
Фото: Ludovic Brucker
Оҳайо штати университети (АҚШ) олимлари Хитой ғарбидаги Ҳимолой тоғлари музида яширинган 1700 га яқин қадимий вирусни аниқлади. Уларнинг аксарияти илгари фанга номаълум эди. Бу ҳақдаги тадқиқот Nature Geoscience журналида (.pdf) чоп этилди.
Вирусли ДНК парчалари эриган Гулия музлигида топилди. У Тибет платосида, денгиз сатҳидан 7 километр баландликда жойлашган.
Илмий мақола муаллифларининг фикрича, бу вируслар сўнгги 41 минг йил ичида камида учта йирик иқлим ўзгаришидан омон қолган.
«Агар улар абадий музликларда шундай узоқ вақт яшай олса, бу ҳайвонлар ва одамлар юқтирган вируслар ҳам шундай оғир шароитларда ўз хусусиятларини сақлаб қолиши мумкинлигини кўрсатади», деди Жан-Мишел Клавери, Экс-Марсел (Франция) университети профессори.
Абадий музликларда қолиб кетган қадимий вируслар илгари дунёнинг бошқа жойларида, жумладан Сибирда ҳам топилган. Бу эса, улардан бири иқлим ўзгариши натижасида ажралиб чиқиши ва пандемияга олиб келиши мумкинлиги ҳақида хавотир уйғотади. Яхшиямки, Гулиядан топилган вируслар ҳайвонлар ёки одамларга эмас, балки бактерияларга юққан.
Энди олимлар вируслар об-ҳавонинг сезиларли ўзгаришларига қандай мослашгани ва эволюцияси ҳақида асосий тафсилотларни аниқламоқчи. Вируслардан бири тахминан 11,5 минг ёшда эканлиги аллақачон аниқланган.
Тадқиқотчилар, шунингдек, муз ядросидаги вирусларнинг тўртдан бир қисми бошқа жойлардан келган турларга мос эканини аниқлади. Кўринишидан, улар турли минтақалардан, жумладан, Арктикадан келган. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар