрибадан келиб чиқиб, тактикани тубдан ўзгартирди. Асосий ўзгариш — узоқ масофада учувчи дронлар оммавий жорий этилгани. Бу эса фронт чизиғининг ҳар икки томонида ҳам “ўлим ҳалқаси”ни кенгайтириб, ҳар қандай олдинга қадам ташлашни ўта хавфли ва қарийб имконсиз ҳолга келтирди.

Россия қўшинлари энди аввалгидек танк ёки зирҳли техника билан ҳужум қилиш ўрнига мопедлар, квадроцикллар ва енгил баггилардан фойдаланмоқда. Покровск мудофаасида иштирок этган украин жангчиларидан бири айтишича, шундай тез ҳаракатланувчи кичик гуруҳлар билан дастлабки учрашув “ўта ғайритабиий” туюлган, бироқ дронлар доимий зарба бериб турган шароитда бу усулнинг мантиғи борлигини тезда тушунишган.

Шаҳар ичидаги энг оғир муаммолардан бири — ярадорларни эвакуация қилишнинг деярли имкони йўқлиги. Украин шифокорлари таъкидлашича, автомобиллар Покровскка фақат 10–15 километргача яқинлаша олади, шунинг ўзи ҳам хавфли, чунки дронлар ҳар дақиқада зарба беришга тайёр. “Агар бирор аскар ўртача оғир жароҳат олса, у менга аллақачон ўттиз фоиз оғирроқ ҳолатда етиб келади — агар умуман етиб келса”, дейди шифокор CNNга.

Бахмутдаги жангларда Россия томонидан қўлланилган “тўлқинбоз ҳужумлар” Украинада “гўштқиймалагич” деб аталган эди. Бироқ Покровскда бу амалиёт ўзгарган. Украин аскарлари CNNга маълум қилишича, ҳужумчи гуруҳлар сони кескин қисқарган: эндиликда улар беш-етти кишидан эмас, кўпи билан уч нафардан иборат бўлади. Шу боис уларни дрон орқали аниқ кузатиш ҳам қийинлашган. Жангчилар таъкидлашича, ҳар бир уч кишилик гуруҳдан икки нафари йўқ қилинса ҳам, учинчисида вазифани охирига етказиш — шаҳарга ёриб кириб, маҳкам жойлашиб олиш мақсади сақланиб қолади. Баъзан бир кунда юзга яқин бундай кичик гуруҳ ҳужумга ўтиши мумкин.

Вашингтондаги Урушни ўрганиш институти (ISW) таҳлилчиси Мейсон Кларкнинг фикрича, Россия бу усулни ўзининг янги стратегияси сифатида қабул қилган. Унга кўра, Россия энди ҳужумнинг паст суръатда кечишига қарши эмас — асосий мақсад босимни бир кун ҳам камайтирмасдан, фронтда доимий чарчоқ ҳолатини яратиш.

Покровск атрофидаги вазият шундан далолат берадики, урушдаги янги босқич тактика эмас, балки технологиялар ва кичик манёвр гуруҳлари ўртасидаги тўқнашувга айланиб бормоқда. Украина учун эса асосий муаммо — кам ресурс билан узлуксиз зарбаларга бардош бериш.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Дунё » Покровск атрофидаги оғир жанглар янги тактикани очди