18:15 / 05.05.2024
106

Халқаро молия бозори шарҳи: олтин ва нефт арзонлашди

Халқаро молия бозори шарҳи: олтин ва нефт арзонлашди
Май ойининг дастлабки кунлари молия бозорлари учун жуда ҳам муҳим бўлди. Хусусан, 1 май куни Федерал захира тизими (ФЗТ) фоиз ставкасини ўзгаришсиз, 5,5 фоизда қолдирди, Жером Повел эса сўнгги макроиқтисодий маълумотлар бўйича расмий изоҳ билдирди. У ёқилғи қимматлашиши туфайли инфляцион ҳолат салбий ўзгаришларга дуч келаётган бўлса-да, ҳозирда ставкани кўтариш тўғрисида ўйламаётганини айтиб, бозор иштирокчиларини тинчлантиришга уринди.

Бироқ у фоиз ставкаси 2 фоизгача тушиши борасида қаттиқ монетар сиёсатини барча ўйлаганидан узоқроқ олиб боришини яна бир бор қайтариб ўтди. Ҳафта охирида эълон қилинган ишсизлик даражаси АҚШ фонд бозорига бироз позитивлик олиб келди. Апрел ойида ишсизлар сони 0,1 фоиз ошиб, 3,9 фоизга кўтарилиши инвесторларга ставка туширилиши бўйича қўшимча умид бахш этди.

Jahon Insights канали экспертлари 29 апрелдан 3 майгача бўлган даврда Халқаро молия бозорида содир бўлган энг муҳим воқеаларни таҳлил қилиб чиқди.

АҚШ топ фонд бозорлари индекси:

· S&P500 – 5127 (ҳафта бошидан +0,55 фоиз, йил бошидан +7,51 фоиз);

· NASDAQ – 17890 (ҳафта бошидан +0,97 фоиз, йил бошидан +6,33 фоиз);

· DJI – 38675 (ҳафта бошидан +1,14 фоиз, йил бошидан +2,62 фоиз).

АҚШ фонд индекслари апрел ойининг дастлабки бир неча ҳафтасидаги кетма-кет коррекциядан кейин яна ўсишни бошлади. Ҳисобот ҳафтасида Dow Jones индекси 437 пункт, NASDAQ 173 пункт, C&P500 эса 30 пункт ўсишга муваффақ бўлди.

Асосий қимматбаҳо металлар:

· Олтин – 2301 доллар (1 унцияси) ҳафта бошидан -1,54 фоиз, йил бошидан +11,6 фоиз;

· Кумуш – 26,5 доллар (1 унцияси) ҳафта бошидан -2,28 фоиз, йил бошидан +11,8 фоиз;

· Алюминий – 2542 доллар (1 тоннаси) ҳафта бошидан -0,41 фоиз, йил бошидан +6,75 фоиз:

· Мис – 4,5 доллар (1 фунти) ҳафта бошидан -0,42 фоиз, йил бошидан +17,2 фоиз.

Қимматбаҳо металларнинг барчаси коррекцияни бошидан ўтказди. Масалан, алюминий ва олтин мос равишда 11 доллар ва 36 долларга, кумуш ҳамда мис 62 ва 2 центга арзонлашди.

Нефт:

· WTI – 77,93 доллар (ҳафта бошидан -6,83 фоиз, йил бошидан +9,31 фоиз);

· BRENT – 82,78 доллар (ҳафта бошидан -6,01 фоиз, йил бошидан +7,45 фоиз).

Ҳафта давомида нефтнинг WTI маркаси 5,72 долларга, BRENT эса 5,29 долларга арзонлашди.

Валюталар:

· USD/EUR: +0,63 фоиз (йил бошидан -2,53 фоиз);

· CNY/USD: -0,09 фоиз (йил бошидан +2 фоиз);

· TRY/USD: -0,43 фоиз (йил бошидан +9,38 фоиз);

· UZS/USD: -0,06 фоиз (йил бошидан +2,85 фоиз);

· RUB/USD: -0,46 фоиз (йил бошидан +2,35 фоиз).

Фундаментал омиллар туфайли бозорда юзага келган тебранишлар долларнинг пасайишига сабабчи бўлди ва ўз навбатида бошқа валюталар позицияларини мустаҳкамлади. Евро ва рубл ҳафта мобайнида 0,63 фоиз ва 0,46 фоизга, лира, юан ва сўм эса 0,43 фоиз, 0,09 фоиз ва 0,06 фоизга кўтарилди.

Криптовалюта:

· Bitcoin – 62937 доллар (ҳафта бошидан -0,39 фоиз, йил бошидан +48,4 фоиз);

· Ethereum – 3104 доллар (ҳафта бошидан -4,86 фоиз, йил бошидан +36,01 фоиз).

Асосий криптолар тебранишни давом эттирмоқда. Ҳафта давомида Bitcoin 0,39 фоизга, Ethereum 4,86 фоизга пасайди.

Бозорлар ҳақида қисқача

Глобал жиҳатдан олиб қараганда амалдорлар учун юзага келган ноодатий ҳолат уларни янада жиддий ёндашишга ундамоқда. Чунки глобал тинчликка таҳдид қилаётган катта хавфлар, кенг қамровли қаттиқ монетар сиёсат (яъни дунёнинг бир неча регионида фоиз ставкалари кўтарилиши) оқибатида глобал иқтисодиёт секинлашиши, хусусан АҚШда президентлик сайловлари яқинлашаётган бир пайтда инфляцион фон ёмонлашиши марказий банклар раисларини қийин қарорларни қабул қилишга мажбур қилмоқда.

Шунга қарамай, бозор иштирокчилари ставкани пасайтириш бўйича ўзларининг янгидан янги прогнозларини тақдим қилишда давом этиб келишмоқда. Хронологик олиб қараганда 2024 йил январ ойида йил сўнгигача 5-6 маротаба ставка пасайиши прогноз қилинган бўлса, апрел ойининг иккинчи ярмида уларнинг ишончи 1 маротабагача тушиб кетган эди. Бироқ сўнгги ишсизлик кўрсаткичи бироз оптимизм тақдим этди.

Эслатма! Тақдим қилинган маълумотлар муаллифга тегишли бўлиб, 29 апрелдан 3 майгача бўлган вақт оралиғидаги молия бозорида юз берган ўзгаришлар асосида тайёрланган. Ушбу мақола инвестицион маслаҳат эмас.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Халқаро молия бозори шарҳи: олтин ва нефт арзонлашди