date
views 689

Z-каналлар ва жаҳон нашрлари Шойгу Белоусовга алмаштирилиши ҳақида нималар демоқда?

Z-каналлар ва жаҳон нашрлари Шойгу Белоусовга алмаштирилиши ҳақида нималар демоқда?
Фото: Виталий Белоусов / РИА Новости
Владимир Путин мудофаа вазири Сергей Шойгуни лавозимидан олди. Унинг ўрнига собиқ вице-премер ва Путиннинг иқтисодий масалалар бўйича собиқ маслаҳатчиси вазирликнинг янги раҳбари бўлиш учун таклиф этилди. РФ президенти матбуот котиби Дмитрий Песков бу қарорни ҳарбий блок иқтисодиётини мамлакат иқтисодиётига мослаштириш зарурати билан изоҳлади. Унинг сўзларига кўра, мудофаа вазирлиги ҳарбий бўлмаган мулозим бошқаруви остида инновациялар ва «илғор ғоялар»ни жорий этишга очиқ бўлади.

Россиялик «ҳарбий мухбирлар» ва Z-каналлар Путиннинг қарорига эҳтиёткорлик билан ёндашмоқда: уларнинг аксари ўзларига нотаниш бўлган иқтисодчи номзоднинг тайинланишидан плюслар қидириб топишга ҳаракат қилмоқда, вазирликка сўнгги 12 йил давомида раҳбарлик қилган ва Хавфсизлик кенгаши котиби лавозимига ўтказилган Шойгуни эса деярли тилга олишмаяпти. «Медуза» ҳарбийлашган каналлар ва блогерларнинг реакцияларини жамлади.

Юрий Котенок
«ҳарбий мухбир»


Белоусов мудофаа вазирлигининг бутун молия-иқтисодий блокида аудит ўтказади. У буни кўпроқ тушунади. Юқори даражадаги профессионал иқтисодчи. Ота — косигинчи иқтисодчилар гуруҳидан. Статист (сўзсиз рол ижро этувчи артист - таҳр). Белоусов ҳарбий иерархияда — номинал фигура. РФ қуролли кучлари бош штаби бошлиғи В. Герасимовнинг роли кучайтирилди. Аммо тизимни мувозанатлаштириш билан мудофаа вазирининг янги ўринбосарлари шуғулланади. Ва шунда барчаси ойдинлашади.

Fighterbomber
Россия ҳаво-космик кучларига яқин телеграм-канал


Олий қўмондон Белоусовни РФ мудофаа вазири лавозимига таклиф этди. Менда фақат битта савол бор. Ким ўзи у?

Михаил Звинчук
Rybar телеграм-канали


Амалда Белоусовнинг мудофаа вазири этиб тайинланиши кенг кўламли аудит ва мудофаа вазирлиги доирасидаги барча молиявий моделларни қайта қуриш, шунингдек «ясама» гўзалликдан воз кечишни англатади. Вақт тақчиллиги шароитида Белоусов слайдли ҳисоботларни эмас, иккита иқтисодий вариант акс этган бир варақдаги иккита эксел табличкасини афзал кўриши тайин. Ва қарорлар айнан шу табличка бўйича қабул қилинади, чунки у ҳисоблашни билади. Белоусов — ҳамиша кўп нарса бўйича ҳаммага ёқадиган бўлмаса ҳам ўз нуқтайи назарига эга бўлган одамдир. Назаримда, бугунги кунда Россия мудофаа вазирлигига айнан шу керак.

Кирилл Федоров
уруш тарафдори бўлган блогер


Андрей Белоусовнинг вазифаси жанг қилиш эмас, ўқчиларни жойлаштириш эмас, фронт ортида қайсидир ишлар билан машғул бўлиш эмас, балки иқтисод орқали ғалабани таъминлашдир. Айнан иқтисодиёт — урушда ғалаба қозонади. Ҳозир унда ишонч рейтинги ва ушбу ишончни оқлаш имконияти бор. Мудофаа вазирлигидаги харажатларни тартибга солиш имконияти бор. Ҳисоблашни биладиган одам бунга қадар бу билан шуғулланганлардан яхшироқ уддалаши мумкин. Эҳтимол олдинги бошлиқ парадларни чиройли ўтказиш, Сурияда кичик контингентни чиройли намойиш этишгина талаб этиладиган тинч даврга кўпроқ мосроқ эди. Ҳозир эса, бизга барча нарса фронт ва ғалаба учун бўладиган ўшандай ялпи урушга олиб борадиган одам керак бўлиши мумкин.

Военный осведомитель
уруш тарафдори бўлган телеграм-канал


Дўстлар, министерлик портфели моҳиятан кўпроқ маъмурий лавозимдир. Унга эга бўлган одамнинг вазифаси, биринчи навбатда, юқори мартабали одамларни ақл билан бошқариш ва мавжуд ресурсларни глобал миқёсда тасарруф этишдир. Аллақачон узоқ давом этувчи ҳолдан тойдириш урушига ўтилган махсус ҳарбий амалиёт шароитида бу лавозимга иқтисод соҳасидан бўлган одам тайинланиши бевосита амалий маънога эга. Бу лавозимда казарма ва машғулотлар майдонидан ташқаридаги ҳаётни кўрмаган армиядаги «тўнка» ҳеч қанақасига ғалаба қозонишга ёрдам бера олмайди, балки аксинча. Ҳозир янги мудофаа вазирига омад тилаб, мавжуд бузуқ тизим қисман бўлса ҳам ўзгариши ва долзарб чақириқларга мос тарзда модернизация қилинишини истардим.

Сергей Шойгуни сўнгги ўн бир ярим йил давомида алмашувсиз эгаллаб келган мудофаа вазири лавозимидан кузатарканмиз, кўп нарсани айтишни истардим, аммо асосийсини айтаман — Шойгу Украинадаги махсус ҳарбий амалиёт кўринишидаги ўз ҳаётидаги энг асосий имтиҳондан ўта олмади.

Дмитрий Селезнев
уруш тарафдори бўлган «Два майора» телеграм-канали


Белоусов 2023 йилда йирик бизнес вакилларига (ҳарбий бюджетга) ўз даромадларидан «ихтиёрий ҳисса қўшиш»ни таклиф этган. Дарҳақиқат, уруш даврида қандай даромад ҳақида ўйлаш мумкин?

Яъни бунда Белоусов адолат тарафдори эканини кўрамиз, бу эса кишини таъсирлантирмай қўймайди. Юқори сиёсий доираларда узоқ вақт бўлганига қараганда, иқтисодиёт соҳасида шахсан президент рухсати билан назорат функцияларини бажарган. Бошқа тузилмада бўлган президентнинг ишончли одами тайинланиши мудофаа вазирлигидаги қотиб кетган коррупцион алоқалар тизимини бузади, вазир ўринбосари Ивановнинг қўлга олиниши ҳам ҳолатни кўрсатиб берганди. Ва бундай ўзгариш ҳарбий блокнинг иқтисодий томонини мустаҳкамлашга қаратилгани кўриниб турибди.

Сергей Колясников
уруш тарафдори бўлган блогер, Zergulio телеграм-канали


Белоусов нега мудофаа вазирлиги раҳбарлигига номзод сифатида кўрсатилганига келсак, айтиш мумкинки, кўпчилик мудофаа вазири лавозими ўзи нима эканини тушунмайди — бу кўпроқ сиёсий ва иқтисодий лавозим. Реаллик шундай. Айнан шунинг учун кучли иқтисодчи ва давлат арбоби Андрей Рэмович Белоусов бу жойга жуда мос келади.

Индаллосини айтганда — аниқ тайинлов. Уруш олиб бораётган мамлакатда ҳамон 50 000 дан ортиқ офицерларни уй бермай алдаб келишмоқда, 2016 йилги навбат ёпилмаган, бутун Россия бўйлаб йирик шаҳарларда ҳарбийлар учун кварталлар чириб ётибди. Мудофаа вазирлигида каламушлик қилган биргина Тимур Иванов эмас, у ерда янада қизиқарлироқ ва аҳамиятлироқ бўлган шахслар бор. Ёмон маънода. Шундай экан, ишончингиз комил бўлсин, Андрей Рэмовичнинг сочи янада оқаради. Унга фақат омад тилашим мумкин — чунки у ҳозирнинг ўзида Авгиев отхонасини (ифлослик ва тартибсизлик ҳукмрон бўлган жойни ифодаловчи ибора) тозалашни бошлаши керак. Бу тайинловда мен фақат плюсларни кўраман.

РБК эса ўз материалида жаҳондаги йирик нашрлар Россия мудофаа вазирлигидаги ўзгаришни қандай қарши олганини кўриб чиқди.

Le Figaro (Франция)

«Сўнгги ойларда Россия президенти кўплаб техника ва жонли куч сарфини талаб этадиган Украинадаги юришни давом эттириш учун мамлакат мудофаа саноатига инновациялар жорий этиш ва ишлаб чиқариш ҳажмини оширишга чақирганди. Шу нуқтайи назардан Андрей Белоусов Кремл хўжайини назарида қарийб энг идеал номзод бўлиб кўринади».

Guardian (Буюк Британия)

Лондондаги Mayak Intelligence консалтинг компанияси директори Марк Галеоти Guardian нашрига шундай деган: «Иқтисодиётнинг катта қисмини асосан мудофаа сектори эҳтиёжларига бўйсундириш зарурати ҳақида гапирган иқтисодчини тайинлашда маълум маъно бор. Ҳозирда бу моҳиятан Белоусов бажариши мумкин бўлган молиявий менежер ишидир».

New York Times (АҚШ)

«Вазирлар кабинетидаги ўзгаришлар одатда шошилинч ўзгаришлардан қочадиган жаноб Путин учун камёб ҳодиса бўлди ва бу ўзгаришлар Россиянинг Украинадаги икки йилдан ортиқ вақт давом этаётган урушида бурилиш палласи бўлиши мумкин. <.> Ва иқтисодчини тайинлаш орқали у ҳар қандай ҳарбий ғалаба учун саноат қуввати муҳимлигини жимгина тан олди».

Reuters (Буюк Британия)

«Путинга жуда яқин экани маълум бўлган собиқ иқтисодиёт вазири Белоусов Россия етакчисининг кучли давлатни тиклаш тўғрисидаги қарашларига қўшилади, шунингдек Путиннинг катта инновацияларга интиладиган ва янги ғоялар учун очиқ бўлган етакчи технократлари билан ишлаган. Белоусов Россиянинг учувчисиз учиш аппаратлари бўйича дастурини яратишда муҳим рол ўйнаган. Элитани ғафлатда қолдирган бу силкиниш шуни кўрсатадики, Путин Украинадаги урушда саъй-ҳаракатларни икки баробар оширди ва Ғарбнинг унга санкциялар билан путур етказишга уринишлари ҳозирча бесамар қолаётганидан кейин Россия иқтисодиётининг катта қисмидан уруш олиб бориш учун фойдаланишни истамоқда».

Berliner Zeitung (Германия)

«Кремл таслим бўлишни хоҳламаяпти, кенг кўламли қайта қуролланишга ставка қўйиб, иқтисодиётни узоқ давом этадиган уруш эҳтиёжларига мослаштиришга эътибор қаратмоқда. Шу туфайли Андрей Белоусовнинг тайинланиши Украина учун, шунингдек Ғарб учун ўта хавотирли воқеа ҳисобланади».

Rzeczpospolita (Полша)

«Белоусовнинг вазифаси, шубҳасиз, мудофаа секторига ажратилган ресурслардан янада самарали фойдаланиш бўлади, айниқса, Шойгунинг яқин сафдоши, мудофаа вазири ўринбосари Тимур Иванов 11 миллион доллар миқдорида пора олишда айбланаётган фонда».

Xinhua (Хитой)

«Россия президенти Владимир Путин якшанба куни Россия хавфсизлик кенгаши котиби лавозимига ўтаётган Сергей Шойгу ўрнига собиқ биринчи вице-премьер Андрей Белоусов номзодини янги мудофаа вазири лавозимига илгари сурди. 65 ёшли Белоусов турли лавозимларни эгаллаган, жумладан президентнинг иқтисодий масалалар бўйича ёрдамчиси, иқтисодий ривожланиш вазири, Ҳукумат аппаратининг иқтисодиёт ва молия департаменти директори, Макроиқтисодий таҳлил ва қисқа муддатли прогнозлаш маркази бош директори».

Daily Sabah (Туркия)

«Кампаниянинг биринчи йилидаги қатор ҳарбий муваффақиятсизликлар, жумладан Украина пойтахти Киевни эгаллаш режаси барбод бўлиши ва Харкив области ҳамда Херсон областидан чекинишларга қарамай, Путин ҳозирга қадар Шойгуни қўллаб келаётганди <...> Ҳарбий таълимга эга бўлмаган Белоусов Путиннинг сўнгги ўн йилликлардаги энг нуфузли иқтисодий маслаҳатчиларидан бири бўлган».

Asharq Al-Awsat (Саудия Арабистони)

Шойгу ўзгартирилиши мумкинлиги ҳақида ўтган ойдаёқ гапира бошлашганди, ўшанда Россия ҳукумати унинг юқори мартабали ўринбосарларидан бирини коррупция айблови билан қўлга олганди. Унинг узоқ вақтдан буён Путиннинг иқтисодий масалалардаги энг ишонган маслаҳатчиларидан бири бўлган Белоусовга алмаштирилиши ҳам Кремлнинг Ғарб санкциялари шароитида Россия иқтисодиётини барқарор ушлаб туришдаги муваффақиятини кўрсатади. Бу ўзгариш Путин бешинчи муддатга Россия президенти лавозимига киришганидан бир ҳафта ўтмай содир бўлди.

Perfil (Аргентина)

«Путин иқтисодчи Андрей Белоусовни Шойгу ўрнига таклиф қилди. Бу қарор можаронинг муҳим палласида қабул қилинди — Россия қўшини Украина шарқида илгариламоқда ва сўнгги кунларда Харкивдан шимоли-шарқда янги ва муҳим қуруқлик амалиётини бошлади. Кампаниянинг биринчи йилидаги қатор ҳарбий муваффақиятсизликларга қарамай, Путин Шойгуни ҳозирга қадар қўллаб келаётганди. Кремл бу қарорни изоҳларкан, мудофаа вазирлигига инновациялар кераклигини билдирди».
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Z-каналлар ва жаҳон нашрлари Шойгу Белоусовга алмаштирилиши ҳақида нималар демоқда?