date

Ўзбекистон ўсмирлар футзалчилари Баҳрайнни 13:0 ҳисобида тор-мор этди

Ўзбекистон ўсмирлар футзалчилари Баҳрайнни 13:0 ҳисобида тор-мор этди

Баҳрайнда бўлиб ўтаётган III Ёшлар Осиё ўйинлари футзал мусобақаларида юртимиз ўсмирлар терма жамоаси навбатдаги ғалабасини қўлга киритди. Дилшод Раҳматов бошчилигидаги ўсмирлар жамоаси “А” гуруҳи 3-турида мезбон Баҳрайн билан баҳс олиб борди ва рақиб дарвозасини ҳақиқий гол ёмғирига тутди — 13:0!

Иса Таун шаҳридаги “Халифа спорт шаҳарчаси” спорт мажмуасида ўтган ушбу учрашувда майдондаги устунлик тўлиқ Ўзбекистон термаси томонида бўлди. Жамоа биринчи дақиқаларданоқ ҳужумкор услубда ҳаракат қилиб, рақибга имконият қолдирмади. Биринчи бўлим якунига қадароқ ҳисоб йирик кўриниш олиб, Баҳрайн жамоаси руҳан ҳам синиб бўлди.

Ўйинда Абдулборий Илёсов хет-трик қайд этди ва ўйиннинг энг яхши футболчиси сифатида тилга олинди. Низомиддин Зиёҳиддинов эса ажойиб ўйини билан ажралиб турди — у рақиб дарвозасига 4 та тўп киритди. Шунингдек, Азиз Жалолиддинов, Иззат Айтбаев (2 та), Тимур Каллибеков ҳамда Иззатилла Ғуломов (2 та) ўз ҳиссаларини қўшишди.

Баҳрайн-2025. III Осиё ўйинлари

"А" гуруҳи. 3-тур

Иса таун шаҳри. "Халифа спорт шаҳарчаси" спорт мажмуаси

Баҳрайн – Ўзбекистон 0:13

Голлар: Абдулборий Илёсов (3 та), Низомидин Зиёҳиддинов (4 та), Азиз Жалолиддинов, Иззат Айтбаев (2 та), Тимур Каллибеков, Иззатилла Ғуломов (2 та)

Бундай натижа нафақат мухлисларни, балки жамоа мураббийлар штабини ҳам руҳлантирди. Дилшод Раҳматов ўйиндан сўнг шогирдларини олқишлаб, уларнинг интизоми ва тактик йўналишга риоя этганини юқори баҳолади. “Биз ҳар бир рақибни ҳурмат қиламиз, аммо майдонда ўз ўйинимизни намоён этамиз. Йигитларим жуда яхши ҳаракат қилишди, энди асосий синов — плей-оффда”, — деди у.

Мусобақа жадвалига кўра, бу ғалаба билан Ўзбекистон ўсмирлар термаси “А” гуруҳида илк иккиликдан жой олиб, кейинги босқичга чиқди. Энди жамоамиз плей-оффда Эрон билан тўқнаш келади. Бу учрашув 28 октябрь куни бўлиб ўтади ва жуда кескин курашларга бой бўлиши кутилмоқда.

Плей-офф босқичига чиққан жамоалар:

  • Афғонистон – Таиланд
  • Эрон – Ўзбекистон

Эрон термаси ҳам ўз гуруҳида кучли ўйин кўрсатиб, фаворитлардан бири сифатида плей-оффга чиққан. Шу сабабли, бу икки жамоа ўртасидаги беллашув ҳақиқий финалга монанд бўлиши тахмин қилинмоқда.

Футзал экспертларининг фикрича, Ўзбекистон ўсмирлар жамоаси бугунги ҳолатда жуда яхши спорт формасида ва жамоавий ўйин жиҳатдан катта ўсиш кўрсатмоқда. Улар нафақат тезлик, балки тактик мослашув бўйича ҳам юқори даражада ҳаракат қилмоқда.

Шу тариқа, Дилшод Раҳматов шогирдлари Баҳрайндаги мусобақани жуда кучли тарзда давом эттирмоқда. Йирик 13:0 ҳисобидаги ғалаба эса уларнинг плей-оффда ҳам жуда жиддий рақиб бўлишини англатади. Мухлислар эса эндиликда 28 октябр куниги Ўзбекистон – Эрон баҳсини катта қизиқиш билан кутмоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Ўзбекистон ўсмирлар футзалчилари Баҳрайнни 13:0 ҳисобида тор-мор этди