18:44 / 05.05.2024
365

Туркиянинг кутилмаган қадами: Исроил билан савдо тўхтатилгани нимани англатади?

Туркиянинг кутилмаган қадами: Исроил билан савдо тўхтатилгани нимани англатади?
Туркия Ғазодаги охири кўринмаётган бемисл фожиалар сабаб Исроил билан савдо алоқаларини тўхтатишга қарор қилди. Kun.uz мухбири бу жиддий воқеа ҳақидаги саволлар билан Анқара Ҳожи Байрам Вели университети халқаро алоқалар бўлими докторанти Фазлиддин Мадиевга юзланди.

— Туркия Ғазо инқирозининг дастлабки ойларида, яъни жиддий қадамлар кутилганида эмас, энди кутилмаганда, урушга 7 ой бўлганда бу қарорга келди...
— Бу борада кўп тортишувлар бўляпти. Иккита факторни эътиборга олиш керак: давлатнинг иқтисодий, сиёсий, ижтимоий ҳаётни юргазиш мажбурияти бор, иккинчиси эса фуқаролар муносабатини инобатга олиш. Бирор бир давлат билан савдо-иқтисодий, сиёсий алоқаларни йўлга қўйиш осон иш эмас, Туркия ва Исроил учун ҳам осон бўлмаган. Муҳим фактор яҳудий ва мусулмонларнинг бир неча асрлик тортишувлари ҳам бор.

Яқин Шарқда Туркия ва Исроил демократик давлатлар бўлгани учун ўртадаги тижорий муносабатларда анча либераллик бор эди, йиллар давомида ривожланган, чамбарчас боғлиқ иқтисодий ҳамкорлик бор эди. Шунинг учун бирдан йўқотиш осон иш эмас. Сиёсий, ижтимоий факторлардан ташқари ўша савдо алоқаларини юритувчи инклюзив қатлам бор икки томонда ҳам, бир қанчаси сиёсатга боғлиқ бўлмаган каналлар. Шу сабабдан ҳам Туркия учун осон бўлгани йўқ. Аслида, Туркия ва Исроилда иқтисодий муносабатларга давлат аралашмайди. Энди бу тўхтатиш икки давлатга ҳам катта таъсир қилади дейиляпти, айниқса Исроилда. Умуман, қизиқ бир жараён бошланди.

— Савдо алоқаларини тўхтатиш нуқтаси қаергача? Турли манбаларда Ғазога ҳуманитар ёрдам эшиклари очилгунча ёки уруш тугагунча, дейиляпти.
— Бундай маълумотлар баёнотлар шаклида ҳам чиқяпти. Эрдўған қисқа баёнотига кўра, Ғарб дунёси Исроилни қўллаяпти, қачонки бу икки хил стандартлилик тўхтамагунча биз ҳаракатдан тўхтамаймиз, деди. Лекин давлатлар доим бир-бири учун очиқ эшиклар қолдиради, келишувларга боғлиқ бу. Эрдўған Ғарб Исроилга ёрдамни тўхтатиши керак, Туркия иқтисодий алоқаларни тиклашга очиқ, деган мазмунда гапиряпти. Исроил ён бериб, Туркия манфаатларига тўғри келувчи чизиқда тўхтаса, Туркия савдо, сиёсий алоқаларни ҳам қайта боғлашга тайёр эканини билиш мумкин бу баёнотдан.

Исроил томондан қаршилик ҳам бор, лекин Туркия билан савдо қилишга хоҳиш ҳам бор. Чунки анча арзон олишади, кейин бирламчи эҳтиёж маҳсулотлари. Озиқ-овқат, саноатда Туркияга қарамлик бор Исроилда. Алтернатив давлат топиб, бу стандартларни тиклагунча анча вақт кетади. Умуман, икки давлат ҳам бир-бирига очиқ эшиклар қолдирган.

— Исроил ўзи учун Туркиянинг ўрнига алтернативларни қаердан излайди, буни амалга ошира оладими, Туркия-чи?
— Бу жиддий масала бўлиб турибди икки давлат учун ҳам. Туркия апрел бошида маълум маҳсулотлар савдосини чеклади Исроил билан, бунинг иккинчи босқичи ҳам бўлади, дейилди ва бунга жиддий тайёргарлик кўрди. Исроил ОАВда биз тезроқ Туркияга алтернатив бўладиган давлатни топишимиз керак, лекин қайси давлат, бу минтақада Туркия стандартлари бўйича ишлай оладиган давлат борми, деган масала қўйиляпти. Менимча, алтернатив давлат Саудия бўлиши мумкин. Чунки сўнгги вақтларда Саудияга Ғарбнинг иштироки кўпаймоқда, инвестициялар киритяпти, Саудия ҳам бу сармояларга хайрихоҳ. Лекин ривожланган технологиялар бўйича Туркиянинг Исроил билан манфаатли ҳамкорлиги бор, икки давлат бир-бирига доим ёрдам берган бу борада. Исроил бу ҳудудда эркинроқ ҳаракат қилиш учун Туркияга таянган.

Лекин Туркия томонидан Исроилнинг ўрнига алтернатив давлат топиш тўғрисида баёнотлар кўринмади.

— Туркия жамияти, тадбиркорлар қандай қабул қилди бу воқеликни?
— Туркия Исроилнинг бешинчи савдо ҳамкори, Исроил эса Туркия ташқи савдосида ўтган йили 13-ўринда бўлган, яъни бундай қарор қилиш осон бўлмаган. Исроилдаги тадбиркорлар жуда норози бўлишяпти, Туркияга қарам бўлиб қолишдан огоҳлантиргандик, дейишяпти. Лекин Туркиядаги муносабатларда икки хил қараш бор. Давлат бу қарорни қабул қилишга жуда қийналди, 7 ой чидаб келди. Лекин охирги сайловлардаги бошқарувга бўлган муносабат жиддий қадамлар ташлашга мажбур қилди.

Давлатнинг ўз интеллекти бор, доим ҳам халқ хоҳишига кўра иш кўролмайди. Халқ эмоцияларга берилади, давлат эса ақл билан иш тутиши керак. Академик доирада иқтисодчиларнинг бу иш яхши бўлмагани ҳақида ҳам таҳлиллар бор. Лекин Ғазодаги ҳолат инсоният даражасидаги фожиа бўляпти.

— Исроил билан савдо алоқаларни тўхтатиш фақат икки томонлама муносабатларга асосланадими ёки Жейҳун энергетика йўлаги каби уч томонлама келишувларни ҳам ўз ичига оладими?
— Озарбойжон ва Туркия халқи жуда яқин, бир-бирига бўладиган таҳдидлар икки давлатни бирдай безовта қилади. Озарбойжон ва Исроил муносабати яхши, Туркия билан эса бу ҳолатга келди. Бу борада Озарбойжон фактори тилга олингани йўқ Туркияда, Озарбойжонда ҳам бу ҳақида гапирилгани йўқ. Демак, ички келишувларга кўра Озарбойжоннинг Исроил билан савдо-иқтисодий муносабатларига дахл қилинмайди. Туркия транзит сифатида тураверади, менимча. Агар бунга қаршилик қилинса, Озарбойжон билан муносабатлар ёмонлашиши мумкин. Исроил ҳам бизнинг Озарбойжон билан савдо-иқтисодий алоқаларга аралашманг, деган қаттиқ баёнотлар бериши мумкин. Бу вазиятда ҳам Озарбойжон ва Исроил муносабатлари кўрилган, бундай пайт учинчи ўтказувчи давлатларнинг таъсир қилиши мумкинмас дегандир балки. Туркиянинг таъсир қилиш имкони бўлганда бу бўйича таҳлилларни кузатган бўлар эдик.

— АҚШ ва Европа Иттифоқидан қандай реакция бўлади?
— Расмий муносабатлар йўқ, лекин таҳлилий баёнотлар учраяпти Ғарб томонидан ҳам. Таҳлиллар умумий хулосасига қарасак, яхши иш бўлмади, дейилмоқда.

— Исроилга бу қандай таъсир қилади ва Исроилнинг жавоби қандай бўлади?
— Биринчи босқичда Туркия савдо маҳсулотларини чеклагач, Нетаняҳу АҚШ Туркияга савдо-иқтисодий санкциялар қўллаши керак, деди очиқча. АҚШ билан Исроил бир бутунлигини кўриш мумкин бу ерда.

Исроил томонидан ричаглар бор. Лекин Туркия ҳам бу қарорга келгунча ўзига буфер ҳудуд яратган, юмшатиш йўлларини қолдирган бўлса керак. Умуман, Исроил ва Туркия муносабатлари жуда мураккаб. Сиёсий томондан кескин баёнотлар берилса-да, савдо ҳажми 7 млрд доллар эканини кўрдик.

Исроил томонидаги таҳлилларда Туркияга нисбатан таҳдид бор, яъни Туркиянинг ўрнига бошқа алтернатив давлат топамиз, деяпти. Исроил савдо вазири бошқа алтернатив давлат топиш бўйича буйруқ ҳам имзолаганини айтяпти.

Туркиянинг ҳам Исроилга нисбатан ричаглари бор. Ҳарбий учувчилар Туркияда тайёрланади. Туркияда ҳарбий машғулот полигонлари бор, у ерда Исроил ҳарбийлари ҳам машғулотлардан ўтади, шундай келишувлар бор. Шу томондан ҳам фойдаланиш мумкин. Лекин булар ҳақида ҳеч қаерда ўқимадим, олдинроқ тўхтатилгандир ҳам балки. Лекин ҳарбий учувчилар тайёргарликдан ўтиши ҳақида маълумотларим бор.

— Нега алтернатив давлат айнан Саудия бўлиши мумкин деяпсиз, деталлар билан айтоласизми?
— Минтақада 3 та рақобатчи пайдо бўлди. Биринчи ўринда Туркия, унинг ҳарбий, иқтисодий қудрати, «юмшоқ кучи», Европага нисбатан сиёсий, иқтисодий ҳаракатлари ҳам кўзга кўринаётган эди. Ғарбда, араб дунёсида, айниқса, Саудияда Туркияни рақиб сифатида олиш пайдо бўлди ва кутилмаганда Саудияда катта модерн ўзгаришлар бошланди.

Саудияда академик майдонда ишлаётган мутахассисларнинг мақолаларига қарасак, Саудияда катта потенциал бор. Ғарб учун, капитализми учун алоҳида ҳудудлар яратилган. Фақат нефт билан узоққа боролмаймиз, деган тафаккур пайдо бўлган.

Саудиянинг кўп ёшлари дунёнинг энг яхши олийгоҳларида ўқияпти, хотин-қизлар ҳам кўп улар ичида. Бир қанча хотин-қизлар Туркияда тажриба орттириб ҳам кетяпти. Бу нарса уларнинг минтақада Туркия билан рақобатга киришганини билдиради, 10-20 йил ичида Туркия билан кескин рақобат қила оламиз, деган мақсад ҳам қўйган.

Қатар фактори ҳам бор. Лекин у кичик давлат, эҳтиёжларни қондира олмаслиги мумкин. Лекин Саудияда жиддий ҳаракат бор. Шу маънода Саудияни алтернатив давлат сифатида Ғарб босими ёки Исроилнинг ўз ҳаракати билан ҳамкорликни йўлга қўйиши мумкин, Туркия босим учун ҳам бўлади бу. Минтақада энг кўзга кўринган алтернатив Саудия бўляпти.

НормуҳаммадАли Абдураҳмонов суҳбатлашди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Туркиянинг кутилмаган қадами: Исроил билан савдо тўхтатилгани нимани англатади?