date

Али Ашур: “Андижон" мухлисларининг энергиясини ҳақиқатан ҳис қилдик

Али Ашур: “Андижон" мухлисларининг энергиясини ҳақиқатан ҳис қилдик

Осиё Чемпионлар Лигаси-2 мусобақаси доирасидаги “Андижон” – “Ал Холдия” (0:0) баҳсидан кейин Баҳрайн клуби бош мураббийи Али Ашур матбуот анжуманида жамоаси ўйини, рақибнинг фаоллиги ва "Андижон" мухлислари ҳақидаги таассуротларини баҳам кўрди.

Ашур жамоаси режа бўйича ҳаракат қилганини, аммо натижадан тўлиқ қониқмаганини таъкидлади:
“Бугунги баҳсда икки очко йўқотдик, десам хато бўлмайди. Ҳар икки жамоа ҳам ғалаба учун ўйнади, аммо дуранг — энг тўғри натижа бўлди. Биз ўйинни бошиданоқ назорат остида ушлашга уриндик, тўпни кўпроқ айлантирдик. Бироқ баъзида режалаштирган тактика доим ҳам иш бермайди. Майдон марказидаги устунликни бироз йўқотдик. Биринчи бўлимда рақибнинг 23-рақамли футболчиси (Дониёр Абдуманнопов) тезлиги билан катта хавф туғдирди. Шунинг учун танаффусда шогирдларимга қанотларда эҳтиёткор бўлишни уқтирдим. Иккинчи бўлимда шу йўналишда ишладик ва хавфни йўқотдик,” — деди у.

Мураббий жамоанинг илк бўлимда фаол, кейин пасайган ўйини ҳақида ҳам фикр билдирди:
“Дастлабки дақиқаларда футболчиларим гол уришга жиддий бел боғлашган эди. Аммо шошма-шошарлик баъзи кичик хатоларга олиб келди. Рақиб қанотлардан хавфли ҳужумлар бошлаганда, жамоамиз бироз эҳтиёткорликка ўтди. Бу сабабли биринчи бўлимнинг охирида тезлик пасайди. Танаффусда бу жиҳатни тузатдик.”

Ашур “Андижон” ҳақидаги олдинги фикрларини ҳам тасдиқлади:
“Учрашувдан олдин айтганимдек, ‘Андижон’дa тажрибали мураббий ва сифатли футболчилар бор. Улар ўз майдонида ишқибозлар қўллаб-қувватлови билан жуда фаол ҳаракат қилишди. Буни кутгандик ҳам. Айниқса, 23-рақамли ўйинчи ва жамоа сардори — 18-рақамли Дамир Темиров яхши ўйнашди. Улар алмаштирилганда ҳайрон қолдим, аммо ўрнига тушганлар ҳам ўз вазифасини яхши бажарди. Умуман олганда, рақибнинг тажовузкор ўйинига тайёр эдик.”

Бош мураббий жавоб учрашуви ҳақида ҳам фикр билдирди:
“5 ноябрда Баҳрайнда ‘Андижон’ни қабул қиламиз. Албатта, ўша ўйин бошқачароқ бўлади. Бироқ ҳозир барча эътиборимиз 29 октябр куни бўладиган ‘Ал Аҳли’га қарши учрашувга қаратилган. Шу баҳсни ортидан ‘Андижон’га қарши ўйин учун тайёргарликни бошлаймиз.”

Али Ашур Андижон мухлислари ва шаҳар муҳити ҳақида илиқ фикрлар билдирди:
“Бугунги мухлислар ҳақиқатан ҳам ажойиб эди. Уларнинг энергияси майдонда ҳис қилинди. ‘Бобур Арена’даги муҳит, стадион, шаҳар — ҳаммаси жуда ёқди. Андижондан катта таассуротлар билан қайтяпман. Таомлар ҳам, одамларнинг меҳмондўстлиги ҳам ажойиб. Баҳрайнда жавоб учрашувига келган ўзбек дўстларимизни худди шундай самимият билан кутиб оламиз.”

“Ал Холдия” бош мураббийининг бу сўзлари икки жамоа ўртасидаги ўзаро ҳурмат ва мусобақадаги рақобат маданиятини яна бир бор намоён этди. Андижон мухлислари эса бундай муносабат орқали ўз жамоасига бўлган меҳрни янада кучайтира олди.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Али Ашур: “Андижон" мухлисларининг энергиясини ҳақиқатан ҳис қилдик