Осиё Чемпионлар Лигаси-2 мусобақасининг учинчи туридан ўрин олган “Андижон” – “Ал Холдия” (0:0) баҳсидан кейинги матбуот анжуманида мезбонлар бош мураббийи Максим Шацких жамоа ўйини, голсиз натижа ва келгуси режалар ҳақида батафсил фикр билдирди.
Максим Шацких учрашувда жамоасининг ҳаракати ва иштиёқидан мамнунлигини яширмади:
“Ҳамма кўрди, бугун футболчиларим ғалабага муносиб ўйин намойиш этишди. Ҳимояда ишончли, ҳужумда эса фаол ҳаракат қилдик. Дарвозани ишғол этиш учун етарлича имкониятлар яратдик, аммо омад етишмади. Учрашувдан сўнг барча футболчиларга миннатдорчилик билдирдим — уларнинг майдондаги кайфияти, ҳаракати ва ғалабага бўлган чанқоқлиги мени қониқтирди. Шу билан бирга, иккита очкони йўқотганимиз жуда афсусланарли. Олдимизда ҳали иккита муҳим баҳс бор, гуруҳдан чиқиш имконияти сақланиб турибди”, — деди у.
Шацкихдан жамоанинг учта ўйинда ҳам гол ура олмаётгани ҳақида сўрашганда, у ҳимоядаги ишончлиликни таъкидлади:
“Тўп киритолмаётган бўлсак ҳам, ҳимояда яхши ўйнаяпмиз. Ушбу учта баҳсда ҳам дарвозамиз дахлсиз қолди. Бу эса катта плюс. Аввалги ўйинда ‘Шўртан’ дарвозасига тўртта гол урган эдик, шундай экан, ҳужумда ҳам потенциалимиз бор. Умид қиламанки, кейинги турларда голлар келади.”
Мураббий иккинчи бўлимдаги алмаштиришлар ҳақида ҳам изоҳ берди:
“Дамир Темиров ва Дониёр Абдуманнопов катта ҳажмда ишладилар, улар рақибни кўп бора қийин ҳолатга солишди. Бироқ толиқиш ҳам бор эди. Шу боис уларни дам олиш учун алмаштирдик. Шу билан бирга, рақиб ҳам майдон марказига янги кучларни киритгани сабабли, биз ҳам марказдаги барқарорликни сақлаш мақсадида таркибни ўзгартирдик.”
Журналистлар жамоанинг илк 30 дақиқа давомида меҳмонларга ташаббус бериб қўйгани ҳақида сўрашди. Шацких бу ҳолатни тактик режа билан изоҳлади:
“Ҳа, рақиб аввалги қисмда кўпроқ тўпни назорат қилди, аммо бу улар устун бўлди, дегани эмас. Дарвозамиз олдида деярли хавф йўқ эди. Улар шунчаки тўпни кўпроқ айлантиришди, лекин амалда фаоллик кўрсатолмади. Биз эса тўпсиз ўйнаш орқали рақибни чарчатишни мақсад қилгандик. Улар толиққач, тезкор қарши ҳужумлар орқали устунликни олиш режаси бор эди. Бу — замонавий футболдаги реал ёндашув. Ҳатто “Манчестер Сити” ҳам баъзан ҳимояга йўналтирилган тактика билан ўйнайди. Бугун рақибнинг режаси фақат дуранг учун экани кўриниб турди. Улар натижадан мамнун бўлишди, биз эса ғалаба учун курашдик.”
Шацких сўзларини хулоса қилиб, жамоасининг руҳий ҳолати юқори эканини таъкидлади:
“Биз ҳали ҳеч нарсани йўқотмадик. Умид ва ишонч бор экан, ҳаракат қилишдан тўхтамаймиз. Футболда ҳар бир баҳс — янги имконият. Асосийси, жамоада иштиёқ ва ягона мақсад бор. Шундай бўлса, натижа ҳам узоқ куттирмайди.”
Бу баҳс орқали “Андижон” ўзининг гуруҳдаги имкониятларини сақлаб қолди. Энди жамоа кейинги икки учрашувда фақат ғалаба ҳақида ўйламоқда — улар учун ҳар бир очко ҳал қилувчи аҳамият касб этади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!