23:30 / 02.11.2024
30

Бангладешнинг сифати кафолатланмаган баъзи дорилари Осиё бозорларини эгалламоқда

Бангладешнинг сифати кафолатланмаган баъзи дорилари Осиё бозорларини эгалламоқда
Фото: REUTERS/Tom Little
Бир йилдан кўпроқ вақт олдин Янги Зеландия божхона ходимлари Бангладешнинг унчалик машҳур бўлмаган Incepta Pharmaceuticals компанияси томонидан ишлаб чиқарилган Fitaro ва Orsema инъекцион дори воситаларини тўхтатиб қолди.

Чегарада олиб қўйилган 14 та инъекция ручкаси таркибида қондаги шакар миқдори ва иштаҳани назорат қилишга ёрдам берувчи семаглутид мавжуд бўлиб, у Novo Nordisk компанияси дорилари таркибининг асосини ташкил қилади. Янги Зеландиянинг Medsafe дори воситаларини тартибга солувчи ташкилоти маълумотларига кўра, гап Ozempic ва Wegovy препаратлари ҳақида кетмоқда.

Reuters маълумотларига кўра, Incepta дори воситалари Осиё таъминот занжирининг бир қисми бўлиб, компания Ozempic препаратининг нусхасини ишлаб чиқаради ва дунё бўйлаб экспорт қилади. Бу биринчи навбатда ушбу дорига глобал талабнинг ўсиши билан боғлиқ.

Ozempic 2-тур диабетни даволаш учун ишлаб чиқилган, аммо унинг фаол моддаси семаглутид вазн йўқотишда самарали. Novo Nordisk компанияси Wegovy препарати билан бозорнинг ушбу сегментини мўлжалга олган. Бундай вазн йўқотиш воситалари бозори 2030-йилларда 150 миллиард долларга етиши кутилмоқда.

Reuters текширувига кўра, Incepta томонидан Осиёда ишлаб чиқарилган камида 106 мингта пакет семаглутид препаратлари 12 та чет эл бозорига, шу жумладан Ўзбекистонга ҳам жўнатилган (Orsema номи билан).

Қайд қилинишича, Бангладеш назорат органлари Fitaro ва Orsema препаратларини экспорт қилишга рухсат берган, аммо фақат қабул қилувчи мамлакатларнинг розилиги билан. Янги Зеландияда фойдаланиш учун рухсат этилмаган инъекция ручкалари 2023 йил августидан 2024 йил майигача Medsafe компаниясига топширилган ва йўқ қилинган.

Medsafe компанияси Янги Зеландияга кириб келган Fitaro ва Orsema препаратлари шахсий фойдаланиш учун мўлжаллангани, аммо бу дорилар соғлиқ учун хавф туғдириши ҳақида изоҳ беролмаслигини маълум қилган.

Reuters ўрганган маълумотлар Австралия, Бразилия, Янги Зеландия ва Қўшма Штатлардаги фармацевтика регуляторларидан, Кения, Ўзбекистон, Венесуэла, Ҳонконг ва Бирлашган Араб Амирликларининг божхона маълумотларидан, шунингдек, Буюк Британия, Швейцария ва Ирландиядан мусодара қилинган дори-дармонлар ҳақидаги ёзувлардан олингани таъкидланмоқда.

Novo Nordisk компаниясининг Reuters агентлигига маълум қилишича, у семмаглутиднинг дунёдаги ягона тасдиқланган ишлаб чиқарувчиси ҳисобланади ва бошқа компаниялар томонидан ишлаб чиқарилган, таркибида семаглутид борлиги даъво қилинган маҳсулотларнинг хавфсизлиги ёки самарадорлигини кафолатлай олмайди.

Novo Nordisk семаглутиди халқаро лицензиялар билан ҳимояланган бўлса-да, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан ривожланаётган давлатлар сифатида таснифланган Бангладеш ва Лаос каби мамлакатлар соҳанинг патент қоидаларидан озод қилинган.

Қайд қилинишича, препаратларнинг бундай нусхалари тарқалиши соғлиқни сақлаш соҳасида ташвиш уйғотади. Дори-дармонларнинг регуляторлари ёзувлари ва Reuters сўровларига регуляторларнинг жавобларига кўра, камида олтита давлат, жумладан Қўшма Штатлар, Буюк Британия ва Ирландиядаги регуляторлар Incepta компаниясининг баъзи семаглутид препаратларини рад этган, йўқ қилган ёки мусодара қилган.

Яна бир ҳолатда, Жанубий Африканинг маҳаллий регулятори «соғлиқ учун эҳтимолий хавфлар» туфайли тасдиқланмаган семаглутид савдосини тақиқлаган. Унинг таркибидаги ингредиент Ozempic препаратини ишлаб чиқариш учун рухсатномага эга бўлмаган Хитой компанияси томонидан ишлаб чиқарилгани таъкидланмоқда.

«Ушбу тасдиқланмаган моддада топилганлиги гумон қилинган семаглутид беморларга номаълум таъсир кўрсатиши мумкин бўлган кутилмаган аралашмалар ёки парчаланиш маҳсулотларини ўз ичига олиши мумкин», дейилади хабарда.

Reuters агентлиги ушбу препаратларнинг беморларга зарар етказиши мумкинлиги ҳақида далилларга эга эмаслигини таъкидламоқда. Бироқ уларнинг кўпайиб бориши «аҳоли саломатлигига бўлган таҳдидлар бўйича хавотирларни кучайтириши мумкин».

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Бангладешнинг сифати кафолатланмаган баъзи дорилари Осиё бозорларини эгалламоқда