16:48 / 13.09.2024
56

Украинага Storm Shadow билан Россия бўйлаб зарба йўллашга рухсат берилди

Украинага Storm Shadow билан Россия бўйлаб зарба йўллашга рухсат берилди
Simon Dawson / Bloomberg / Getty Images
Буюк Британия Украина французлар билан ҳамкорликда ишлаб чиқарилган узоқ масофали Storm Shadow қанотли ракеталарини Россия ҳудудидаги нишонлар бўйлаб зарба бериш учун фойдаланишига рухсат берди, деб хабар қилган 11 сентябр куни The Guardian газетаси Британия ҳукуматидаги манбага таяниб. Бу борада ҳозирча расмий маълумот йўқ.

Storm Shadow — катта масофадаги нишонга етиб борувчи қанотли ракета бўлиб, Европанинг MBDA компанияси томонидан ишлаб чиқарилган. Француз-британ ишланмаси ҳисобланган бу қурол Буюк Британияда Storm Shadow, Францияда — SCALP деб аталади. Ракеталарнинг бир неча модификацияси мавжуд, жумладан, 560 километрдан ортиқроқ масофадаги нишонни ура оладигани ҳам. Украина Буюк Британия ва Франциядан 250 километрдан ортиқ радиусда ҳаракатланувчи ракеталарни қабул қилиб олган.

The Guardian бу ҳақда Буюк Британия ташқи ишлар вазири Дэвид Лэмми ва АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен Киевга ташриф буюрган кунда хабар берди. Ташриф вақтида улар Украина президенти Володимир Зеленский билан Ғарб етказиб берган узоқ масофали қуроллардан Россия ҳудудлари бўйлаб зарбалар йўллаш масаласини муҳокама қилишган. The Guardian манбаси қайд этишича, Блинкен ва Лэмми Storm Shadow бўйича ижобий қарор қабул қилингани учунгина Киевга биргаликда келишган. Газета қайд этишича, Лэмми қабул қилинган қарор ҳақида жамоатчиликка эълон қилишни истамаган, чунки унинг сўзлари ортиқча провокация деб ҳисобланиши мумкин. Нашр маълумотига кўра, катта эҳтимол билан, Украинанинг ракеталардан фойдаланиши «ўйловсиз ва кераксиз ҳужумлар олдини олиш учун» чекловларга дучор бўлиши мумкин.

Ғарб нашрлари 2023 йил майида, манбаларига таяниб, Буюк Британия уларни Россия ҳудудидаги объектлар бўйлаб зарба йўлламаслик шарти билан Украинага Storm Shadow ракеталарини етказиб беришга рози бўлгани ҳақида хабар тарқатганди. 2023 йил сентябрда Украина қуролли кучлари Storm Shadow ракеталарини 2014 йил Россия томонидан аннексия қилинган Севастополга зарба беришда қўллади.

АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен Киевга ташрифи чоғида Вашингтон Украинага Россия бўйлаб зарбалар беришда Американинг ATACMS баллистик ракеталаридан ҳам фойдаланишига рухсат бериши мумкинлигига ишора қилди. Блинкен Қўшма Штатлар «биринчи кунданоқ» Украина жанг майдонидаги вазият ўзгаришига қараб ўз сиёсатини мослаштиришга тайёр бўлганини айтди. «Биз буни давом эттирамиз», — деган у.

ATACMS — узоқ масофага ҳаракатланувчи оператив-тактик баллистик ракета бўлиб, HIMARS ёки MLRS баравар ўт очиш реактив тизимларидан учирилади. Ракетанинг ҳаракатланиш радиуси модификациясига қараб 150 дан 300 километргача етади. Унинг ишлаб чиқарувчиси — Американинг Lockheed Martin компанияси.

Блинкен Киевга ташрифидан кейин Украина ҳукумати позициясини АҚШ президенти Жо Байденга, Лэмми эса — Буюк Британия бош вазири Кир Стармерга етказишни ваъда қилди. АҚШ ва Буюк Британия етакчилари 13 сентябр куни Вашингтонда учрашишни режалаштирган.

Bloomberg хабарига кўра, Блинкен ва Лэмми Киевга ташриф чоғида Украинани 2025 йил учун узоқ муддатли режа ишлаб чиқишга ундаш ниятида бўлган. Агентлик манбалари АҚШ ATACMS ракеталарини Россиянинг ички ҳудудларига учиришига розилик беришдан олдин Украина ракеталар билан қандай объектлар ва нима учун нишонга олинишини батафсил баён этишини истаган. Bloomberg қайд этишича, АҚШ Ню Йоркда сентябр ойи охирида ўтадиган БМТ Бош ассамблеяси арафасида чекловларни олиб ташлаши «даргумон», шу билан бирга, Байден бу борадаги сиёсат тез орада ўзгариши мумкинлиги ҳақида гапириши мумкин. АҚШнинг узоқ масофага зарбалар бўйича позиция Ню Йоркдаги учрашувга қадар ўзгариши мумкинлиги ҳақида The Times ҳам Буюк Британия ҳукуматидаги манбага таяниб хабар тарқатган.

Кўплаб америкалик мулозимлар, жумладан президент Жо Байден ва мудофаа вазири Ллойд Остин можаро кескинлашувидан қочиш мақсадида Россия ичкарисига узоқ масофали қуроллар билан зарба беришга қўйилган чекловларни бекор қилишга қарши эди. Шу билан бирга, 2024 йил майида Байден Украинага Америка қуроллари билан Россиядаги нишонлар бўйлаб зарба йўллашга рухсат берди — аммо фақат Харкив области билан чегара яқинидаги ҳудудларга. Шундан кейин АҚШ президентининг миллий хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливан шу қарор туфайли Россиянинг Харкив томон юриши тўхтаб қолганини айтди.

Кремлдагилар Ғарб мамлакатлари ва Украина «камуфляжда муҳокама» олиб бормоқда, Россия ҳудуди бўйлаб зарбалар бериш бўйича қарор эса аллақачон қабул қилинган, деб ҳисоблайди. Бу ҳақда РФ президенти матбуот котиби Дмитрий Песков 12 сентябр куни «Известия» газетасига айтиб ўтди. Песковнинг сўзларига кўра, ғарб қуроллари билан Россияга зарба беришга йўл қўйилиши Москва томонидан «тегишли реакция»га сабаб бўлади. «Табиийки, бу коллектив Ғарб мамлакатлари Украина атрофида урушга жалб этилишини сезиларли даражада оширади», — деган Песков.

Бундан бир кун олдинроқ Кремл вакили АҚШ Америка ракеталари билан Россия бўйлаб зарба беришига қўйилган чеклов бекор қилиниши эҳтимоли борасида «ҳаммаёқда қандайдир жавоб кутиш керак эмаслиги»ни айтганди. «Махсус ҳарбий амалиётдаги ҳаракатларнинг ўзи жавоб ҳисобланади. Коллектив ғарб қабул қилаётган ва кейин Украина бажараётган бу каби ҳар бир қарор шунчаки махсус ҳарбий амалиёт тўғрилиги, зарурлиги ва бундан бошқа йўли қўйлигини яна бир бор тасдиқламоқда», — деган Песков.

Кейинроқ РФ президенти Владимир Путин ҳам Россияга юқори аниқликдаги Ғарб қуроллари билан зарба бериш НАТО урушда бевосита иштирок этишини англатиши ҳақида гапирди. Унинг сўзларига кўра, Украина Қуролли кучлари бундай зарбаларни амалга оширишга қодир эмас, бу фақат Украинада мавжуд бўлмаган НАТО сунъий йўлдошлари маълумотларидан фойдаланган ҳолда амалга оширилиши мумкин.

Бундан ташқари, Путиннинг фикрича, фақат алянс ҳарбий хизматчилари «ушбу ракета тизимларига парвоз вазифаларини юклаши мумкин». «[Биз бундай зарбаларга рухсат бериш қарори ҳақида гапирганда], НАТО давлатлари ҳарбий можарода бевосита иштирок этадими ёки йўқми, деган қарорни қабул қилиш ҳақида гапирамиз», деди Путин. Путин сўзларига кўра, агар қарор қабул қилинса, бу «можаронинг моҳиятини, табиатини ўзгартиради» ва бу НАТО мамлакатлари Россия билан уруш ҳолатида эканини билдиради.

Хабарларга кўра, Буюк Британия ва АҚШ, Россия ичкарисига ғарбнинг узоқ масофали қуроллари билан зарба бериш борасидаги муносабатини Эрон РФга ўз баллистик ракеталарини берганидан кейин ўзгартирган. Лондон ва Вашингтон вакиллари 10 сентябр куни Россия аллақачон Эрондан баллистик ракеталар партиясини қабул қилиб олгани ва катта эҳтимол билан яқин ҳафталар ичида улардан Украина бўйлаб зарбалар беришда фойдаланиши мумкинлигини айтишган. Блинкен Россия «Фатҳ-360» тизимининг максимал масофаси 120 километр атрофида бўлган баллистик ракеталарни олганини билдирган. The Times маълумотига кўра, Эрон биринчи партия доирасида 200 дан ортиқ ракета юборган. Буюк Британия ташқи ишлар вазири Дэвид Лэмми Киевда 11 сентябр куни ўтказилган матбуот анжуманида Эроннинг ҳаракатларини «жиддий ва хавфли эскалация» деб баҳолади.

Буюк Британия узоқ вақтгача АҚШ қаршилиги туфайли Украинага Storm Shadow ракеталарини РФ ҳудуди бўйлаб қўллашга рухсат бера олмай келмоқда, деб ёзганди британларнинг The Times газетаси 16 август куни. Манбаларга кўра, Лондон июл ойида Вашингтонга тегишли сўров юборган, аммо жавоб олмаган. Британия ҳукумати АҚШдан ташқари ракеталарнинг яна бир ишлаб чиқарувчиси Франция ҳамда НАТО аъзоси бўлган яна бир мамлакат (катта эҳтимол билан, ушбу ракета ишлаб чиқарилишида қатнашадиган Италия назарда тутилган) розилигини олиши талаб этиларди.

Буюк Британия расмийлари, британ ракеталари билан Россия ҳудудига зарба йўлланиши эҳтимолини изоҳларкан, бир неча бор Украина гуманитар ҳуқуққа риоя этиши лозимлигини таъкидлаганди. Июн ойида Буюк Британиянинг ўша вақтдаги бош вазири Риши Сунак La Repubblica билан суҳбатда, Украина ракеталардан «халқаро гуманитар қонунлар доирасида» фойдаланиши мумкинлигини айтганди. Июл ойидан Британия ҳукуматини бошқара бошлаган Кир Стармер Bloomberg нашрига ракеталар «халқаро гуманитар ҳуқуққа мувофиқ» ҳолда, шунингдек «мудофаа мақсадларида» қўлланиши лозимлигини таъкидлади.

Стармернинг бу баёнотидан кейин Буюк Британия мудофаа вазирлиги Украинага Storm Shadow ракеталаридан Россиянинг ичкари ҳудудларига зарбалар йўллаш учун фойдаланишга рухсат берилмаганини маълум қилди. Британиялик мулозимлар The Telegraph учун берган изоҳида Storm Shadow билан РФ ҳудудига зарбалар йўлланиши «урушда эскалацияга олиб келиши ва Буюк Британияни Россия билан можарога тортиши мумкинлиги»дан хавотирда эканликларини айтишган.

Франция ҳукумати расман Украинага SCALP ракеталаридан (Storm Shadow’нинг французча варианти) Россия бўйлаб зарбалар йўллашга рухсат бермаган, аммо Макрон Украина қуролли кучларига россияликларнинг ҳарбий базаларини «зарарсизлантириш»га имкон бериш кераклигини айтган. Франция президенти Эммануэл Макрон бу ҳақда май ойидаёқ гапирганди. «Биз уларга [Украинага] ракеталар учирилаётган ҳарбий базаларни бартараф этишга рухсат беришимиз лозим», — деганди Макрон.

Шундан кўп вақт ўтмай ҳарбий авиациянинг шахси сир тутилган зобити BBC билан суҳбатда Макроннинг сўзлари SCALP ракеталаридан Россия ҳудудлари бўйлаб фойдаланишга рухсат сифатида қабул қилинганини айтди. Нашр суҳбатдошининг сўзларига кўра, эндиликда Украина қуролли кучлари Курск ва Белгород областларидаги аэродромларга шундай ракеталар билан зарбалар бериш мумкин эди, аммо украин авиациясининг чекланган техник имкониятлари бундай зарбалар йўллашга имкон бермасди.

АҚШ расмийлари узоқ вақтгача Украинага ATACMS ракеталарини беришдан ҳам бош тортиб турган, Киев бундай ракеталарни урушнинг илк кунларидан бошлаб сўраган. 2023 йил октябрида Америка нашрларида тарқалган хабардан Украина АҚШдан MGM-140A Block I вариантидаги, кассетали ўқ-дориларга эга ҳамда учиш масофаси 160 километрга етувчи ATACMS ракеталарини олгани маълум бўлди. Украина қуролли кучлари 2023 йил 17 октябрида илк бор ATACMS’ни Россия қўшинларига қарши қўллаб, Луҳанск ва Бердянскдаги аэродромларга зарбалар йўллади. Аввалига АҚШ украин қўшини ракеталарни Россия ичкрисидаги нишонларга учириши ва бу эскалацияга олиб келишидан қўрқиб, бундай етказмаларга қарши эди.

Кейинроқ Украина учиш масофаси 300 километргача етувчи MGM-164A Block II вариантидаги ракеталарни ҳам қабул қилиб олди. Reuters агентлиги 2024 йил апрелида АҚШ бундай ракеталарни махфий равишда етказиб берганини хабар қилган. Украина қуролли кучлари уларни илк бор 17 апрелда қўллаб, Қримдаги ҳарбий аэродромга зарба берди. Шунингдек, Украина ATACMS’дан июн ойида Севастополга зарба беришда фойдаланди, кассетали ўқ-дориларнинг бир қисми пляжга тушди, ўшанда тўрт киши ҳалок бўлиб, 150 дан ортиқ киши яраланди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Украинага Storm Shadow билан Россия бўйлаб зарба йўллашга рухсат берилди